Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»га давлат кафолати остида 66,4 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда, деб хабар берди ЕТТБ «Газета.uz»га.

Маблағлар Хоразм вилоятидаги Саримой ва Навоий вилоятидаги Мурунтов аҳоли пунктлари ўртасида 230 км узунликдаги 500 кВ электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади.

Лойиҳа энергия тизимидаги «тор жойлар»ни бартараф этишга ва электр таъминотидаги узилишларни, айниқса, юклама энг юқори бўлган даврлардаги узилишлар камаяди. Шунингдек, у банк кўмагида ишлаб чиқилган Ўзбекистон энергетикасини кам углеродли ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилганидек, қайта тикланадиган энергия манбаларининг интеграциялашувига кўмаклашади.

Лойиҳа туфайли йилига иссиқхона газлари чиқиндилари 4143 тонна ва электр энергияси йўқотишлари 34 636 мВт⋅с га камайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ноябрь ойида Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли ютуқларга эришганини, аммо энди мамлакатга уни тўплаш ва ташиш учун инфратузилма зарурлигини айтган эди.

«Инфратузилма шамол ва қуёш каби узлуксиз энергия манбаларини интеграция қилиш учун жуда муҳим ва кўплаб мамлакатлар бу муаммога дуч келмоқда. Бизга камида 5000 км электр узатиш линиялари, жумладан, 500 кВ ва 200 кВ юқори кучланишли линиялар ва подстанциялар керак», — деганди вазир ўринбосари.

Шунингдек, жорий ҳафтада Жаҳон банки Хоразм вилоятида қуввати 100 МВт бўлган янги қуёш электр станцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлагани маълум бўлди. У Франциянинг Voltalia энергетика компаниясига қарашли Sarimay Foreign Enterprise компанияси томонидан амалга оширилади.

Жаҳон банки томонидан тақдим этилган 3,5 миллион долларгача бўлган банк кафолати «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» томонидан Sarimay Foreign Enterprise`да электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.