Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат харажатлари ва ташқи қарзлар лимитини оширишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилишини тасдиқлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги анъанавий равишда бу йил ҳам йил давомида харажатларни кўпайтиришга рухсат сўраб парламентга мурожаат қилмади, қайсидир харажат зарурлиги тўғрисида депутатлар олдида ҳисоб бермади, йил якунидагина ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини уларга олиб кирди.
Мисол учун: Қозоғистонда ҳукумат йил давомида бюджетга 10 марта тўғрилаш киритди ва ҳар бир ҳолатда бундай ўзгартиришлар парламентдан ўтди, депутатлар режалаштирилган харажатлар бўйича тушунтиришлар олди.
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистонда тузатишларни кўриб чиқиш Қонунчилик палатасида 9 дақиқа давом этди (бу жараён 2023 йилда тахминан 20 дақиқа, 2022 йилда 30 дақиқа давом этган). Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров нутқининг ўзи 5 дақиқа давом этди. Кейин янги чақириқ депутатлари ҳужжатни саволларсиз ва муҳокамаларсиз бирданига уч ўқишда қабул қилди. Ўтган йилларда парламентнинг баъзи аъзолари жараёнда саволлар берганди.
Бирорта депутат қарши овоз бермади. Ҳукумат ҳам, депутатлар ҳам нима учун давлат харажатларини ошириш зарурлигини очиқ равишда асослаб бермади.
18 декабрдаги мажлисида Сенат ҳам қонунни маъқуллади, бироқ сенаторлар бу тузатишларни муҳокама қилиш учун бир соатдан кўпроқ вақт сарфлади ва Аҳадбек Ҳайдаров нутқининг ўзи 27 дақиқа давом этди.
Давлат харажатларининг ошиши
Ўзгартишларга кўра, вазирликлар, қўмиталар, идоралар ва бошқа давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 трлн сўмга (ёки 775,8 млн долларга) — 255,4 трлн сўмдан 265,4 трлн сўмгача оширилди.
Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳамда бюджет ташкилотларининг айрим турдаги хизматлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга қўшимча 2,43 трлн сўм (жами 11,98 трлн сўм) йўналтирилди.
Аҳадбек Ҳайдаровнинг маълум қилишича, давлат харажатлари қуйидаги сабабларга кўра қўшимча равишда ошган:
- Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармасига трансфертлар — 841 млрд сўм, улар аллақачон банклар томонидан ажратилган, шунинг учун бу харажатлар бюджет ҳисобидан қопланади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган беморларнинг аллергик ва иккиламчи иммунотанқислик касалликларини даволаш учун ингаляцион препаратларни бепул тарқатиш — 30 млрд сўм;
- Маданият ва санъатни ривожлантириш, Маданият вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, моддий рағбатлантириш — 100 млрд сўм;
- иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам тўловлари ҳамда электр энергияси ва газ учун базавий норма ва оширилган нархлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун компенсациялар — 592 млрд сўм;
- маҳаллаларда энг долзарб инфратузилма масалаларини ҳал этиш учун — 1 млрд 344 млн сўм, шу жумладан, 203 та мактаб, болалар боғчаси ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 304 млрд сўм, 374 та йўл ва кўприклар учун 374 млрд сўм, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 131 та лойиҳа учун 257 млрд сўм, электр таъминотини яхшилаш учун 511 та объектга 241 млрд сўм;
- Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси капиталини шакллантириш учун — 300 млрд сўм.
- Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнес лойиҳаларини кредитлаш учун давлат банкларининг устав капиталидаги давлат улушини оширишга — 2,5 трлн сўм.
Аҳадбек Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, йил охиригача бюджет ташкилотларида бўш иш ўринлари ҳамда самарасиз ёки такрорий штат ўринларини қисқартириш ҳисобига харажатларни 1 трлн сўмга оптималлаштириш режалаштирилган. Октябрь ойи охирида президент вазирлик ва идораларнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш персонали штатларини 5,2 фоизга қисқартирганди.
Кам таъминланган оилаларни аниқлаш мезонларини қайта кўриб чиқиш ҳамда «ижтимоий адолат тамойиллари асосида» болалар нафақалари ва моддий ёрдамни қайта тақсимлаш ҳисобига 2 трлн сўм тежалиши кутилмоқда.
Шунингдек, 2024 йилда вазирлик ва идораларга ривожлантириш харажатлари учун ажратилган маблағлардан 1,7 трлн сўм тежаш кўзда тутилган.
Тежалган 4,1 трлн сўмни юқоридаги йўналишлар бўйича қўшимча харажатлар учун қайта тақсимлаш кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 14 мартдаги қарорига (ҳужжат очиқ манбаларда мавжуд эмас) мувофиқ, ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида болалар боғчалари ва мактабларини қуриш ҳамда таъмирлаш учун маҳаллий бюджетларда назарда тутилган 4 трлн 373 млн сўм маблағ республика бюджетига ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларига 3,95 трлн сўм маблағ йўналтирилди.
Аҳадбек Ҳайдаровнинг айтишича, Қурилиш вазирлиги ҳузурида таълим муассасаларини лойиҳалаш учун алоҳида инжиниринг компанияси ташкил этилган. У мактабларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиққан. Бу инвестиция дастури бўйича 500 млрд сўмни тежаш ва бу маблағни 80 дан ортиқ таълим муассасасини қуриш ва таъмирлашга йўналтириш имконини берди, бунинг натижасида мактабларда қўшимча 19 минг ўқувчи ўрни, болалар боғчаларида эса 4 минг тарбияланувчи ўрни яратилди, деди у.
Президент топшириғини бажариш учун Қашқадарёдаги иккита умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли ва еттита ички йўлнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 220 млрд сўм, Сурхондарёнинг етти туманини боғловчи автомобиль йўлининг 92 километр узунликдаги қисмини таъмирлаш учун 100 млрд сўм, Сирдарёдаги 257 та ички йўлларни таъмирлашга 49 млрд сўм, Хоразм вилоятида йўлларни таъмирлаш ишлари учун 100 млрд сўм ажратилди.
Бундан ташқари, давлатнинг мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ, мамлакат суверен жамғармаси) кўрсаткичларига ҳам тузатиш киритилмоқда.
Йил бошига кўра давлат мақсадли жамғармалари маблағлари қолдиғи 12,84 трлн сўмни (амалдаги қонунга мувофиқ 11,5 трлн сўм бўлиши кутилаётган эди), даромадлари 64,77 трлн сўмни (65,25 трлн сўм), давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар 34,06 трлн сўмни (32,19 трлн сўм), харажатлар 96,69 трлн сўмни ташкил этади (96,1 трлн сўм).
Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарни қоплаш учун Республика мақсадли жамғармасига қўшимча 100 млрд сўм (жами 600 млрд сўм) маблағ йўналтирилмоқда. Гап аҳоли ва тадбиркорлардан давлат эҳтиёжлари учун ерларни олиб қўйиш ҳақида бормоқда.
Йил бошида ТТЖ баланси профицит билан режалаштирилган бўлса (даромадлари харажатлардан кўп), йил охирига келиб 363,67 млрд сўмлик салбий сальдо кутилмоқда.
Жумладан, жамғарма даромадлари (сотишдан тушган тушумнинг бир қисми ТТЖга ўтказиладиган олтин ва бошқа хомашё нархларининг юқорилиги туфайли) 18,87 трлн сўмдан 20,82 трлн сўмгача (+10,3 фоиз), харажатлари эса 18,85 трлн сўмдан 21,18 трлн сўмгача (+12,4 фоиз) ошади.
Аввалроқ «Газета.uz» айрим вазирлик ва идоралар бюджети қандай ўзгаргани ҳақида батафсил маълумот берганди.
Қарзлар чегарасини ошириш
«2024 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда Ўзбекистон ҳукумати 2024 йилда қарз олиши мумкин бўлган миқдорга чегара белгиланганди. Хусусан, умумий қиймати 5 млрд доллардан ортиқ бўлган қарзлар (ташқи қарзлар) бўйича янги халқаро битимларни имзолаш тақиқланганди. Шундан 2,5 млрд доллар бюджетни қўллаб-қувватлашга (харажатлар даромаддан кўп бўлганда — бюджет тақчиллигини қоплаш), қолган 2,5 млрд доллар инвестиция лойиҳаларига йўналтирилиши режалаштирилганди.
Бироқ ҳукумат олдинги йилларда бўлгани каби давлат харажатлари бўйича белгиланган чегаралардан чиқиб кетди, шунинг учун ўзгартиришлар орқали ташқи қарзлар бўйича чегара 2,3 млрд долларга — 7,3 млрд долларгача оширилди: 3,2 млрд доллар (+700 млн доллар) — бюджет тақчиллигини молиялаштиришга, 4,1 млрд доллар (+1,6 млрд) инвестиция лойиҳалари учун. Ўтган йили лимит 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўтарилганди.
Аҳадбек Ҳайдаров қўшимча жалб қилинган қарзлар муҳим ижтимоий лойиҳалар, хусусан, ипотека бозорини ривожлантириш, банкларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ресурслар ажратиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва бошқа муҳим инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилишини айтди.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия бюджетларини ўз ичига олган «бошқа ташкилотлар» харажатлари бандидаги сумма 2 трлн 480 млрд сўмга ошиб, 47 трлн сўмга етди. 2025 йилда уларни молиялаштиришни қарийб 50 трлн сўмгача етказиш режалаштирилган.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, консолидациялашган бюджет тақчиллигини қонун ҳужжатларида белгилангани каби ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз даражасида ушлаб туриш учун барча чоралар кўрилади.
Сенатор Мойра Тошова Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ташқи қарзлар лимити кескин оширилгани (2021 йилдан бери илк бор) ҳақида савол берди ҳамда ушбу қарорнинг ташқи қарз ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар қийматининг ошиши билан боғлиқлигини ҳам таъкидлади. У бундай лойиҳаларнинг самарадорлиги қандай экани ва ташқи қарзни қисқартириш бўйича режалари бор-йўқлигини сўради. Бироқ вазирлик вакили бу саволга ёзма жавоб беришини айтди.
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2024 йилда 4,8 млрд долларга ошиб, 34,9 млрд доллардан 39,7 млрд долларгача ошиши кутилмоқда. 2027 йилда давлат қарзи даражаси 55,9 млрд долларга етиши мумкин, бироқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, бу кўрсаткичнинг ЯИМга (36,7 фоиз) нисбатида ўсиши «сезиларсиз» бўлади.