Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер мамлакат парламенти (бундестаг)ни тарқатиб юборди ва муддатидан олдинги парламент сайловларини 2025 йил 23 февралга белгилади. Бу ҳақда Tagesschau хабар бермоқда.

«Ҳозирги мураккаб даврда барқарорликни таъминлаш учун ишга қодир ҳукумат ва парламентда ишончли кўпчилик бўлиши зарур», — деди у.

Мамлакат президенти парламентни тарқатиб юбориш ниятида эканини 20 декабрь куни маълум қилганди. У «федерал ҳукумат учун барқарор парламент кўпчилигини шакллантириш истиқболи бутунлай йўқолган», деб айтганди.

16 декабрь куни бундестаг депутатлари канцлер Олаф Шольц ҳукуматига нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилганди. Шольцнинг ўз ташаббуси билан чақирилган махсус мажлисда 717 депутатдан 207 нафари Вазирлар Маҳкамасини қўллаб-қувватлаган, 116 нафари бетараф қолган, 394 нафари қарши чиққан.

Шольц ҳукмрон коалиция парчаланганидан кейин депутатлар олдига ишонч масаласини қўйди — бу овоз бериш муддатидан олдин сайловларни тайинлаш учун расмий асосларга эга бўлиш учун зарур эди. Овоз беришдан сўнг Шольц Германия президентига парламентни расман тарқатиб юборишни таклиф қилди. У буни 21 кун ичида қилиши керак эди, қоидага кўра, шундан сўнг янги сайловлар тайинланади.

2021 йилдан бери Германияда Шольц бошқарадиган Социал-демократик партия, Яшиллар ва Эркин демократик партиядан иборат коалиция ҳокимият тепасида турибди. Ноябрь ойи бошида иқтисодий ислоҳотлар бўйича коалициядаги жиддий келишмовчиликлар фонида Эркин демократик партия коалицияни тарк этганди, шу тариқа, «светофор коалицияси» деб аталувчи ҳукмрон коалиция парчаланиб кетган.

  • Ноябрь ойи охирида Шольц иккинчи муддатга ўз номзодини қўйишни режалаштираётгани маълум бўлганди. Унинг потенциал рақиби, Германия мудофаа вазири Борис Писториус бўлажак сайловларда Социал-демократик партиядан канцлерликка номзодини кўрсатишдан бош тортган ва Шольцни қўллаб-қувватлаган. Партия аъзолари аввалроқ Шольцнинг оммабоп эмаслиги сабабли Писториусни ўз номзодини қўйишга чақирганди.