18 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, беш турдаги давлат хизматлари проактив форматга ўтказилади. Бу жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган давлат хизматлари деганидир.

Қуйидаги хизматларни проактив тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда:

  • электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • табиий газни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
  • хусусий бандлик агентликларини Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш.

Давлат хизматлари агентлигининг қайд этишича, даврий қиёслашдан ўтказиш муддатидан 3 ой олдин ваколатли орган ходимлари томонидан ҳисоблагичлар олиб кетилади ва қиёслашдан ўтказилиб, қайта ўрнатиб берилади.

«Сув, газ ва электр энергияси ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш учун қайғурманг! Эндиликда, ушбу ҳисоблагичлар ваколатли органлар томонидан ташаббус асосида қиёслашдан ўтказилади», — дейилади хабарда.

Яна олтита хизмат жисмоний ва юридик шахсларнинг битта мурожаати асосида ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган икки ва ундан ортиқ давлат хизматларини бирлаштирувчи композит тарзда кўрсатилади:

  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ушбу манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
  • кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш ва ушбу манзилга вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйиш;
  • давлатга тегишли бино ёки иншоотни бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • E-auksion электрон савдо платформасида кўчмас мулк объектларини сотиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • тиббий фаолият учун лицензия билан бирга рентген ускунасидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш;
  • хавфли юкларни ташиш учун сиғимларнинг яроқлилиги тўғрисида хулоса билан бирга ядровий ва радиоактив материаллар, радиация манбалари, радиоактив чиқиндилар ва қурилмаларни ташиш шартлари ва усулларининг санитария қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш.

Бундан ташқари, қуйидаги 2 турдаги рухсат этиш хусусиятига эга давлат хизматларини кўрсатиш паспортлари тасдиқланди

  • махсус киритиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик воситалар ва материаллар полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотини олиб кириш ҳамда ишлаб чиқариш учун рухсатнома;
  • маданий бойликларни Ўзбекистондан олиб чиқиш ёки вақтинча олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат олиш.

Қуйидаги 3 турдаги фаолият турларини хабардор этишни назарда тутувчи давлат хизматларини кўрсатиш паспортлари тасдиқланди:

  • божхона брокери фаолияти;
  • халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолият;
  • нодавлат архивларни ташкил этиш бўйича фаолият.

Шу муносабат билан, белгиланган нодавлат архивлар фаолиятини ташкил этишга доир ортиқча тартиблар бекор қилинди.