Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) ҳамда Футболчилар мақоми ва ўтиши қўмитаси қарорларига эътибор бермагани учун олтита футбол клубига нисбатан трансфер тақиқи жорий этилди, деб хабар берди Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати.
Клублар, шунингдек, футболчи ва мураббийлар олдидаги қарзларини белгиланган муддатда тўламаган, ҳудудий футбол академиялари билан тузилган ҳамкорлик шартномалари шартларини ҳам бузган.
Аввалроқ ЎФА еттита клубга камчиликларни бартараф этиш учун муддат берган эди. Улардан фақат «Қизилқум» клуби талабни бажарган. Қолган жамоалар — «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Нефтчи», «Динамо», «Бухоро» ва «Орол» клублари санкциялар остида қолди.
Қўмита қарорига кўра, ушбу клублар иккита тўлиқ трансфер ойнасида ички ва халқаро миқёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди.
Ўзбекистонда қишки трансфер ойнаси 10 декабрь куни очилган ва 2025 йилнинг 25 февралига қадар давом этади.