Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний транзит оқимини камайтириш ва расмий импорт ҳажмини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 18 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Иброҳимов маълум қилди.

Сенатор, Олмалиқ кон-металлургия комбинати раиси Абдулло Хурсанов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мувофиқ импорт қилинадиган тамаки ва алкоголли маҳсулотларга акциз солиғи ставкалари унификация қилинаётганини таъкидлади.

2025 йил 1 январдан тамаки ва алкоголли маҳсулотларга акциз солиғи оширилади. Сенатор бунинг оқибатида нархлар ошиши ва маҳсулотларнинг ноқонуний айланиши эҳтимоли борлигидан хавотир билдирди.

Жорий йилнинг 10 ойида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси бозорнинг 10 фоизини ёки 420 миллиард сўмни ташкил этган.

«Тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг солиқ ставкаларини ўзгартиришда ижтимоий-иқтисодий оқибатлар инобатга олинганми? Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?», — сўради Хурсанов.

Отабек Ибрагимов ЖСТнинг Тарифлар ва савдо бўйича бош келишуви (ТСБК) доирасида импорт қилинадиган товарлар ва маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ундириладиган солиқ ва божлар имкон қадар тенглаштирилиши кераклигини таъкидлади. Шу талабдан келиб чиқиб, июнь ойида президент миллий қонунчиликни ЖСТ келишувларига мувофиқлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Тамаки маҳсулотларига акциз солиғи ставкаларини унификация қилишнинг охирги муддати 2026 йил 1 январь ҳисобланади.

Жумладан, 1 январдан сигареталар учун таннархнинг 10 фоизи миқдоридаги адвалор ставкаси бекор қилиниб, импорт қилинадиган сигареталар учун ставкалар 1000 дона учун 330 минг сўмга (+1,5%), маҳаллий сигареталар учун 300 минг сўмга (+19,7%) оширилади. 1 июлдан импорт ва маҳаллий сигареталар учун тарифлар тенглаштирилиб, 340 минг сўмни ташкил этади.

Бу сигареталар нархининг ошишига олиб келмайди, деди Отабек Иброҳимов. У 1000 дона сигареталар учун 360 876 сўм тўланадиган товар белгиларидан бирига мисол келтирди, жумладан:

  • 325 000 сўм — акциз солиғининг асосий ставкаси бўйича.
  • 35 876 сўм — 10 фоизлик адвалор божи бўйича.

2025 йил 1 январдан жорий этилган янги ставкага кўра, импорт қилинадиган маҳсулотлар учун 330 минг сўмлик ягона ставка белгиланади, бу эса умумий таннархнинг 30 минг сўмдан ортиқ пасайишига олиб келади.

Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланиши бўйича эса муаммо асосан тамаки Ўзбекистон ҳудуди орқали Қирғизистон ва Тожикистонга транзит билан боғлиқ, деди Божхона қўмитаси вакили.

2017 йилда транзит ҳажми 18,6 миллион, 2018 йилда 41,3 миллион, 2019 йилда 106 миллион, 2022 йилда 328 миллион, 2023 йилда эса аллақачон 455 миллион ўрамни ташкил этган.

Божхона органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатадики, тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтиш бўйича етакчи ҳудудлар қуйидагилар:

  • Наманган вилояти — Янгиқўрғон, Чортоқ ва Уйчи туманлари;
  • Фарғона вилояти — Олтиариқ ва Фарғона туманлари;
  • Тошкент вилояти — Бекобод ва Пискент туманлари.

Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудларида 11 та божсиз савдо дўконлари мавжуд бўлиб, улардан 6 таси Андижон билан чегарадаги «Дўстлик» божхона постида жойлашган.

«Бунда йирик сотувчилар катта партия тамаки маҳсулотларини бўлиб-бўлиб, фуқароларнинг қўлига тутқазиб чегара ҳудудларига олиб кираётгани ҳам аниқланмоқда», — деди у.

Охирги тўрт йилда (2020−2024) божсиз импорт қилинадиган товарлар ҳажми қарийб 10 баробар ошган.

Маҳсулотларни ноқонуний олиб киришга қарши курашиш мақсадида 2024 йил февраль ойидан бошлаб транзит юкларни белгиланган мамлакатга дастлабки сўровлар тизими жорий қилинган эди. Агар тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтилса, божхона органлари белгиланган давлатдаги ҳамкасбларига сўров юбориши мумкин.

Бир қатор ҳолларда сўровларга жавоб олинмаган, баъзан эса кўрсатилган тадбиркорлар Қирғизистонда йўқлиги аниқланган. Натижада 138 тонна тамаки маҳсулотлари қайтарилган.

Соҳани тартибга солиш мақсадида 2024 йил 1 сентябрдан божхона тўловлари транзит пайтида депозит ҳисобварағига киритилиб, процедура тугагандан сўнг сумма қайтариладиган механизм жорий этилган.

Учинчи механизм: қабул қилувчи давлат аксиз маркаларининг ҳақиқийлигини текшириш жорий этилди.

Ушбу чора-тадбирлар натижасида ноқонуний транзит оқимларини камайтириш ва расмий импорт ҳажмини оширишга эришилган:

  • 2019 йилда 3,4 миллион ўрам импорт қилинган.
  • 2020 йилда — 2,5 миллион ўрам.
  • 2021 йилда — 3,2 миллион ўрам.
  • 2022 йилда — 369 минг ўрам.
  • 2023 йилда — 2,2 миллион ўрам.
  • 2024 йил 11 ойида — 23 миллион ўрам.

Божхона тушумлари ҳам сезиларли даражада ошган. 11 ой давомида тамаки маҳсулотлари импорти бўйича божхона тўловлари 294 миллиард сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 баробар кўп.

Отабек Ибрагимовнинг айтишича, бу чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда, бироқ контрабанда даражасини янада камайтириш учун чегара ва божхона пунктларида назоратни кучайтиришни давом эттириш муҳим.

Ўзбекистоннинг 13 та йирик назорат-ўтказиш пунктларида инспекция ва назорат мажмуалари ўрнатилган. 2025 йилги давлат бюджетидан яна 6 та ана шундай мажмуа сотиб олиш учун 148 миллиард сўм ажратилган.