АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маданият вазири Озодбек Назарбеков «маданият соҳасида давлат регулятор бўлмаслиги, вазирлик ёпилиши кераклиги» борасидаги фикрлар юзасидан муносабат билдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Тадбир якунида журналист вазирга маданият соҳасида давлат регулятор бўлиши керак эмаслиги борасидаги фикри билан қизиқди. Вазир соҳани қушга қиёслади ва уни ушлаб туриш зарурлигини таъкидлади.
«Cаволнинг оёғи қаерда тургани муҳим. Бу саволнинг оёғи Американинг нарёғида турибди. Тушунтира олдимми ёки тушунолмадингизми? Барака топгурлар, оёғингизни ота-онангиз, боболарингиз босган изга қўйинг-да, бу савол чиқмайди сиздан. Боя тушунтирдим, маданият соҳаси — бу қуш, буни шундай [сиқиб] ушлаш керак, бошқа имкони йўқ. Очсангиз ҳам манфаат бермайди, фақат бузғунчилик олиб киради. Дунёни кўринглар, соғлом одамсизлар-ку», — деди у.
Озодбек Назарбеков тақиқларга мутлақо қаршилигини, бироқ эркин санъаткорларнинг интеллекти шунга лойиқ бўлиши кераклигини қўшимча қилди.
«Эркинлик бериб юборилган жойда санъаткорлар ҳамма ерни бузяпти-ку, расво қилиб юборяпти-ку. Шунинг учун мен [эркинлик] бермайлик демоқчи эмасман, тақиқларга мутлақ қаршиман. Лекин эркин одамнинг интеллекти шунга лойиқ бўлиши керак. У тўрт деворнинг ичида ҳам жиноят қилмаслиги керак, ана ўша кун келганда эркинликни бемалол мажбурлаб берамиз, керак бўлса. „Йўқ, бўлмайман“ деса ҳам, „йўқ, сен эркин яшашинг керак“ деймиз. Лекин бугун бутун жамият шунга лойиқ деб айтолмаймиз-ку. Бу саволни виждонимизга қўяйлик», — деди вазир.
Октябрь ойи бошида ҳам Озодбек Назарбеков интервьюда ижодкорларни мутлақ эркин қўйиш тарафдори эмаслигини айтганди. «Ҳар бир ижодкор маънавий қурол. У кимнингдир мақсади йўлида хизмат қилмаслиги керак. Айни дамда тартиб ва чекловлар ҳеч кимнинг ҳуқуқини поймол қилмаслиги шарт», — деган вазир.