26 декабрь, пайшанба куни Туркия Марказий банки салкам икки йил ичида биринчи марта асосий ставкани 250 базавий пунктга — 50 фоиздан 47,5 фоизгача пасайтирди. Бу ҳақда регуляторнинг жорий йилда Монетар сиёсат қўмитасининг сўнгги йиғилиши якунлари бўйича хабарида айтилади.

Марказий банк жорий йилнинг март ойидан буён асосий ставкани 50 фоиз даражасида сақлаб келмоқда. Аввалги пасайиш 2023 йилнинг февралида қайд этилган. Қарор аксарият маҳаллий ва хорижий таҳлилчиларнинг фикрига мос келди, улар асосий ставканинг 150−250 базавий пунктга пасайишини башорат қилганди.

Аввалроқ турк регулятори ставкани кетма-кет саккиз марта 20 йил ичида максимал 50 фоиз даражасида қолдирганди.

Мамлакат Марказий банки томонидан декабрь ойида ўтказилган сўров иштирокчилари йил якунлари бўйича инфляцияга нисбатан ўз прогнозларини 44,81% дан 45,28% гача оширган. Шунингдек, улар жорий йил охирида доллар учун 35,72 лира (илгари — 35,3 лира) алмашув курсини кутмоқда. Курснинг келгуси йилга прогнози эса тадқиқотнинг олдинги давридаги 42,75 дан 43,23 лирагача ўзгарди.

Келгуси йил учун прогнозларга кўра, асосий ставканинг энг юқори кўрсаткичи 35 фоизни, энг паст кўрсаткичи 27,5 фоизни ташкил этади.