Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Арманистон бош вазири Никол Пашинян раислигида (онлайн форматда) ўтказилди. Унда Ўзбекистон раҳбаридан ташқари бошқа президентлар: Беларусдан — Александр Лукашенко, Қозоғистондан — Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистондан — Садир Жапаров, Россиядан — Владимир Путин, шунингдек, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Саид Муҳаммад Отабак ҳам қатнашди. Куба президенти Мигель Диас-Канель иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

еоии, еотб, президент

Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида сўнгги йилларда мамлакат кузатувчи сифатида Евросиё иқтисодий иттифоқи билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидлади.

Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябрь ойида Евросиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.

Ўзбекистон, шунингдек, ЕОИИнинг савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Давлат раҳбари 2025 йил март ойидаги қўшма ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишига тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади. Иттифоқ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталди.

еоии, еотб, президент

Хусусан, президент ўзаро савдодаги савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Амалий ҳаракатлар режасини қабул қилган ҳолда, яқин келажакда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон етакчиси тадбир якунида имзоланаётган Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битимда мамлакатнинг иштирок этиши, шунингдек, божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини тез фурсатда жорий этиш тарафдори эканини таъкидлади.

Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва воситаларига қўшилишдан манфаатдорлик билдирилди.

еоии, еотб, президент

«Қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз», — деди президент.

Бизнесни фаол жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишини 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорлик қилиш муҳимлигини қайд этди. У Ўзбекистонни ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизимига ва «Рақамли иттифоқ» лойиҳасига улаш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, аграр соҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни енгиллаштириш, инновацион агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш ва илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган кооперация дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

еоии, еотб, президент

Сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида давлат раҳбари ЕОИИ давлатлари фуқароларига Ўзбекистонга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартибни жорий этишга тайёрлигини билдирди.

ЕОТБ ҳақида

Евросиё тараққиёт банки (ЕОТБ) — халқаро молия ташкилоти бўлиб, унга аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш, уларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евросиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.

ЕОТБ 2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган бўлиб, 2009 йилда Арманистон ва Тожикистон, 2010 йилда Беларусь, 2011 йилда Қирғизистон ушбу банкка аъзо бўлган. Банкнинг устав капитали 7 млрд долларни ташкил этади.

ЕОТБнинг асосий стратегик мақсадлари:

  • кучли интеграция эффектига эга лойиҳаларни ва миллий ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш;
  • янги молиявий маҳсулотлар ва воситаларни жорий этиш;
  • саноат ишлаб чиқариши соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  • банкка аъзо мамлакатларда ДХШ асосидаги ташаббусларни илгари суриш;
  • иштирокчи мамлакатларга қўшимча сармояларни жалб қилиш учун ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.

Бош вазир Абдулла Арипов 2022 йил февралида Евросиё ҳукуматлараро кенгаши аъзолари йиғилишида Ўзбекистон банкка аъзо бўлишга тайёрланаётганини таъкидлаганди.