Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти қулаб тушди. Маълумотни Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

«Ақтау шаҳри яқинида Боку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган самолёт ҳалокатга учради. Бу самолёт Azerbaijan Airlines компаниясига тегишли», — дейилади хабарда.

Грознийдаги туман туфайли самолёт Махачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилган, деб хабар берди Чеченистон пойтахти аэропорти матбуот хизмати РИА Новости нашрига.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, самолёт қулаган жойга Қозоғистон ФВВнинг 52 нафар шахсий таркиби ва 11 та техникаси етиб борган.

«Боргач, самолёт ёнаётгани аниқланди. Қутқарув бўлинмалари ёнғинни ўчиришга киришган. Ҳозирда жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда, дастлабки маълумотларга кўра, тирик қолганлар бор», — дейилади вазирлик хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова олт6и нафар тирик қолганларнинг аҳволи «ўта оғир» эканини маълум қилди. Кейинроқ 12 киши (улардан бири бола) турли даражадаги тан жароҳатлари билан самолёт қулаган жойдан Ақтаудаги Манғистау вилояти шифохонасига етказилгани маълум бўлди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Бортда экипаж аъзолари (5) билан бирга 67 киши бўлган. Воқеа жойида 14 та тез ёрдам бригадаси ишламоқда.

Соат 13:03 да ФВВ жабрланганлар бўйича маълумотлар аниқлаштирилганини маълум қилди. «25 нафар тирик қолганлар бор, улардан 22 нафари шифохонага ётқизилган. Жами 150 нафар шахсий таркиб, 45 та техника жалб этилган», — дейилади хабарда.

Baza самолёт бортида бўлган йўловчиларнинг тўлиқ рўйхатини келтирди.

Tengrinews маълумотларига кўра, самолёт бортида Озарбайжоннинг 37 нафар, Россиянинг 16 нафар, Қозоғистоннинг 6 нафар, Қирғизистоннинг 3 нафар фуқароси бўлган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан махсус комиссия тузилди. Унга бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев бошчилик қилади, деб ёзди Tengrinews.kz.

Маълум қилинишича, Озарбайжон президенти фожиа фонида Россиядан Бокуга қайтмоқда. Илҳом Алиев МДҲ саммити учун кетганди.

Ҳодисага оид видеолар: