Тошкент — Самарқанд юқори тезликдаги йўловчи темирйўл магистралининг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашга старт берилди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев сентябрь ойидаги Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йиғилишида Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд — Навоий — Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қурилишини маълум қилганди. У 2030 йилгача 30 млрд долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари дастури доирасида амалга оширилади.

24 декабрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбарияти Кореянинг Saman Corporation компанияси лойиҳа менежери Жин Канга билан мазкур темирйўлни қуриш юзасидан дастлабки техник-иқтисодий асослаш (ТИА) бўйича ишларнинг бошланишини муҳокама қилди.

Томонлар ушбу ташаббуснинг минтақалараро алоқаларни яхшилаш, йўловчилар оқими ва тезюрар поездлар қатновини кўпайтиришда муҳимлигини таъкидлади.

«Лойиҳанинг амалга оширилиши республиканинг иқтисодий ривожланишини мустаҳкамлашга ёрдам беради ва Ўзбекистон транспорт саноатини янги босқичга олиб чиқади», — дейилади хабарда.

Музокаралар якунида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш жараёнини тезлаштирадиган ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.

Декабрь ойи бошида Туркиянинг Rönesans holding компанияси мазкур тезюрар темирйўлни қуришда иштирок этишга қизиқиш билдирган. Ундан аввалроқ Қатарнинг Power International Holding компанияси эса лойиҳага маблағ ажратмоқчи эканлиги хабар қилинган.

Шундан кейин Жанубий Корея миллий темир йўл корпорацияси (Korail), Saman ва Dongmeong Technology Corporation компанияларидан иборат K-Rail жамоаси ТИАни ишлаб чиқиши маълум бўлган.

Жараён 15 ой — 2026 йилнинг март ойигача давом этади, лойиҳа Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) ҳисобидан молиялаштирилади.

Лойиҳа доирасида жойларда тадқиқотлар, келажакдаги транспорт талабига бўлган прогнозлар, инфратузилманинг асосий режасини ишлаб чиқиш, қурилиш қийматини ҳисоблаш ва иқтисодий самарадорликни таҳлил қилиш амалга оширилади. Шунингдек, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш кўзда тутилган.