Тошкент шаҳрида 27 декабрга ўтар кечаси учта йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Биринчи авария соат 00:40 да Учтепа тумани ТХАЙ кўчасида юз берган. 25 ёшли ҳайдовчи Tracker автомобилини катта тезликда ҳайдаб, руль бошқарувини йўқотган ва бетон симёғочга тўқнашган. Ҳайдовчи биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб кетилган.
Навбатдаги ҳолатда Олмазор туманида тўртта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Malibu-2, Cobalt, BMW ва Matiz автомашиналари ўзаро тўқнашган. BMW йўловчисига тез ёрдам ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳолат юзасидан текширув ишлари ўтказилмоқда.
Учинчи йўл-транспорт ҳодисаси пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида соат 01:10 да содир бўлган. Олтинтепа кўчасида Nexia-3 машинасида ҳаракатланиб кетаётган 20 ёшли ҳайдовчи Captiva билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этган. Nexia ҳайдовчиси шифохонога олиб кетилган, дейилади хабарда.
ЙҲХБ ушбу авариялар юзасидан барча йўл ҳаракати қатнашчиларига мурожаат қилиб, қоидаларга қатъий риоя қилишни ва тезликни белгиланган меъёрдан оширмасликни сўради.