Россиянинг «ер-ҳаво» тоифасидаги ракетаси 25 декабрь куни Ақтауда Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг самолёти қулашига сабаб бўлган. Бу ҳақда Euronews Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Нашр суҳбатдошларига кўра, ракета Бокудан Грознийга кетаётган 8432 рейси бўйича Грозний осмонида «дроннинг ҳаводаги фаоллиги» пайтида учирилган. Ракета самолёт ёнида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

Euronews манбаларининг таъкидлашича, шикастланган лайнер экипажи фавқулодда қўнишни сўраган, бироқ унга Россиянинг ҳеч бир аэропортига қўнишга рухсат берилмаган, шундан сўнг у Каспий денгизи орқали Ақтау йўналиши бўйича парвоз қилишга буйруқ олган. Маълумотларга кўра, самолётнинг GPS навигация тизимлари денгиз устидаги парвоз давомида ўчирилган.

Ракета Pantsir-S ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан отилган, деб хабар берди Озарбайжон ҳукумати манбаларига таяниб, Бокудаги AnewZ халқаро нашри.

Euronews`нинг Россиядаги манбаларига кўра, Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти Чеченистон ҳудудидан учиб ўтаётган вақтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина учувчисиз учиш аппаратларини уриб туширмоқчи бўлган. Чеченистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари Ҳамзат Қодиров Грознийга дрон ҳужуми чоршанба куни эрталаб содир бўлганини тасдиқлади.

  • 25 декабрь куни эрталаб Ақтау яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Embraer самолёти ҳалокатга учраганди. Самолёт бортида 67 киши, жумладан, беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт ҳалокати оқибатида 38 киши ҳалок бўлган. Дастлаб самолётнинг ҳалокатга учрашига қушлар тўдаси билан тўқнашув ёки бортдаги кислород баллонининг портлаши сабаб бўлиши мумкин деган тахминлар илгари сурилганди.
  • Ақтаудаги авиаҳалокатдан сўнг Azerbaijan Airlines самолёти шикастлангани акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди. Лайнернинг сақланиб қолган парчалари қопламасида ўққа тутилганга ўхшаш излар аниқланган.