«Газета.uz» журналистлари иштирокидаги «Контекст» подкастининг навбатдаги мавзуси Ўзбекистон кўчалари ва йўлларидаги оғир аҳвол бўлди. Мамлакатда 2023 йилнинг ўзида 2300 га яқин инсон ҳалок бўлгани ва 9200 дан ортиқ инсон жароҳат олгани каби даҳшатли статистик маълумотлар негадир ҳукуматда ҳам, парламентда ҳам, жамиятда ҳам қизғин муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлмаяпти.

Бу кўчалардаги ҳарбий ҳаракатлар ёки қуролли тўқнашувлар туфайли эмас, балки ҳокимиятнинг хонадонлар, уйлардан ташқарида хавфсиз муҳитни таъминлай олмаётгани туфайли содир бўлмоқда.

Баҳодир Абдуллаев, Сабина Бакаева, Муҳрим Аъзамхўжаев ва Давлат Умаровлар муҳокама давомида бир қатор саволларни кўтарди, уларга бериладиган жавоблар эса вазиятни тубдан ўзгартириши мумкин. Мана ўша саволлар:

  • Нима учун Тошкент, бошқа шаҳарлар ва аҳоли пунктлари кўчада одамлар хавфсиз ҳаракатлана олишига имкон бермайди?
  • Нима учун одамлар ўзи ва яқинларининг ҳаёти учун доимий xавотир ҳамда қўрқув ҳис қилиши керак?
  • Нима учун йўл ҳаракатининг ҳеч бир иштирокчиси — на пиёдалар, на автомобилдагилар, на жамоат транспортидагилар, на велосипеддагилар, ҳатто турар-жой бинолари ҳовлиларида юрган одамлар бу хавфдан бутунлай ҳимояланмаган?
  • Нима учун ота-оналар болаларининг қўлларини улар қоқилиб, йиқилиб кетмаслиги, хавфли бирон бир нарсага урилиб кетмаслиги учун ҳатто пиёдалар йўлакларида ҳам ушлаб юриши керак?
  • Қандай қилиб автомобиллар сони тахминан бир хил бўлса ҳам, Ўзбекистонда Швециядагига қараганда 10 баравар кўп одам йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади (Швецияда 1000 кишига тўғри келувчи автомобиллар сони Ўзбекистондагидан 5 баравар кўп)?
  • Муҳокаманинг барча иштирокчилари вазиятга пиёдалар ўзини ҳимоясиз ҳис қилиши, ҳайдовчилар эса (онгли ва онгсиз равишда) йўл ҳаракати қоидаларини осонлик билан бузишига имкон берувчи атроф-муҳит ва инфратузилма катта таъсир кўрсатаётгани таъкидлади. Нега масъул идоралар буни кўрмайди? Уларни бу вазият қониқтирадими?
  • Нега фақат жиддий йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин қандайдир қарор қабул қилинади (масалан, светофор ўрнатилади, бу ҳам ҳар доим эмас), хавфлар олдиндан ҳисобга олинмайди?
  • Нима учун раҳбарлар мавжуд вазият учун жавобгарликни бўйнига олмайди?
  • Одатда вазиятни яхшилаш талаб қилинадиган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ва умуман, ҳокимият органларининг вазифаси нимадан иборат? Мақсад ва устуворлик тўғри белгиланганми?
  • Нега Ўзбекистон қонунчилиги қоидабузарларга нисбатан бундай «меҳрибон»?
  • Нега давлат ўз фуқароларини йўлларда ҳимоя қила олмайди? Нима учун инсон энг олий қадрият деб эълон қилинган мамлакатда бу содир бўлмоқда?

«Атрофда содир бўлаётган воқеалар нормал эмас, бунга рози бўлиш мумкин эмас», — дейди муҳокама иштирокчилари.

Суҳбат икки тилда олиб борилган (рус тилидаги қисмларида ўзбекча субтитрлар мавжуд). Томоша қилинг, фикр-мулоҳазаларингизни изоҳларда билдиринг ва видеони улашинг.