Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги Қирққизобод қишлоғида оч бўрилар кезиб юргани ҳақида видеомурожаат тарқалди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу маълумотга изоҳ берди.

Қирққизобод қишлоғи тоғли ҳудудда жойлашгани боис ҳар қишда, айниқса, тоғларга қор тушганда, аҳоли яшайдиган жойларга ёввойи ҳайвонлар, жумладан, бўрилар кириб келади, дея тушунтирди ҳокимият.

«Бугун эрта тонгдан бошлаб ёввойи ҳайвонларни тутувчи махсус гуруҳ ҳудудга жалб этилди. Ҳозирда бўриларни қидириш ва уларни зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Қўлга олинган бўриларни ҳайвонот боғига жўнатиш режалаштирилган, у ерда уларнинг табиий яшаш жойларига яқин шароитлар яратилади, дейилади Пискент тумани ҳокимлиги хабарида. Қайд этилишича, шу кунгача маҳаллий аҳолига ҳеч қандай зарар етмаган.