«Газета.uz» 2025 йил 1 январдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва бошқа янгиликлар рўйхатини тақдим этади. Шарҳ сайт хабарлари ва Lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.
Букмекерлик фаолиятига рухсат берилади
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги лицензияси асосида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.
Тошкентда автобус ва метрода нақд пул шаклдаги йўлкира нархи ошади
Тошкент шаҳрида жамоат транспортида нақд шаклидаги йўл ҳақи 2000 сўмдан 3000 сўмга оширилади. Нақдсиз тўловда нарх ўзгармай, 1700 сўм бўлиб қолади. Автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади, бекатлардаги тўлов қурилмалари орқали бир марталик QR-кодли чипта харид қилиш керак бўлади.
«Тошшаҳартрансхизмат» чиптадан қандай фойдаланишни тушунтирганди. Унга кўра, QR-кодли чиптани керакли масофада валидаторга тутиш керак. Чиптага эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб, уни букламаслик ёки шикастламаслик ҳамда уни текшириш учун қатнов охиригача сақлаш лозим.
Боғчаларда инклюзив таълим гуруҳлари очилади
Тажриба-синов тариқасида ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив таълим гуруҳлари очилади.
Ҳокимларга қўшимча ваколатлар берилади
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида «доимий алоқа» тизимини яратиш мақсадида Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини тузиш ваколати берилди. Улар айрим вазирлик ва идораларнинг бўлимлари раҳбарларини ҳудудий бошқармалар билан келишган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, тегишли масъулларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш имкониятига эга бўлади.
Хорижлик мутахассисларнинг таълим соҳасида ишлаши учун тўловлар миқдори 30 баробарга камаяди
Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома беришда ундириладиган йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан (11,2 млн сўм) бир бараваригача (375 минг сўм) камайтирилади.
Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми кешбэк шаклида қайтарилади
Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми кешбэк сифатида қайтарилади. Ойлик айланмасини нақд пулсиз амалга оширганларга эса ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларнинг фойда солиғи 2 каррага камаяди.
Банклар қарз юки 50 фоиздан ортиқ бўлганларга кредит бермайди
Барча кредитларни (шу жумладан, микрокредитларни) беришда кредиторлар ўз мижозларининг қарз юки 50 фоиздан ошмаслигини таъминлашлари шарт. Яъни агар қарз олувчи ўз даромадининг 50 фоизини кредит тўлаш учун сарфлашига тўғри келса, банклар кредит беришдан бош тортади.
Маданият ва санъат соҳаси ходимларининг маоши оширилади
Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш ҳақи 20 фоизга, 1 июлдан яна 15 фоизга оширилади. Миллий симфоник оркестр ходимларининг ҳам иш ҳақлари оширилиб боради.
Камбағал оилалар реестридаги иш билан банд бўлган шахс учун ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада тўланади
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади.
Кўп тармоқли клиникаларда янги лавозимлар жорий этилади
Туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида янги лавозимлар — онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобиль ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади. Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади. Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.
Чиқиндиларни ташиш лицензияланадиган фаолият тури бўлади
Қаттиқ маиший, қурилиш, суюқ маиший, тиббиёт, саноат, хавфли ва заҳарли чиқиндиларни ташиш лицензияланадиган фаолият турига айланади.
Кам таъминланган оилалар фарзандлари эндиликда вақтинчалик меҳрибонлик уйларига жойлаштирилмайди
Меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади. Бунда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим томонидан оилани камбағалликдан чиқариш бўйича чоралар кўрилади.