Тошкентда ҳаво сифати жума куни эрталабдан яна хавфли даражага кўтарилди. Буни халқаро онлайн ва маҳаллий хизматлар маълумотлари тасдиқлайди.
IQAir порталининг антирейтингида Ўзбекистон пойтахти соат 8:00 да PM2,5 заррачалари кўрсаткичи ҳавода 171,1 мкг/м3 бўлиб, соат 09:00 да 136,3 мкг/м3 га пасайган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳаво сифати бўйича тавсия этилган йиллик ўртача кўрсаткичдан 27,3 баравар юқори.
Пойтахтнинг Air.Tashkent.uz порталида соат 09:00 да PM2,5 қиймати 147,7 мкг/м3 ни ташкил қилди, бу ЖССТ стандартидан 29,5 баравар (5 мкг/м3) ва СанПин ўртача йиллик тавсиясидан 4,2 баравар юқоридир (35 мкг/м3).
Порталдаги тавсияларда қуйидагилар қайд этилган: «Одамлар саломатлиги учун хавф ошган. Иложи борича хонада қолиш ва очиқ ҳавода бўлишдан тийилиш лозим».
Ўзгидромет порталида соат 9:00 ҳолатига автоматик кузатув станцияларидан олинган маълумотлар қуйидагича бўлди: Бунёдкор шоҳ кўчаси (Чилонзор тумани Халқлар дўстлиги саройи) — PM2,5: 167,916 мкг/м3; Ўзгидромет (Юнусобод тумани) — 181,339, ТТЗ-4 массиви (Мирзо-Улуғбек тумани) — 75,378.
Ҳозирча давлат идораларидан расмий баёнотлар, билдиришномалар ёки изоҳлар йўқ.