Халқаро дзюдо федерацияси 2024 йил якунлари бўйича дзюдо вакиллари орасида тақдирлаш маросими ўтказилишини эълон қилди. Номинацияларда ғолибликка даъвогарлик қилаётганлар орасида ўзбекистонлик вакиллар ҳам бор.
Халқаро федерация ғолибларни 8 та йўналиш бўйича танламоқда. Булар:
- Болалар учун дзюдо;
- Тинчлик учун дзюдо;
- Йил лаҳзаси;
- Йилнинг энг яхши мураббийлик ютуғи;
- Янги юлдуз;
- Йил дзюдочиси;
- Аёллар ўртасидаги йил дзюдочиси.
Унда, хусусан, Париж Олимпиадаси ғолиби бўлган Диёра Келдиёрова иккита номинацияда ғолибликка даъво қилмоқда. У аёллар ўртасидаги йилнинг энг яхши дзюдочилари орасидан ўрин эгаллаган. Шунингдек, мазкур номинацияда Келдиёровадан ташқари Криста Дегучи (Канада), Беатриз Соуза (Бразилия), Андрея Лески (Словения), Алисе Белланди (Италия), Барбара Матич (Хорватия), ва Нацуми Цунода (Япония) каби дзюдочилар номзодлар қаторида қайд этилган.
Бундан ташқари, Келдиёрованинг нимчорак финал баҳсида енгилмас рақиби япониялик Ута Абени мағлуб этган жанги дзюдо оламида йил лаҳзаси номига сазовор бўлиши мумкин.
Қолаверса, Диёра Келдиёрованинг мураббийи германиялик Марко Шпитка ҳам шогирдини тарихий ғалабага етаклагани учун йилнинг энг яхши мураббийи ютуғини қўлга киритиши мумкин.
Дзюдо спортида рақибини иппон баҳоси билан енгган спортчилар ўйинни ғалаба билан якунлайди. 2024 йилнинг энг яхши иппони бўйича танловда ўзбекистонлик Муҳаммад Жумаевнинг шу йили Абу-Дабида ўтган жаҳон чемпионатида АҚШ вакилини енгган жангидаги иппони ҳам бор.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Judogirls.uz лойиҳаси мамлакатдаги ёш спортчи қизларнинг жисмоний ва руҳий фаровонлиги учун уларни руҳлантирмоқда. Лойиҳа ижтимоий тармоқларда жойланган замонавий тренд ва модани ўз ичига олиб, спорт жозибадорлигини ошираётгани учун болалар учун дзюдо йўналишида ғолибликка даъво қилмоқда.
Танловда овоз бериш жараёни 10 декабрдан 10 январгача давом этади. Кўнгиллилар ҳар бир тоифа учун алоҳида овоз бера олади. Танлов ғолиблари 2025 йилги Paris Grand Slam мусобақаси доирасида бўлиб ўтадиган Judo Awards 2024 маросимида эълон қилинади.