Ушбу суҳбат дастлаб 2024 йил 30 октябрда рус тилида эълон қилинган.

Технологиялар соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича Women in Tech халқаро тармоғи Ўзбекистонда 2024 йилнинг 2 мартидан ўз фаолиятини бошлаган эди. Лойиҳага 2018 йилда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳаси мутахассиси Аюми Мур Аоки асос солган. Дастлаб у кўнгиллилар ҳаракати сифатида ташкил этилган ва 2030 йилгача фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика (STEAM) соҳаларида 5 млн хотин-қизни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

Бугунга келиб Women in Tech (WIT) ваколатхоналари дунёнинг 60 мамлакатида фаолият юритмоқда ва 300 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган. Тармоқ ҳар йили халқаро мукофотлар таъсис этади, саммитлар ўтказади.

Ўзбекистон ушбу ташаббусни қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакат бўлди. Аюми Мур Аокининг сўзларига кўра, Ўзбекистон тўғри технологик йўналишда ривожланяпти ва гендер тенглигини таъминлаш, STEAMʼда хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларни бу соҳада қўллаб-қувватлашга интилмоқда. «Газета.uz» Аюми Мур Аоки билан Ўзбекистонда глобал ҳамжамиятни ривожлантириш ва аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳақида суҳбатлашди.

women in tech, аёллар, аюми мур аоки

— Women in Tech қандай соҳаларни қамраб олади? Ушбу ташаббусда қайси касб ва қизиқишларга эга аёллар ўз лойиҳалари билан иштирок этиши мумкин?

— Women in Tech тўртта асосий йўналишга таянади: таълим, бизнес, рақамли инклюзия ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш. Бу йўналишлар иштирокчиларга STEAMʼда карьера қуриш учун тегишли кўникмаларни ўргатишда комплекс ёндашувни қўллайди ва барча учун рақамли имкониятлардан фойдаланишни таъминлайди. Шунингдек, улар етакчи аёллар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди ҳамда технология соҳасидаги гендер стереотипларни бартараф этишга ёрдам беради.

Сўнгги йилларда биз киберхавфсизлик ва сунъий интеллектга алоҳида эътибор қаратяпмиз, чунки келажакда бу соҳа мутахассисларига талаб юқори бўлади.

Асосий вазифамиз — аёлларнинг тўртинчи саноат инқилобидаги иштирокини таъминлаш. Шу сабабли, касби ва қизиқишларидан қатъи назар, барча аёллар лойиҳада иштирок этишга таклиф этилади.

— Аёллар қандай қилиб Women in Tech лойиҳаси иштирокчисига айланади ва бунинг учун нима қилиш керак?

— Women in Tech жамоаси барчага очиқ. Иштирок этиш бепул. Жамоага қўшилиш учун сайтимизда рўйхатдан ўтиш кифоя. Рўйхатдан ўтгач, сиз Women in Tech платформасига кириш имконига эга бўласиз. Платформа ёрдамида дунёнинг турли бурчагидан бўлган иштирокчилар билан танишиш, маҳаллий ва онлайн тадбирларда қатнашиш, шунингдек, таълим дастурлари ва менторликдан фойдаланиш мумкин. Биз кўнгилли ва амбассадор бўлиш истагида бўлган барчани мамнуният билан кутиб оламиз.

— Ташкилот Ўзбекистон аёлларига қандай ёрдам кўрсатяпти?

— Тошкент ва Самарқандга борганимда Ўзбекистон аҳолиси асосан ёшлар эканини пайқадим. Уларга технология соҳасидаги ўз қизиқишларини амалга ошириш учун — киберхавфсизлик бўладими, маркетинг, коммуникация ёки дизайн бўладими, фарқи йўқ — янги воситалар, кўникмалар ва ресурслар керак.

women in tech, аёллар, аюми мур аоки

Women in Tech аёлларга ўзлари чинакамига қизиққан йўналишни танлаш ва унда ривожланиш имкониятини беради — кўникмаларни ўзлаштиришдан тортиб то карьера қуришгача. Айниқса, сунъий интеллект ва блокчейн каби замонавий ва истиқболли технологиялар долзарб. Шунга қарамай, танлов ҳар бир иштирокчининг шахсий интилишлари, истеъдоди ва қизиқишларига боғлиқ.

— Глобал ва маҳаллий даражада ташкилот иқтисодиёти қандай шаклланади? Глобал ва миллий жамғармалар маблағлари қандай сарфланади?

— Women in Tech лойиҳасини молиялаштириш анча мураккаб масала, чунки ташкилот тўлиқ мустақил. Бунинг ўзига хос сабаби бор: биз сиёсий, давлат ва диний тузилмалардан мустақил қолишни истаймиз. Шунинг учун биз фақат хусусий компаниялар билан ҳамкорлик қиламиз, бу бизнинг барқарорлигимизни таъминлайди. Ҳомийлик доирасида кундузги дастурлар, компанияларга ташрифлар ва бошқа лойиҳаларни амалга оширамиз. Бу бизга асосий эҳтиёжларни қоплаш учун, тўлиқ бўлмаса-да, маълум даражада молиявий барқарорлик беради.

Барча маҳаллий бўлинмаларимиз кўнгиллилар ва ҳамкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Уларнинг ёрдамида биз аёлларни технологияларга ўргатиш учун хавфсиз муҳит яратамиз, менторлик дастурлари ва таълим лойиҳаларини йўлга қўямиз, тажриба алмашиш учун кенг кўламли тадбирлар ташкил этамиз ва иштирокчиларга ўз салоҳиятини намоён этишга кўмаклашамиз. Бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 80 мингдан ортиқ аёлни ўқитдик ва Жанубий Африка ҳамда Бразилияда учта ўқув маркази очдик.

Миллий даражадаги лойиҳаларни молиялаштириш учун алоҳида шартномалар тузилади. Шартлардан келиб чиқиб, компания дастур учун фақат Тошкент шаҳрига ёки бутун Марказий Осиёга маблағ ажратиши мумкин. Компания билан инвестиция миқдори ва кутилаётган натижалар кўрсатилган шартнома имзоланади. Барча харажатлар синчковлик билан назорат қилинади ва ҳужжатлаштирилади, бу эса натижалар ва жамиятга таъсири тўғрисида шаффоф ҳисоботларни таъминлайди.

— Ташкилот Ўзбекистонда қай даражада қўллаб-қувватланмоқда?

— Шуниси қувонарлики, Ўзбекистондаги жамоа ўз фаолиятини бошланганидан бери ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова жамоанинг барча асосий ташаббусларида фаол иштирок этяпти ва Ўзбекистон ҳудудида ташкилотимиз ҳомийси ҳисобланади. Бундан ташқари, 19 октябрда Women in Tech ва маҳаллий компаниялар ўртасида бир қатор меморандумлар имзоланди. Бу компаниялар аллақачон ҳамжамиятни турли йўналишларда, хусусан, ресурслар, тадбирлар, таълим, ахборот тарқатиш ва бошқалар борасида қўллаб-қувватлашни бошлади.

Women in Techʼни доимий равишда қўллаб-қувватлайдиган компаниялар орасида Ўзбекистон Фин-Тех Ассоциацияси, IT Community of Uzbekistan, Uzum, UzInfocom, IT Park, ITCOMMS, IMPACT.T, IT Park University, TBC бор. UzInfocom кўмагида «Аёл йўли» қисқа метражли фильмининг биринчи қисми олинди. У STEM соҳасида қизларнинг ота-оналар томонидан қўллаб-қувватланишининг аҳамиятига бағишланган.

women in tech, аёллар, аюми мур аоки

— Ташкилот Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) соҳасида қайси мақсадларни амалга оширишга интиляпти?

— Биз Барқарор ривожланишнинг бир неча мақсадларига эътибор қаратяпмиз, уларнинг асосийси — 5B БРМ. У технология ва инновациялар соҳасида аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Биз аёлларнинг STEM соҳаларида лойиҳаларни бошқаришлари, янги инновацияларда иштирок этишлари, етакчи лавозимларни эгаллашларига эътибор қаратамиз. Бу мақсадларга тўртта асосий йўналиш доирасида эришиш мумкин: таълим, тадбиркорлик, фан ва инновациялар ҳамда ижтимоий инклюзивлик.

— Аёлларнинг раҳбарлик лавозимларида тажрибаси кам ва, бизнес нуқтаи назаридан, энг самарали ходим — эркакни танлаш афзалроқ бўлгани учун уларга ўзларини намоён қилиш имкониятини беришдан маъно йўқ, деган фикр бор. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Шуни тушуниш муҳимки, эркаклар ва аёлларга нисбатан ёндашувлар ва қарашлардаги тафовут кўпинча болаликдан — болалар учун танланадиган ўйинчоқлардан бошлаб шаклланади. Бу фарқлар аёлларни раҳбарлик лавозимларида чеклаш учун асос бўлмаслиги керак. Эркаклар ва аёллар биргаликда ишлаганда, уларнинг ўзига хос ёндашувлари ва ғоялари лойиҳаларни янада муваффақиятли ва креатив қилади. Ҳамкорликда ишлаш кенгроқ фикрлашга ва юқори натижаларга эришишга имкон беради. Раҳбарликда аёлларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга, чунки айнан раҳбарлик корпоратив маданиятни белгилайди ва ўзгаришларни бошқаради. Раҳбарлик лавозимларидаги аёллар хилма-хиллик бизнес учун фойдали эканлигини ҳамда ишонч, малака ва воқеалар ривожини олдиндан кўра билиш қобилиятига эга ҳолда бошқаришга қодир эканликларини исботламоқда.

Сунъий интеллект каби янги технологияларнинг кириб келиши билан аёлларнинг бошқарувдаги иштирокининг аҳамияти янада ортяпти, чунки сунъий интеллект нохолис бўлиши мумкин. Бу стереотипларни енгиб ўтиш ва адолатли қарорлар қабул қилиш учун инсоннинг иштироки талаб этилади. Шунинг учун бизга жамиятнинг фақат бир қисми эмас, балки компания ривожланишида иштирок этувчи барча аъзолар томонидан қабул қилинадиган қарорлар керак.

— Аёлларнинг қандай манфаатларини ҳимоя қилиш керак ва улар ўртасида глобал умумий манфаатлар борми?

— Кўплаб мамлакатларда умумий манфаатлар ва чақириқлар мавжуд. Булар хотин-қизлар учун касб танлашдаги стереотиплар, онгсиз равишда шаклланган нотўғри қарашлар ва чекловларни бартараф этишдир. Бироқ Ўзбекистондаги ёшларнинг маданий меросни ва ўзлигини сақлаган ҳолда келажакка қараб яшаётгани мени ҳайратга солмоқда. Улар анъаналарни инновация ва технологияларга интилиш билан уйғунлаштиришга қодир. Айниқса, қизлар вазминлик ва камтарликни сақлаб қолгани ҳолда, ўзларига ишончи ортиб, етакчилик лавозимларига интилаётгани илҳомлантиради. Уларнинг ўзгаришларга тайёрлиги ва ривожланишга интилишининг гувоҳи бўлиб турибман.

women in tech, аёллар, аюми мур аоки

— Women in Tech фаолияти ўғил болалар ва эркаклар ҳаётига таъсир қиладими?

— Women in Tech — бу шунчаки аёллар ташаббуси эмас, балки жамиятнинг барча аъзоларига фойда келтирадиган ва умуман мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган ҳаракатдир. Технологик соҳада хотин-қизларнинг кўпайиши кўп жиҳатдан ижобий ўзгаришларни юзага келтиряпти. Аралаш жамоалар томонидан бошқариладиган стартаплар ва компаниялар яхшироқ молиявий натижаларга эришмоқда ва янада муваффақиятли бўлиб боряпти.

Таълим ва шахсий ривожланиш соҳасида касбий ўсиш учун янги уфқлар очиляпти ва бу имкониятлар жинсидан қатъи назар барча учун очиқ. Айниқса, болаларнинг оналари инновациялар ва машаққатли меҳнат орқали жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасига гувоҳ бўлишлари муҳим аҳамиятга эга. Кейинчалик бу уларда тенг имкониятлар ва касбий ривожланишнинг қадриятлари борасида тўғри тушунчаларни шакллантиради.

Ҳам ота, ҳам онанинг муайян касбда ўзини намоён қилиши оилани нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бойитади. Янада мувозанатлашган ижтимоий муҳит шаклланиб, оилаларнинг иқтисодий фаровонлиги яхшиланиши келгуси авлодлар тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади. Шу тариқа, Women in Tech фаолияти ҳар бир киши ўз салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган янада илғор ва фаровон жамият қурилишига ҳисса қўшмоқда.