UzAuto Motors АЖ ва UzАuto Motors Powertrain бош директори Бу Андерссон фаолиятини якунламоқда, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.

Бу Андерссон уч йил аввал, 2021 йилда ушбу компаниялар раҳбарлигини қабул қилган. Швециялик мутахассис (1955 йилда туғилган) Швеция Ҳарбий академияси ва Гарвард университетининг Олий менежмент дастурини тамомлаган, шунингдек, Стокгольм университетининг бизнес бошқаруви бакалаври ҳисобланади. Унинг автомобиль саноатидаги карьераси 1987 йилда Швециянинг Saab Automobile компаниясида бошланган. 1987 йилдан 2009 йилгача GM’да ишлаган, 2009 йилдан «Группа ГАЗ» президенти, 2013 йилдан 2016 йилгача «АвтоВАЗ»га раҳбари бўлган.

Унинг фаолияти якунланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди, унда Бу Андерссоннинг Ўзбекистон автосаноати ривожига қўшган хизматлари ва ҳиссаси қайд этилди.

Бу Андерссон раҳбарлигида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари сезиларли даражада ошгани таъкидланди. Хусусан, Андижон ва Хоразм вилоятларидаги UzAuto Motors заводларида енгил автомобиль ишлаб чиқаришда ўсиш қайд этилди, маҳсулот сифати яхшиланди ва автомобиллар моделлари ассортименти кенгайтирилди.

2023 йил завод фаолиятидаги энг муҳим йиллардан бири бўлди: 395,4 мингта автомобиль конвейердан чиқди, бу аввалги йилга нисбатан 20 фоизга кўп. Бу йил компаниянинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бундан кам бўлмайди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда Ўзбекистон автомобилсозлиги енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида етакчига айланди, шунингдек, Chevrolet бренди учун бозор аҳамияти бўйича ҳам дунёда иккинчи ўринни эгаллади.

Компания ушбу йиллардаги энг муҳим ютуқлар иккита янги машҳур модель — Chevrolet Tracker (кроссовер) ва Chevrolet Onix (седан)нинг оммавий ишлаб чиқаришга жорий этилгани, деб ҳисоблайди. Бу ишлаб чиқарувчининг замонавий GM GEM (Global Emerging Markets) агрегат платформасига ўтиши туфайли амалга ошди.

Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш тўлиқ циклда — штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш билан амалга оширилади. Барча двигателлар Тошкент шаҳрида жойлашган UzAuto Motors Powertrain заводида ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси бугунги кунда 50 фоиздан ошади, бу асосий бутловчи қисмларнинг салмоқли қисмини мамлакатда ишлаб чиқариш эвазига амалга оширилди.