20 декабрь куни «E-auksion» платформасида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги «Аския» бозори ҳудуди, бино ва иншоотлари учун ўтказилган аукцион якунланди.
Икки қатнашчи иштирокидаги аукцион 15 дақиқа давом этди ва Sheng Ke-International компаниясидан 225,59 миллиард сўм ёки бошланғич нархдан 5 фоизга юқори бўлган ягона ставкадан сўнг якунланди.
Очиқ маълумотларга кўра, компания жорий йилнинг 23 май куни рўйхатдан ўтган ва ихтисослаштирилган қурилиш ишлари билан шуғулланади. Устав фонди 68 млрд сўмни ташкил этади. Ягона таъсисчиси Қозоғистондаги худди шу номдаги МЧЖ, раҳбари эса Чэнь Майцюань (Чен Маиқуан) кўрсатилган.
Ўтган ҳафта «Янги Тошкент» лойиҳаси дирекцияси янги шаҳар қурилиши билан боғлиқ лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Sheng Ke-International раҳбарияти билан учрашди. Компания вакиллари шаҳар инфратузилмаси, иқлим ўзгаришига мослашиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва барқарор ривожланиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, дейилади учрашув хабарида.
Реконструкция тўғрисида
Ноябрь ойида бозор акциядорлари бошланғич қиймати 214,85 млрд сўм (тахминан $16,8 млн) бўлган лотни ҚҚС билан бирга савдога чиқарди.
Харидор бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни реконструкция қилиши ва унинг ҳудудида замонавий савдо-маиший мажмуа, жумладан, майдони камида 3000 кв.м бўлган экобозор, 1200 кв.м бўлган совутиш омбори ва биринчи қаватда камида 400 машинага мўлжалланган автотураргоҳ ташкил этиши керак бўлади.
Қурилиш тугагандан сўнг тадбиркор бозор акциядорларига уларнинг нархидан қатъи назар, умумий майдони 42 сотих бўлган экобозор, музлаткичли омборхона ва автотураргоҳни бериши керак. Натижада қолган 1,4 гектар майдонни ўз хоҳишига кўра тасарруф эта олади.
Бош режа (лойиҳа концепцияси) қурилиш ишлари бошлангунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан албатта келишилади. Бунда ҳудудда жойлашган қишлоқ хўжалиги бозори лойиҳа ҳудуди доирасида фақат ишлар бошланганидан сўнг далолатнома асосида бошқа жойга кўчирилиши мумкин.
Мажмуада қурилиш ишлари қишлоқ хўжалиги бозори фаолиятига таъсир кўрсатмасдан, унинг тўлиқ функционаллигини сақлаб қолган ҳолда амалга оширилиши лозим. Қурилиши якунлангач, уни босқичма-босқич экобозор ҳудудига ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, инвестор бозор ҳудудида хусусий мулк эгалари билан музокаралар олиб бориши ва компенсациялар бериши ёки улар билан келишилган ҳолда эквивалент майдонлар ажратиши шарт бўлади.
16 ноябрь куни Яккасарой тумани ҳокимлиги томонидан бозорни реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилди. Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг айтишича, бозор замонавий талабларга жавоб бермайди, савдо расталарининг очиқ ҳавода жойлашуви ноқулай об-ҳаво шароитида ташриф буюрувчиларга ноқулайлик туғдиради, автотураргоҳ, бозорга кириш-чиқиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
У эскирган бозорни қайта қуриш бўйича музокаралар олиб борилаётганини ва бир нечта инвесторлар ўз таклифларини тақдим этганини айтди. Лойиҳа доирасида 150 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида тўрт юлдузли меҳмонхона ва йирик савдо маркази қуриш, скамейкалар, эскалаторлар, велотураргоҳлар, ҳожатхоналар ва Wi-Fi зонасига эга яшил ҳудуд яратиш режалаштирилган.
«Gazeta.uz» аввалроқ «Аския» бозорида режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида сотувчилар ва харидорларнинг фикрини эълон қилганди.