Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 24 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда қаттиқ маиший чиқинди хизматидан қарзи борларнинг электр энергияси учун тўловларини чеклашни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатда чиқинди тўловларидан қарзи бўлганларни SMS орқали хабардор қилиш белгиланган. Огоҳлантирилгандан кейин тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади.
Ўзгартиришлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси (Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги), Уй-жой кодексининг 134-моддаси (Кўп квартирали уйдаги мол-мулкни сақлаш харажатларини ва коммунал хизматлар учун мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари), «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси (Устун мавқени ва устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлаш), «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун ҳамда Фуқаролик кодексига киритилмоқда.
Ўзгартиришлар учун асослар
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов 17 декабрь куни қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида мазкур чора бир қанча омилларни ҳисобга олган ҳолда кўрилаётганини айтганди.
Хусусан, сўнгги тўрт йил давомида чиқинди хизматлари учун тўлов қайта кўриб чиқилмагани санитар-тозалаш корхонларининг иқтисодий ҳолатига таъсир кўрсатган. Шу вақт ичида иш ҳақи 120−130 фоизга, махсус техника нархи 150 фоизга, ёқилғи нархи 70 фоизга, умумий инфляция йилига ўртача 12,5 фоизга, аҳоли сони эса йилига 1 миллионга ошган.
Вазир, шунингдек, хорижий шаҳарлардаги тарифлар динамикасига мисоллар келтирди. Масалан, Остонада 2019 йилдан буён маиший чиқинди тўловлари нархи 4 баробарга — бир киши учун 246 дан 1300 тенгега (32,4 минг сўм), Ереванда — 1500 дан 3000 драмга (96,9 минг сўм) ошган.
Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органларига юкланган қарздорликни ундириш амалиёти кутилган натижани бермади ва орадан бир йил ўтиб ундан воз кечилди. «Бир йил ичида бу тизим тўхтатилди, дебиторлик қарзлари икки баравар кўпайди. Очиғини айтганда, бундай кучли орган — Мажбурий ижро бюроси тўловларни ундиришда ўз самарасини кўрсата олмади», — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбари.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, аҳолининг маиший чиқинди хизматлари учун дебиторлик қарзи 74 млрд сўмдан (2019 йил) 581 млрд сўмга (2024 йил) ўсди.
2017 йилда ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишлашнинг бутун жараёнини, жумладан, уларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлашни қамраб олувчи тўққизта йирик кластер ишга туширилган.
Бироқ юқоридаги муаммолар туфайли бир қатор кластерлар: Андижон вилоятида 80 млрд сўм, Сирдарё вилоятида 7,5 млрд сўм, Сурхондарё вилоятида 41 млрд сўм дебиторлик қарзи билан банкрот деб эълон қилинган. Бухоро вилоятидаги 55 миллиард сўм қарзга эга корхона молиявий оғир аҳволга тушиб қолган. Умуман, 9 та кластердан фақат 3 таси ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Илгари жойларда фақат чиқиндиларни олиб чиқиш ва қайта ишлаш давлат корхоналари фаолият кўрсатган ва ҳисоб-китобларга кўра, уларга давлат бюджетидан 350 млн доллар ажратилган. 2023 йилдан буён бу соҳага бюджет маблағлари ажратилмайди.
2017−2021 йилларда чиқинди соҳаси учун 1,4 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган бўлса, амалда 767 млрд сўм ажратилган, бу йилига 10 млн долларга яқин дегани. «Аммо яна бир бор қайтараман: охирги икки йил давомида бюджетдан бир тийин ҳам ажратилмаяпти», — деди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, Арманистонда чиқиндиларни олиб чиқиш учун йилига 33 млн доллар, Беларусда 90 млн доллар, Қозоғистонда 267 млн доллар ажратилади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш қамрови ва сифатини ошириш учун тадбиркорларнинг фикрича, 1 трлн сўмга техникалар харид қилиш, 250 млрд сўмга чиқинди йиғиш майдонлари қуриш, 67 млрд сўмга контейнерлар харид қилиш зарур.
Вазирнинг таъкидлашича, агар тўлов интизоми йўлга қўйилмаса, соҳани «ўлдирилади», тадбиркор ҳам ташлаб кетади, шундан сўнг давлат яна «эски тизимдагидек йилига 300−400 млн сўм» тўлашга мажбур бўлинади.
Азиз Абдуҳакимов чиқиндиларни олиб чиқиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи «Махсус авто xўжалик» корхонаси мисолида соҳадаги муаммолар ҳақида гапирди. Сентябрь ойида корхона тариф тушумлари бўйича 3,2 млрд сўмлик режани 100 фоизга бажарган бўлса, амалда истеъмолчилар томонидан атиги 2,3 млрд сўм тўланган. Шу билан бирга, 3,2 млрд сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи тўлиқ ундирилади, шунинг учун ҳам тадбиркор қўшимча 109 млн сўм солиқ тўлашга мажбур бўлган.
Вазирнинг таъкидлашича, у Японияда ўқиш даврида банк ҳисобварағидан маблағларни рухсатсиз ечиб олишни назарда тутувчи шартнома имзолаган.
«Чиқиндиларни сараламасдан ташлаганимда, икки кундан кейин келиб пакетимни қайтариб олиб келиб, чиқиндиларимни саралаб бериб, кейин қабул қилишларини айтишган. У ерда шундай қаттиқ тартиб бор. У ерда ҳеч ким буни муҳокама қилмайди. Тўлов бўлмаса, электр ҳам, газ ҳам ўчирилади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, худди шундай амалиёт Хитой, Япония, Корея, АҚШ, Туркия, Португалия ва Грузияда қўлланилади.
Ушбу тизимни жорий этиш учун йил давомида техник жиҳатдан тайёргарлик кўрилган, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банкининг тавсия ва ўрганишлари инобатга олинган.
Андижон вилоятида чиқинди тарифи 3920 сўм, тўрт кишилик оила учун 15680 сўм. Сумма 1 та асосий ҳисобланган қийматга (375 минг сўм) етиши учун тахминан икки йилу бир ой керак бўлади.
«1 БҲМдан кам бўлган маблағларни суд орқали ундириш учун молиявий ва маъмурий имконият йўқ. Бу дегани қарз пайдо бўлса, уни судга бериб ҳам ундириб бўлмаяпти, чунки [одам бошига] миқдори жуда кам. Шу сабабли санитар корхона ташкилоти 2 йил кутиб, кейин судга беради. Судга борганнинг ҳаражатлари буни қопламайди. Очиғини айтганда хафа бўлмайлигу, лекин бу кулгили ҳолат», — деди у.
Тўловларни рақамлаштириш учун ноябрь ойида «Тоза макон» биллинг платформаси ишга туширилади. 2026 йилдан бошлаб санитария тозалаш корхоналари чиқинди йиғиш жойларига видеокамералар ўрнатиши, шунингдек, чиқинди ташувчи машиналарни GPS кузатув тизимлари билан жиҳозлаши шарт бўлади.
Азиз Абдуҳакимов ҳисоблагичга ўз вақтида тўлов амалга оширилмаса, истеъмолчилар электр энергияси, газ ва сувдан узилиши мумкинлигини кўрсатди. Бироқ тўлов тўланса-тўланмаса, чиқиндилар олиб чиқиб кетилишга мажбур, чунки вазият атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига таъсир қилади.
«Чиқиндиларнинг ягона „айби“ тарифининг паст экани. Шу сабабли одамлар тўламайди. Айрим давлатлар чиқинди учун тарифни бошқа хизматларнинг тарифларига, масалан, электр энергиясига бириктириб қўйган. Ҳатто уни солиққа ҳам киритган ҳолатлар бор», — деди у.
Ўзгариш эски қарзларга таъсир қилмайди
Депутатлардан бири илгари санитария тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун истеъмолчилар қарздор бўлиб қолганини таъкидлади. Уларнинг муаммоси қандай ҳал қилинишини сўради.
Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, янги тизим эски қарзга нисбатан қўлланилмайди. «Янги биллинг тизимида биз янги қарз билан ишлаймиз. Эски қарзлар билан алоҳида ишлаймиз», — деб ишонтирди у.
Унинг сўзларига кўра, санитария корхоналари бу қарорга рози. «Кўрсатилмаган хизматлар ҳақида гапирганда, тўғри гапиряпсиз… бу оғир масала. Агар буни исботлай олсак, ҳеч қандай муаммосиз ҳисобдан чиқарилиши мумкин бўлган сумма, деб ўйлайман. Бу бизнес учун ҳам осонлашади. Улар буни инвестиция мажбуриятлари ҳисобига қилишимизни айтди. Бу ерда тадбиркорлар билан келишув топамиз, албатта. Лекин бу аҳолига таъсир қилмайди», — деди вазирлик раҳбари.
Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, Экология ва Энергетика вазирликлари ўртасида шартнома бўлади. Бунинг учун Энергетика вазирлиги тўлов суммасининг 5 фоизини олади.
Биринчи ўқишда қонун лойиҳасини қабул қилиш учун 110 депутат овоз берди, 14 нафари қарши, 11 нафари бетараф, 5 нафари эса овоз бермади.
Охир-оқибат нима ўзгаради?
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун якунланди. Энди истеъмолчига чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик ҳақида SMS-хабарнома юборилган санадан бошлаб 5 кун муддат берилади. Фақат шу муддат тугагандан сўнг истеъмолчига электр энергияси учун тўловни амалга ошириш имконияти вақтинча чекланади.
Депутатлардан бири бугунги кунда истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари учун ҳар ой ойнинг 5-кунидан кечиктирмай (айрим меъёрий ҳужжатларда 10 кундан кечиктирмай) мажбурий тўловларни амалга оширишлари шартлигини таъкидлади. Қулайлик учун аҳолига қарзни тўлаш учун яна 5 кун муҳлат берилган.
Шунингдек, қарзни тўлагандан сўнг электр энергияси учун тўловлар бўйича чекловларни автоматик равишда бекор қилиш қоидаси ҳам жорий этилди.
Ҳужжатга кўра, ўзгартиришлар қонун қабул қилинганидан кейин уч ой ўтгач кучга киради. Иккинчи ўқишда қонунни 124 депутат қўллаб-қувватлади, 9 нафари қарши, 8 нафари бетараф, 4 нафари овоз бермади. Учинчи ўқишда 122 депутат ёқлаб, 8 нафари қарши, 10 нафари бетараф, 5 нафари эса овоз бермади.
Шу тариқа қонун қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига кўриб чиқиш учун юборилди.