Чоршанба куни Ақтауда ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines самолёти «физик ва техник аралашув»га учраган. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди .

28 декабрдан бошлаб авиаташувчи Бокудан Россиянинг қатор аеропортларига, жумладан, Минералние Води, Сочи, Волгоград, Уфа, Самара, Саратов, Нижний Новгород ва Владикавказга парвозларни тўхтатди.

«Озарбайжон фуқаролик авиацияси давлаи маъмурияти билан келишилган ушбу қарор Бокудан Грознийга J2−8243 рейсини амалга оширган Embraer 190 самолёти билан содир бўлган ҳодиса юзасидан терговнинг дастлабки натижаларига асосланади. Ҳалокатга учиш хавфсизлиги учун потенциал хавф туғдирувчи ташқи физик ва техник аралашув сабаб бўлган . Парвозни тўхтатиб туриш якуний тергов тугагунга қадар ўз кучида қолади», — дейилади бошқа хабарда (инглиз тилида).

Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни AZAL Бокудан Грозний ва Махачқалъага парвозларни тўхтатишга қарор қилган эди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа авиакомпанияларнинг юқорида кўрсатилган йўналишларга, жумладан, Грозний ва Махачқалъага парвозларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди, дея таъкидлади Azerbaijan Airlines.

Авиакомпания авиаҳалокат қурбонларининг ҳар бирига 20 минг манатдан (11,8 минг доллар), қурбонларнинг ҳар бирининг оиласига 40 минг манатдан (23,5 минг доллар) товон пули тўлашга қарор қилди.

Бундан ташқари, Flydubai авиакомпанияси ҳам Сочи ва Минералний Водидан Дубайга парвозларни 5 январга қадар бекор қилди. Авиакомпания буни «форс-мажор» ва парвозлар хавфсизлигига таҳдид деб атади, дея хабар беради Россия Туроператорлари уюшмаси (АТОР).

26 декабрь куни Euronews телеканалининг Озарбайжон ҳукуматидаги манбалари самолёт Грознийга қўнмоқчи бўлганида Azerbaijan Airlines самолёти ёнида рус ракетаси портлаб, унинг қопламасига шикаст етганини хабар қилганди. Озарбайжоннинг Caliber нашри ва Reuters'нинг аниқлик киритишича, самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими таркибига кирувчи «Панцирь-С» зенит ракета-қурол мажмуасидан (ЗРҚМ) уриб туширилган. Бундан ташқари, ушбу ОАВ хабарларига кўра, самолёт бортидаги алоқа тизими радиоэлектрон зарба туфайли ўчирилган.

Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров Грозний аеропортига Azerbaijan Airlines самолёти қўнаётган вақтда дронлар ҳужуми бўлганини тасдиқлади, деб ёзади ТАСС. Унга кўра, самолёт қўнаётган вақтда Грозний аеропорти ҳудудидаги вазият «жуда оғир бўлган». Таъкидланишича, Украина дронларининг аэропорт ҳудудидаги осмонга ҳужуми туфайли барча самолётларнинг белгиланган ҳудуддан зудлик билан жўнаб кетишини назарда тутувчи «Гилам» режаси жорий қилинган. Бундан ташқари, ҳудудда қуюқ туман ҳам бўлган.

Ядровнинг даъво қилишича, самолёт Грознийга қўнишга икки марта муваффақиятсиз уринган. Экипаж командирига қўниш учун Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилинган, бироқ у Ақтау аэропортига боришга қарор қилган, деди Росавиация раҳбари.

Бундан олдин Росавиация самолёт ҳалокати сабабларини изоҳлар экан, авиалайнер гўёки ҳавода қушлар билан тўқнашиб кетгани, шундан сўнг қўмондон самолётни Ақтауга қўндиришга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. ОАВ Озарбайжон самолётига Махачқалъа ва Минералний Води аэропортларига қўнишга рухсат берилмагани ва Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига йўналтирилганини маълум қилган.

  • 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines’га тегишли Embraer 190 йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши: 62 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси, жумладан, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган. Авиаҳалокатда 38 киши ҳалок бўлган. ФВВ маълумотларига кўра , 29 киши касалхонага ётқизилган.