«Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази» нодавлат нотижорат ташкилоти директори ва «Ўзбекистон янгиликлари» (nuz.uz) сайти бош муҳаррири Виктор Михайлов касаллик туфайли 68 ёшида Тошкентда вафот этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон янгиликлари» нашри ходимлари «Газета.uz»га маълум қилди.

Виктор Михайлов Тошкент фармацевтика институтини (1978), сўнгра Фанлар академияси Кимё институти аспирантурасини (1986) тугатган.

СССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иммунология институтида (1985−1991), сўнгра Германиянинг Hoechst (1990−1996) ва Sanavita (1995−2011) фармацевтика компаниялари ваколатхоналарида илмий ходим бўлиб ишлаган.

2014 йилдан «Ўзбекистон янгиликлари» сайти бош муҳаррири бўлган. 2016 йилнинг ноябрь ойида у «Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази» ННТга асос солган. Марказ жамиятнинг радикаллашуви, экстремизмнинг кучайиши, киберхавфсизлик ва энергетика таҳдидлари, жумладан, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар билан боғлиқ хатарларни ўрганади.