Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева 83 ёшда вафот этди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Шафоат Раҳматуллаева 1941 йилнинг 4 январида Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Навбаҳор қишлоғида туғилган. У ўрта мактабни тугатгандан кейин педагогика билим юртига ўқишга кириб, дастлаб мактабда бир йил ўқитувчи бўлиб бошланғич синфларга дарс берган.
1963 йилда театр ва рассомчилик олийгоҳининг мусиқали драма факультетига ўқишга кирган. Турли йилларда кўплаб спектакллар билан бир қаторда, «Масхарабоз», «Севгинатор», «Севгинатор-2», «Эр бермоқ — жон бермоқ», «Чашма», «Мафтун бўлдим», «Ўзимдан ўзимгача», «Фидойилар», «Пойга», «Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб», «Ҳоким бува» каби фильмларда суратга тушган.
«Шафоат Раҳматуллаева театр ва кино санъатини ривожлантиришда фидокорона хизмат қилиб, жонкуяр ва самимий инсон сифатида барчамизнинг қалбимизда мангу яшайди», — дейилади хабарда.