«Халқаро гуманитар ҳуқуққа очиқдан-очиқ эътиборсизлик билан қаралганча» олиб борилаётган 20 ойлик ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Суданда миллионлаб аҳоли очарчилик хавфи остида қолмоқда. БМТ ушбу мамлакатда юзага келган гуманитар вазиятни «дунёдаги кенг кўламли озиқ-овқат инқирози» деб атади.
2023 йил апрель ойида мунтазам армия ва ҳарбийлашган «Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари» (RSF — Rapid Support Forces) ўртасида қуролли можаро бошланган. Фуқаролар уруши армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурҳон ва RSF қўмондони, Ҳемети номи билан танилган Муҳаммад Ҳамдон Дагалонин зиддиятидан кейин юзага келган.
«Суданликлар мислсиз азоб-уқубатларни бошдан кечирмоқда»
Бу ҳақда БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси вакили Эдем Восорну Хавфсизлик кенгашида БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Том Флетчер номидан маълум қилди.
Всорну суданликларнинг аянчли аҳволини тасвирлади — зўравонлик, жумладан, жинсий зўравонлик, вайронагарчилик, касалликлар, алоқа йўқлиги, мамлакат ичида ва ундан ташқарида оммавий кўчишлар шулар жумласидан. «Шу билан бирга, муҳтожларга етказилаётган гуманитар ёрдам ҳажми зарур ёрдамнинг кичик бир қисмини ташкил этади», — деди у.
Жанговар ҳаракатлар ва гуманитар ёрдам
Инсонпарварлик ёрдами кўплаб қочқинлар паноҳ топган Чадга ва бошқа жойларга кела бошлади. Бироқ жанговар ҳаракатларнинг фаоллашуви бу ютуқларга путур етказди. «Замзам лагерига кетаётган Жаҳон озиқ-овқат дастурининг иккинчи автоколоннаси шиддатли жанглар, жумладан, лагернинг ўзи қайта ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлар туфайли тўхтатилди, бу эса минглаб одамларни қочишга мажбур қилди, — деди Восорну. — Сўнгги кунларда Эль-Фашир ва Дарфурнинг бошқа ҳудудларида ҳужумлар, хусусан, ҳаво ҳужумлари ва артиллерия отишмалари оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар ҳақида янги хабарлар келиб тушмоқда».
Суданликларнинг «ақл бовар қилмас жасорати»
БМТ, дея давом этди маърузачи, «мазкур маъносиз уруш» оқибатларини бошдан кечиришга мажбур бўлган суданликларнинг «ақл бовар қилмайдиган жасорати ва матонати»га қойил қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, инсонпарварлик ташкилотлари ходимларининг ўз ишига садоқати, шунингдек, Судан ва Чаддаги мажбурий кўчирилганларни қабул қилаётган жамоаларнинг сахийлиги ҳам эътиборга молик.
БМТ чақириғи
БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси, биринчидан, можаронинг барча томонларини халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилишга, яъни тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишга қатъий чақиради.
Иккинчидан, Восорну кенгашнинг барча аъзоларини «инсонпарварлик йўналишлари — ерусти ва ҳаво, можаро чизиғи ва чегаралар орқали очилишига эришиш учун ўз таъсиридан фойдаланишга» чақирди.
Учинчидан, маърузачи таъкидлаганидек, халқаро ҳамжамият суданликларга ёрдам кўрсатиш лойиҳаларини молиялаштиришни таъминлаши керак.
Маблағ етишмаслиги
2024 йилда гуманитар ташкилотлар жиддий маблағ танқислигига дуч келди. «Биз донорларни келгуси йилда Судандаги қарийб 21 миллион кишини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган 4,2 миллиард доллар ва еттита қўшни давлатдаги 5 миллион кишини — асосан қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган 1,8 миллиард доллар ажратишга чақирамиз», — дея кенгашга мурожаат қилди вакил.
Reuters агентлигининг ёзишича, Судандаги очарчилик кўлами бешта ҳудудга кенгайди ва май ойига келиб Шимолий Дарфурдаги яна бешта ҳудудга — Ум Қадоқ, Мелит, ал-Фашир, Тавиша ва ал-Лайтга тарқалиши мумкин.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг интеграциялашган фазалари таснифи (IPC) маълумотларига кўра, май ойигача 24,6 миллион киши, яъни барча суданликларнинг ярмига яқини шошилинч равишда озиқ-овқат ёрдамига муҳтож.
2023 йил апрель ойида бошланган фуқаролар уруши озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва савдонинг камайишига олиб келди, 12 миллиондан ортиқ суданликларни уйларидан чиқишга мажбур қилди. IPC ҳисоботида айтилишича, IPC кўриб чиққан ҳудудлардаги аҳолининг атиги 10 фоизи сўнгги уч ой ичида озиқ-овқат ёрдами олган.