Олий Мажлис палаталари кенгашлари 26 декабрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисда 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган факт ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия ҳисоботини эшитди. Бу ҳақда Сенат ва Қонунчилик палатаси ахборот хизматлари хабар берди.
Комиссия 2022 йил 15 июлда Сенат ва Қонунчилик палатаси томонидан Нукус воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказиш учун ташкил этилган. Унга Омбудсман Феруза Эшматова бошчилик қилди. Шунингдек, комиссия таркибига 14 нафар депутат, сенатор, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари киритилди.
«Комиссия Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари, хронологияси ва оқибатлари, оммавий тартибсизликларни бартараф этишда давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатларига баҳо берди, воқеалар иштирокчиларига нисбатан суд мажлисларини кузатди», — дейилади хабарда.
Комиссия илтимосига кўра, 30 нафар судланувчи комиссия илтимосига кўра суд залидан озод этилди, судланувчилар сақланаётган тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифларини амалга оширди, шунингдек воқеалардан кейин Қорақалпоғистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни кузатиб борди, дея таъкидлади комиссия раҳбари.
Қайд этилишича, комиссия аъзолари 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларга ташрифи давомида 590 нафар ходим, 334 нафар қамоқ жазосини ўтаб чиққан шахслар билан суҳбатлашди.
Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (2 нафар аёл) комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилди.
Комиссия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилди, шунингдек халқаро ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда бўлиб турди.
Комиссия маълумотларига кўра, Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этганлиги аниқланганлиги қайд этилди.
Хабарда қайд этилишича, 2022 йил 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликлар оқибатида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда (6,8 млрд сўм) моддий зарар етган.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш, ва тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик обектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланиладиган воситалар (сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталар)дан фойдаланилган», — дейилади комиссия хабарида.
Комиссия маълумотларига кўра, оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари).
Тергов ва суд жараёнида иштирок этган гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари (адвокат, тиббий ёрдам, телефонда сўзлашиш ва ҳ.к.) тўлиқ таъминланган, суд қарорлари устидан шикоят киритиш имконияти берилган. Барча суд жараёнлари очиқ ва шаффоф ўтказилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнларида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Комиссия Ўзбекистон давлат органлари учун бир қатор тавсияларни эълон қилди:
- келгусида давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнида умумхалқ муҳокамаси босқичида мазмун-моҳиятини, унда иштирок этиш механизмларини фуқароларга тўлақонли тушунтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
- барча даражадаги давлат ҳокимияти органларига муҳим сиёсий ва бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида эҳтимолий ҳақиқатга тўғри келмайдиган, чалғитувчи ва нохолис маълумотлар тарқалиши (дезинформация) ҳолатларига ўз вақтида таъсирчан муносабат билдириш тизимини йўлга қўйиш;
- оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни мунтазам етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш;
- фуқароларга ўз ижтимоий фаолликларини амалга ошириш жараёнида ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймаслик ва жамоат тартибига риоя қилишнинг муҳимлигини изчил тушунтириб бориш.
Маълум қилинишича, комиссиянинг ахборотини кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг тегишли қарори қабул қилинган.