27 декабрь куни Жалолободда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишига старт берилди. Шавкат Мирзиёев ушбу жараёнга бағишланган маросим иштирокчиларига мурожаат йўллади. Уни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ўқиб эшиттирди.

Президент ярим йил олдин мазкур стратегик трансминтақавий лойиҳани амалга ошириш бўйича биринчи тўлақонли битим имзоланганини эслатди. Ўтган даврда техник ҳужжатларни тайёрлаш ишлари якунланди.

«Бу дўст мамлакатларимиз салкам 30 йил давомида интилиб келган том маънодаги тарихий воқеадир», — деди Мирзиёев. У мазкур қурилишни халқаро аҳамиятга эга бўлган янги транспорт артерияси деб атади.

«У Марказий Осиё минтақасини Хитой билан қисқа ерусти йўли орқали боғлайди, давлатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дея қайд этди президент.

Лойиҳа, шунингдек, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси мақсадларига тўлиқ мос келиши қайд этилди. Ўз навбатида, давлат раҳбари Хитой раиси Си Цзиньпин ва Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровни мазкур қурилиш бошлангани билан қутлади.

Шундан сўнг президент янги темирйўл қурилишининг иқтисодиётга таъсирига тўхталди. Инфратузилма соҳасидаги ушбу йирик лойиҳа илғор муҳандислик, инновация ва рақамли ечимлар асосидаги кенг кооперацияни, юқори экологик стандартларга амал қилишни назарда тутиши кўрсатилди.

Кошғар — Торугарт — Макмал — Жалолобод — Андижон йўналиши бўйича 20 та станция, 42 та кўприк, 25 та туннель барпо этилади. Бундан ташқари, замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар қурилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу магистрал йўлнинг ишга туширилиши минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш, транспорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий Осиёнинг улкан транзит салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Ушбу йўл орқали йилига 15 миллион тонна юк ташилади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддати бир неча минг километр ва деярли бир ҳафтага қисқаради. Йўловчиларни мунтазам ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади, дейилади мурожаатда.

Келгусида ушбу темирйўл линияси Трансафғон йўлаги билан туташиб, Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация тармоқларини самарали бирлаштириш ва кучайтиришга имкон яратиши қайд этилди.

«Бундан, ҳеч шубҳасиз, барча мамлакатлар иқтисодий фойда кўради. Юзлаб янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Ўзбекистон мавжуд техник ва интеллектуал ресурсларни тўлиқ ишга солган ҳолда, бошланаётган қурилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.

«Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли ушбу темирйўл тармоғи бизнинг мустаҳкам дўстлигимиз, шериклик ва тараққиётимизнинг яна бир ёрқин тимсолига айланади», — деди у.