Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги туннель орқали нефть маҳсулотлари контрабандаси билан шуғулланган трансмиллий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Туркистон вилояти (Қозоғистон) прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси орқали 450 метр узунликдаги туннель қурган. У орқали ҳар куни, қарийб икки ой давомида Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда 5−7 тонна ёнилғи-мойлаш материаллари олиб келинган.
«Махсус тадбирлар натижасида жиноий гуруҳнинг барча аъзолари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам аниқланди. Худди шундай тадбирлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан давлат чегараси зонасида ҳам ўтказилди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, экспорт қилинган ёқилғи учун қўшни давлатдан пул маблағларини ўтказиш схемаси ўрнатилгани аниқланди.
Қозоғистон ҳудудида ҳам, Ўзбекистон ҳудудида ҳам трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.