27 декабрь куни Садир Жапаров Жалолобод вилоятига амалий ташрифи чоғида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишига старт берди, дея маълум қилди Қирғизистон президенти матбуот хизмати.
Давлат раҳбари маросимда бу темирйўл нафақат транспорт йўлаги, балки Шарқ ва Ғарб давлатларини боғловчи муҳим стратегик кўприк эканини яна бир бор таъкидлади.
«Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан, Туркияга ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди. Лойиҳа минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлайди, транспорт йўналишларини диверсификация қилишга ва минтақанинг халқаро транспорт-транзит ҳаб сифатидаги рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради, бу эса Марказий Осиё мамлакатлари мақсадларига мос келади», — деди Садир Жапаров.
Шундан сўнг Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Чжен Шансзе ХХР раиси Си Цзиньпиннинг мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Унинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа Осиё ва Европани боғлайдиган янги қуруқлик йўлагини қуриш имконини беради ва уч мамлакат ўртасида одамларнинг ҳаракатланиши ва товар айирбошлаш даражасини сезиларли оширади. Лойиҳа саноатни самарали ривожлантириш, ресурсларни ўзлаштириш, шунингдек, савдо ва инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ўқиб эшиттирган мурожаатида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилишига асос солиниши дўст мамлакатлар қарийб 30 йил илгари босиб ўтган тарихий воқеа экани таъкидланди.
У Марказий Осиё минтақасини Хитой билан энг қисқа қуруқлик йўли орқали боғлайдиган халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уч давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.
Тадбир якунида Садир Жапаров темирйўл қурилишига рамзий тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Темирйўл ҳақида
Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йилдан бери муҳокама қилинади. Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, сўнгра Туркманистон, Эрон ва Туркияга йўналишнинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилди. Томонлар темирйўлнинг кенглиги, шунингдек, бориш қийин бўлган баланд тоғли ҳудудлардан ўтадиган магистралнинг қурилиш қиймати ва унинг йўналиши ҳақида келишиб ололмайди. Бу Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.
Ҳужжатга кўра, халқаро транспорт йўлаги қурилиши «Қашқар — Торугарт — Макмал — Жалолобод — Андижон» йўналишининг комбинацияланган варианти бўйича амалга оширилади. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилиши Хитойдан Ўзбекистон орқали Туркияга, ундан кейин Европага, шунингдек, Форс кўрфази давлатларига савдо ва ташиш географиясини кенгайтириш имконини беришини маълум қилди.
Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлининг узунлиги 486 км ни ташкил этади, шундан тахминан 312 км Қирғиз Республикаси ҳудудидан ўтади, у ерда 18 та темирйўл станцияси қурилиши режалаштирилган, бундан ташқари, тоғли рельефни ҳисобга олган ҳолда, 81 та кўприк қуриш ва узунлиги 120 км дан ортиқ бўлган 41 та туннелни бурғилаш талаб этилади.
«Киргиз темир жолу» давлат корхонаси раҳбари Азамат Сакиев темирйўл икки қисмдан иборат бўлишини таъкидлади. Хитой чегарасидан Макмал станциясигача (165,5 км) Хитойда қўлланадиган стандартга мувофиқ 1435 мм кенгликдаги из ётқизиш режалаштирилган, кейин Жалолободгача (146,2 км) 1520 мм кенгликдаги из олиб борилади.
Макмал станциясида таркибларни қайта шакллантириш, юкларни қайта юклаш, саралаш ишлари амалга оширилади. Прогнозларга кўра, 2035 йилга келиб тармоқдаги ўртача йиллик ташиш ҳажми 5 миллион тоннани ташкил этади, шундан ярмидан кўпи транзитга тўғри келади, деб ёзади Spot.
Келишув шартларига кўра, Хитой қўшма корхонада 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улуш олади.
Ёзда Транспорт вазирлиги вакили «Газета.uz» билан суҳбатда қўшма компанияда Хитойнинг улуши 51 фоизни, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг улуши эса 24,5 фоизданни ташкил этишини маълум қилган эди. Унинг таъсисчилари Хитойнинг China Railway International, «Киргиз темир жолу» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари эди. Қирғизистон ўз бюджетидан 11 млрд сўм (тахминан 130,5 млн доллар) ажратишни режалаштирган.
«Хитой ҳудудида темирйўл қурилиши Хитой томонидан тўлиқ амалга оширилади ва молиялаштирилади. Қолаверса, улар Қирғизистон ичидаги ушбу жараёнларда ҳам иштирок этади. Ўзбекистонда лойиҳага қўшилиш учун 10 километрга яқин йўллар қуришимиз керак. Ишларнинг асосий қисми Қирғизистонда», — деди суҳбатдош.
Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ўз маблағларининг ярмини қўшма корхонадаги улушларга мувофиқ иштирокчи мамлакатлар тақдим этади: 1,18 миллиард доллар Хитой, қарийб 700 миллион доллар Қирғизистон томонидан ажратилади. Шу билан бирга, 19 июнь куни Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган тақдимотда Ўзбекистон ва Қирғизистон 573 миллион доллардан ажратиши айтилган эди.
Яна 2,35 миллиард доллар Хитой томонидан тақдим этиладиган нотижорат кредит ҳисобланади. Ҳозирда бу борада Инэксимбанк ва ХХР Миллий банки билан музокаралар олиб борилмоқда.
Июль ойида Ўзбекистон президенти Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича лойиҳа компанияси устав фондига 255 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берган эди. Шундан 14 млн доллари жорий йил охиригача йўналтирилиши керак.
Июнь ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ҳукуматлари темирйўл лойиҳасини биргаликда илгари суришда ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама битимни имзолаган.