Бош прокуратура Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд иши бўйича маълумот берди.

Унга кўра, Россия Федерацияси фуқаролари Бислан Расаев ва Шамиль Темирханов қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи каби жиноий ҳаракатларни содир этгани аниқланган.

Б.Расаев ва Ш. Темирханов Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда Интерпол орқали уларга қидирув эълон қилинган.

Бислан Расаев 36 ёшда, рус ва чечен тилларини билади. Интерпол веб-сайтида қуйидаги айбловлар келтирилган:

  • 241-модданинг 1-қисми: Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • 246-модданинг 1-қисми. Контрабанда — 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • 248-модданинг 1-қисми. Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шамиль Темирханов 31 ёшда, рус тилини билади. Интерпол сайтига кўра, у қуйидагиларда айбланмоқда:

  • Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишга уриниш.
  • Ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, ўқотар қуролларнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмаларнинг ноқонуний савдоси.

Комил Алламжоновга қуролли ҳужум

26 октябрга ўтар кечаси Қибрай туманида темир йўл кесишмаси яқинида икки номаълум шахс Комил Алламжонов ўтирган Range Rover русумли автомобилга бир неча марта ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳайдовчи ва собиқ амалдор жароҳат олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябрь куни эрталаб Бош прокуратура бир гумонланувчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Бир кун ўтиб яна уч нафар шахс ушлангани маълум қилинган.

Бош прокуратуранинг 25 ноябрдаги хабарида суиқасдда гумонланаётганлар сони 7 кишига етгани, улардан 2 нафарига қидирув эълон қилингани айтилган. Хусусан, улардан бири Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Яна бирининг Қозоғистонда яширинган манзили аниқланган.