Ўзбекистон 2025 йил 1 январдан БРИКСнинг ҳамкор давлати мақомини олади. Бу ҳақда мамлакат ТИВ матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Қозондаги «БРИКС Плюс» саммитида янги тоифа — ҳамкор давлатларни ташкил этиш орқали ташкилотни кенгайтириш имконияти ишлаб чиқилганини айтган эди.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Алоев «Газета.uz» билан суҳбатда Ўзбекистон БРИКСдаги фаолиятини «қадамма-қадам» чуқурлаштиришга интилаётганини таъкидлаганди.

«БРИКСнинг жаҳондаги нуфузи ўсишда давом этмоқда. БРИКС билан ҳамкорлик қилувчи ва аъзо бўлишни хоҳловчи давлатлар сони ортиб бормоқда. Биз ҳам шу йўлдан боряпмиз ва келгусида, албатта, аъзо мамлакатлар билан алоқаларимизни тубдан ривожлантирамиз», — деди у.

ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари бундай ҳамкорликда асосий эътибор савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, шунингдек, транспорт, яшил энергетика ва рақамлаштириш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликка қаратилишини таъкидлаганди.

23 декабрь куни РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков 1 январдан бир қатор давлатлар ушбу мақомга эга бўлишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда бирлашмага ҳамкор давлат бўлишга тайёрлигини тасдиқлаган.

Бу давлатлар вакиллари БРИКС саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари саммитлари доирасидаги алоҳида йиғилишларга таклиф қилинади. «Биз ҳамкорларни хавфсизлик масалалари бўйича масъул юқори вакиллар йиғилишлари, парламент форуми ва бошқа тадбирларга жалб этишни тўғри деб ҳисоблаймиз», — деган Кремль вакили.

БРИКС (инглизча BRICS — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР давлатларнинг бош ҳарфлари) 2006 йил июнь ойида ташкил этилган.