Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни телефон орқали мулоқот чоғида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида йўловчи лайнерининг қулаши оқибатида кўплаб қурбонлар бўлгани муносабати билан Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга чуқур ҳамдардлик билдирди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Озарбайжон етакчиси орқали ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини йўллади, жабрланганларнинг барчаси тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилди.

«Айни дамда азиз биродар ва опа-сингилларимиз билан ҳамжиҳатмиз», — дея пост қолдирди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Azerbaijan Airlines самолётининг Ақтауда қулаши оқибатида бортдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган, улар орасида Озарбайжон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам бор. 29 йўловчи, жумладан, 3 нафари вояга етмаган бола самолётдан чиқишга муваффақ бўлган ва шифохоналарга етказилган.

Ҳозирда Ақтауда Қозоғистон ҳукумат комиссияси авария сабабларини ўрганиш бўйича иш олиб бормоқда.