Республика олий таълим кенгаши нодавлат олий таълим ташкилотлари Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ўтказиб бериши тўғрисидаги баённи имзолади. Баён матнини 24 декабрь куни иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Telegram каналида эълон қилди.

Баён 29 ноябрь куни тасдиқланган бўлиб, унда мажлис муҳокама юзасидан, жумладан, қуйидагича қарорларга келгани айтилади:

  • Республикада амалга оширилаётган таълимга оид сиёсатни қўллаб-қувватлаш, зарур ҳолларда олий таълим ташкилотлари ва уларнинг талабалари манфаатини ҳимоя қилиш, таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида ҳамда давлат олий таълим ташкилотлари томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига 4 фоиз миқдорида ажратмалар йўналтирилаётганини инобатга олиб, нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан молия йили якунида тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг мазкур маблағлар бўйича молия йили охирига қолдиғининг 4 фоиз қисмини Республика олий таълим кенгашига йўналтириш амалиётини жорий этиш тўғрисидаги нодавлат олий таълим ташкилотлари раҳбарларининг таклифини қўллаб-қувватлаш;
  • Республика олий таълим кенгаши бир ҳафта муддатда кенгаш ва нодавлат олий таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган мазкур маблағларни йўналтиришни назарда тутувчи намунавий шартнома ишлаб чиқиши ва 2025 йил 25 январгача барча нодавлат олий таълим ташкилотлари билан шартнома расмийлаштирилиши, шу кунгача шартномада белгиланган маблағлар Республика олий таълим кенгашига келиб тушишини таъминлаши;
  • Олий таълим ташкилотлари ректорларининг 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили»да республикада кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаш, «олий таълим намунаси»ни яратиш мақсадида олий таълим ташкилотлари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг бир кунлик иш ҳақини «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббусини маъқуллаш.

Йиғилиш баёнида, шунингдек, 18 ноябрь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси янги таркибининг дастлабки мажлиси, 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Сенат янги таркибининг биринчи мажлиси, 20 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда белгилаб берилган стратегик вазифаларни ҳар бир олий таълим ташкилоти ректори синчиклаб ўрганиб чиқиши, ўзи бошқараётган ташкилот томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаши ҳамда вертикал бўйича жамоага тўлақонли етказилиши юзасидан келишилгани айтилади.

Йиғилишда соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам санаб ўтилган. Жумладан, қабул параметрларини шакллантириш, ўқув-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иш берувчилар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмагани, меҳнат бозори эҳтиёжлари (талаб ва таклиф) тўлиқ инобатга олинмагани айтилади.

Ушбу баён ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг, ЎзЛиДеП депутати Дилмурод Артиқов Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ҳамда бош прокурорга сўров юборди.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги қонунларимизга мувофиқ кафолатланган, ҳеч бир ташкилот қонунга асосланмай туриб, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, нодавлат олий таълим муассасаларига турли тўловлар жорий қилиш ваколатига эга эмас», — дейилади партия матбуот хизмати берган хабарда.

Шунингдек, мазкур ҳолат соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи ҳабга айлантириш каби ислоҳотларга салбий таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланган.

Шу сабабли депутат Дилмурод Артиқов oлий таълим, фан ва инновациялар вазири ва бош прокурордан республика олий таълим кенгашининг нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ўтказиш бўйича чиқарилган баённомани қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан қайта кўриб чиқиш бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ҳамда ўз нуқтаи назарини баён этишини сўради.

Ижтимоий тармоқдаги муносабатлар

Мазкур баённи эълон қилган иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ўзи бу воқеага муносабат билдириб, Ўзбекистонда янги солиқларни нафақат Олий Мажлис, балки қаердан келгани ва нима билан шуғулланиши унчалик тушунарли бўлмаган ҳар қандай давлат идораси ҳам анча осон — йиғилиш баённомаси бандлари билан ҳам киритиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Мамлакат эмас, балки мўжизалар майдони, сеҳрли чироқ, ҳеч қандай чекловларни ҳис қилмайдиган қудратли амалдорлар учун битмас-туганмас очил дастурхон. Пул керакми? Муаммо йўқ: уни қўл остимиздаги аудиториямиздан йиғамиз. Агар кимдир қаршилик қилса, текширув юборамиз ва лицензиясини олиб қўямиз», — деб ёзди у.

Иқтисодчи бу воқеадаги яна иккита жиҳатга эътибор қаратган:

«1. Солиқ орқа сана билан жорий қилинмоқда (бу солиққа тортиш тамойиллари нуқтаи назаридан бемаъни) — йил охирида йил давомида олинган тушумлар бўйича. Бу амалдорларни одатий рэкетлардан ажратиб турадиган нарса. Иккинчиси, молиявий йил охирида ўз хоҳиш-истакларини билдирмайди, тўлов ставкаларини олдиндан белгилайди. 2. Нодавлат университетларни талаш билан кимдир эмас, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги шуғулланмоқда (Республика олий таълим кенгаши ортида айнан у туради). Инновация, таълим, илм-фан, Карл! Яъни назарий жиҳатдан, инновацион иқтисодиётни яратиш учун зарур бўлган қулай сармоявий муҳитни яратиш ҳақида ҳаммадан кўра кўпроқ ғамхўрлик қилиши ва мамлакатда таълим ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши лозим бўлган бошқарма», — дея таъкидлаган Юлий Юсупов.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев Республика олий таълим кенгаши солиқ ёки мажбурий тўлов жорий қилиш ваколатига эга эмаслигини таъкидлади.

«Бу таклифни қайсидир нодавлат олийгоҳ раҳбарлари берган эмиш. Яъни „бизнинг пулимиз кўпайиб кетди, шунга 4 фоизини сизларга берайлик“ дейишибди. Баённомада айнан қайси нодавлат ОТМ ректорлари бунақа таклифни бергани ҳақида маълумот айтилмаган. Агар улар ростдан бор бўлса, унда эълон қилишса, яхши бўлар экан», — деган у.

У бу баённома ҳеч қайси ОТМга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини таъкидлаб ўтган.

«Бу баённомани пеш қилиб, пул ўтказишни талаб қилиш, агар ўтказмаса, турли оқибатлар келтириб чиқариши (масалан, лицензиясини олиб қўйишга ишоралар ва ҳ.к.) мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ (қоғозларда ҳар ҳолда, амалда билмадим энди). Шу сабабли нодавлат олийгоҳлар кенгашга 4 фоиз пул ўтказишга мажбур эмаслигини билиши зарар қилмайди. Унутманг, Республика олий таълим кенгашининг ўзи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади, қанақадир давлатнинг ваколатли органи эмас, кимгадир мажбурият юклайдиган ваколати йўқ», — дея таъкидлаган Хушнудбек Худойбердиев.

«Гарчи баённома матнида мажбурийлик ҳақида гап кетмаган бўлса-да, аммо бундай мазмунда қарор чиқарилишининг ўзи ғалати. Бундай қарорлар камида Бизнес омбудсман ҳамда Адлия вазирлигидан экспертизадан ўтиши керак», — дея қўшимча қилган у.

Хушнудбек Худойбердиев, шунингдек, ўқитувчилар маошининг бир қисми дарахт экиш, ободонлаштириш учун ўтказилиши бўйича бандга ҳам эътибор қаратган.

«2025-йил юртимизда „Атроф- асраш ва „яшил иқтисодиёт“ йили“ деб эълон қилингани муносабати билан кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига олий таълим тизимидаги раҳбар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини „Яшил макон“ умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббуси маъқулланибди. Бу ташаббусни ким берган дейсизми? Албатта, яна ўша олийгоҳ ректорлари берган эмиш. Қайси ректорлар бу ташаббусни билдиргани маълум эмас. Лекин агар шунақа ректорлар ростдан бор бўлса, унда номард экан. Агар ўша ректорларни кўриб қолсам „Хоҳласангиз ўзингизнинг иш ҳақингизни 100 фоизини ўтказиб бераверинг, бу сизнинг ишингиз, лекин ўқитувчиларнинг ойлигига кўз олайтирманг ва бировнинг пулига хўжайинчилик қилманг“ деган бўлардим», — деб ёзган у.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов бу воқеа фонида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу соҳада лицензия берувчи ташкилот бўлиб қолаётганига эътибор қаратди.

«Албатта, бу „солиқ“ / „ўлпон“ ноқонуний — қонунчиликка мувофиқ, ҳар қандай мажбурий тўловлар фақат парламент томонидан қонун билан киритилиши керак. Ва, албатта, бу Ўзбекистонда бизнес юритиш (фарқи йўқ, қайси соҳада — олий таълим бўлиши шарт эмас) мақсади бўлган ички ёки ташқи инвестор учун ёмон сигнал — исталган ташкилот исталган вақтда битта „протокол“ билан ўлпон жорий қила оладиган муҳитда бизнес юритиш — ҳалол инвестор учун жуда катта риск», — деб ёзди у.

Комил Жалиловнинг таъкидлашича, масаланинг бошқа томони бундай тўлов ноқонуний бўлгани билан нодавлат ОТМлар унинг устидан шикоят қилиши даргумон эканида ҳисобланади.

«Чунки нодавлат ОТМларига лицензияни берадиган ташкилот — Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги. Вазирлик „ўлпон“ тўлашдан бош тортган ва шикоят қилган нодавлат ОТМ устидан бирон баҳона билан лицензияни бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилмаслигига кафолат йўқ. Шу пайтда эна ва қози ҳақидаги сал қўполроқ, лекин топиб айтилган халқ оғзаки ижоди намунаси эсга тушади», — дея таъкидлаган у.

«Қизиғи, бу протокол билан фақат нодавлат ОТМларига „ўлпон“ жорий қилинмаган. Протокол билан ОТМлар раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари ойлигидан ҳам ушлаб қолиш режалаштирилган (16-бандга қаранг). Афтидан, протоколни тузганлар модомики юридик шахсларга „ўлпон“ жорий қила олар эканмиз, нега жисмоний шахслар ойлигидан ҳам ушлаб қола олмаслигимиз керак, деб ўйлашган шекилли. Ўзбекистонда қайси орган солиқ солиш ваколатига эгалигини аниқ-тиниқ белгилаб берган Конституция бузилгандан кейин, ходимнинг ойлигига дахл қилишни тақиқловчи Меҳнат кодекси нима бўлибди», — дея қўшимча қилган таълим бўйича эксперт.