Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни сунъий интеллект ва телекоммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Ўзбекистон 2030» стратегиясида мамлакатни минтақавий IT-ҳабга айлантириш вазифаси белгиланган. Сўнгги йилларда соҳага 3 миллиард долларлик сармоя киритилган. Хорижий капитал иштирокидаги IT-корхоналар сони 2017 йилга нисбатан 8,5 баробар кўпайиб, 1000 тадан ошган. Бугунги кунда соҳадаги ҳар ўнинчи корхона халқаро компания ҳисобланади.

Агар етти йил аввал мамлакатда атиги 12 та экспорт қилувчи корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 650 тага етди. Йил охирига қадар ахборот технологиялари ва телекоммуникация хизматлари экспорти ҳажми 900 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, сунъий интеллект асосида 20 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган бўлса, алоҳида тармоқлар ва йирик корхоналарда яна 70 дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилди. Сунъий интеллектга тайёрлик халқаро индексида Ўзбекистон 17 поғонага кўтарилди.

Октябрь ойида Ўзбекистон президентининг қарори билан 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси қабул қилинган эди. Унда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар улушини ошириш, техник инфратузилмани кенгайтириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Йиғилишда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов келгуси йил учун режалар билан таништирди.

Хусусан, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида «булутли» маълумотлар марказлари ишга туширилади. Стартапларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети ва Инҳа университетида сунъий интеллект лабораториялари очилади.

Бу борада 3000 нафар давлат хизматчиси, шунингдек, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари малака ошириши кутилмоқда.

Масъул шахсларга сунъий интеллектга асосланган лойиҳалар сонини 100 тага, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 50 миллион долларга етказиш вазифаси юклатилди.