Ҳиндистоннинг собиқ бош вазири Манмоҳан Сингҳ 92 ёшида Нью Деҳлидаги AIIMS тез ёрдам бўлимида вафот этди, деб ёзмоқда Reuters. У мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларнинг асосий меъмори ва «иқтисодий либераллаштириш қаҳрамони» ҳисобланади.
У 2004 йилги умумий сайловлардан кейин биринчи марта бош вазир бўлган, 2009 йилда яна бу лавозимни эгаллаган. 2014 йилда Сингҳ ўзи вакиллик қилган «Ҳиндистон миллий конгресси» партияси парламент сайловларида мағлуб бўлганидан кейин истеъфога чиққанини эълон қилган. У мустақил Ҳиндистон тарихида (Жавоҳарлаъл Неру ва Индира Гандидан кейин) лавозимда узоқ муддат ишлаган учинчи бош вазир бўлди. Унинг вориси Ҳиндистон халқ партияси етакчиси Нарендра Моди саналади.
Сингҳ Ҳиндистоннинг мисли кўрилмаган иқтисодий ўсишга эришишига сабабчи бўлган ва юз миллионлаб одамларни даҳшатли қашшоқликдан олиб чиққан, деб таъкидлайди Reuters.
«Ҳиндистон ўзининг энг кўзга кўринган етакчиларидан бирининг вафот этганидан қайғуда», — деди бош вазир Нарендра Моди.
Британия ҳукмронлиги остидаги Ҳиндистоннинг бир қисмида, ҳозирги Покистонда камбағал оилада туғилган Сингҳ Оксфордга боришдан олдин Кембриж университетида ўқиш учун шам ёруғида ўқиган ва Ҳиндистон иқтисодиётида экспорт ва эркин савдонинг роли бўйича докторлик диссертациясини қўлга киритган.
У иқтисодчи, Ҳиндистон марказий банки губернатори ва ҳукумат маслаҳатчиси бўлган, аммо 1991 йилда тўсатдан молия вазири лавозимига тайинланганда, унда сиёсий мартаба учун аниқ режалар йўқ эди, деб ёзади нашр.
90-йиллар бошида Молия вазирлиги раҳбари бўлган Сингҳ 1991−1992 йилларга мўлжалланган бюджет лойиҳасини тақдим этган, у Ҳиндистон иқтисодиётини либераллаштириш, глобаллашув ва хусусийлаштириш йўналишида илгари сурилганди. Бу мамлакатнинг бозор иқтисодиёти томон сезиларли силжишини белгилаб берган ва кейинги ўн йилликларда жадал иқтисодий ўсишга йўл очган.
У ўзининг бюджетга бағишланган илк нутқида Виктор Гюгодан иқтибос келтирган ҳолда шундай деган: «Ер юзидаги ҳеч бир куч фурсати келган ғояни тўхтата олмайди» ва қўшимча қилган: «Ҳиндистоннинг дунёдаги йирик иқтисодий куч сифатида пайдо бўлиши шундай ғоялардан биридир».
Мансабдан кетишидан бироз олдин ўтказилган матбуот анжуманида Сингҳ қўлидан келган ҳамма ишни қилганини таъкидлаган. «Ишончим комилки, тарих менга замонавий оммавий ахборот воситаларидан ёки, шу маънода, парламентдаги мухолифат партияларидан кўра юмшоқроқ муносабатда бўлади», — деган у.