Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines йўловчи самолётининг қулаши оқибатида кўплаб қурбонлар бўлгани муносабати билан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Давлатимиз раҳбари барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишларини тилади», — деди Асадов.

Аввал хабар қилинганидек, Azerbaijan Airlines`нинг Боку-Грозний рейси Ақтауда ҳалокатга учраганди. Самолёт бортида экипаж аъзолари билан бирга 67 киши бўлган. Уларнинг 37 нафари Озарбайжон, 6 нафари Қозоғистон, 3 нафари Қирғизистон, 16 нафари Россия фуқаролари.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 29 киши, жумладан, 2 бола тирик қолган, уларнинг барчаси шифохоналарга етказилган.