«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров шанба куни Россия ҳаво ҳудуди хавфсизлиги масаласини кўтарди.
У ўзининг Telegram каналидаги постда партия Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясига бу борада асосли тушунтириш беришни сўраб сўров юборишини маълум қилди.
«Uzbekistan Airways биринчи ўринда ватандошларимиз хавфсизлиги ҳақида ўйлаши керак», — деб ёзди у.
Uzbekistan Airways матбуот хизматининг «Газетa.uz»га маълум қилишича, айни пайтда Россия шаҳарларига, жумладан, Маxачқалъа ва Грознийга барча рейслар белгиланган жадвал бўйича амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда авиаташувчи Благовещенск, Владивосток, Грозний, Махачқалъа, Москва, Екатеринбург, Иркутск, Қозон, Краснодар, Красноярск, Минеральние Води, Нижневартовск, Нижний Новгород, Новосибирск, Омск, Оренбург, Перьмь, Ростов, Самара, Санкт-Петербург, Сочи, Тюмень, Уфа ва Хабаровскка парвозларни амалга оширади.
Тошкентдан Грознийга парвозлар ҳафтасига икки марта (сешанба ва жума кунлари), Маxачқалъага бир марта (пайшанба кунлари) амалга оширилади.
Хорижий компаниялар авиарейсларни бекор қилмоқда
Бир қатор хорижий авиакомпаниялар Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида ҳалокатга учраганидан сўнг Россиянинг баъзи шаҳарларига парвозларни тўхтатганини эълон қилди.
28 декабрдан AZAL Бокудан Россиянинг бир қатор аэропортларига, жумладан, Минеральние Води, Сочи, Волгоград, Уфа, Самара, Саратов, Нижний Новгород ва Владикавказга парвозларни тўхтатди. Бунгача авиаташувчи Грозний ва Махачқалъага парвозларни тўхтатган эди.
Қозоғистоннинг Qazaq Air авиакомпанияси «йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» 28 декабрдан 27 январгача Остонадан Екатеринбургга парвозларни тўхтатди. Қарор «Россияга парвозлар хавфини доимий равишда баҳолаш» якунлари бўйича қабул қилинди. Екатеринбургга парвозларни тиклашдан олдин ташувчи хавфларни қайта баҳолайди. Омск ва Новосибирскка парвозлар давом этади.
Исроилнинг El Al авиакомпанияси пайшанба куни «Россия ҳаво ҳудудидаги воқеалар муносабати билан» келгуси ҳафтада Тель-Авив — Москва йўналиши бўйича парвозларни тўхтатишини эълон қилди.
Дубайнинг Flydubai авиакомпанияси ҳам Сочи ва Минеральние Водидан Дубайга парвозларни 5 январга қадар бекор қилди. Авиакомпания буни «форс-мажор» ва парвозлар хавфсизлигига таҳдид деб атади, дея хабар беради Россия Туроператорлари уюшмаси.
Катастрофа ҳақида
25 декабрь куни Ақтау яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Embraer 190 йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Бортда 67 киши, шу жумладан, 5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт ҳалокати оқибатида 38 киши ҳалок бўлган. AZAL куни кеча самолёт «физик ва техник аралашув»га учраганини маълум қилди.
26 декабрь куни Euronews Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб, Грознийга қўнмоқчи бўлган самолёт ёнида Россиянинг ҳаво ҳужумига қарши ракета портлагани ҳақида хабар берди. Озарбайжоннинг Caliber нашри ва Reuters агентлиги лайнер бортидаги радиоэлектрон кураш воситалари туфайли алоқа тизими ўчирилганига аниқлик киритди.
Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров Грозний аеропортига Украина дронлари ҳужум қилганини, бундан ташқари туман кузатилганини тасдиқлади, деб хабар беради ТАСС. Унинг айтишича, учувчилар Грознийга икки марта қўнишга уриниб кўрган. Командирга Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилинган эди, лекин у Ақтау аеропортига боришга қарор қилди, деди Росавиация раҳбари. Баъзи оммавий ахборот воситалари самолётга Махачқалъа ва Минеральние Водига қўнишга рухсат берилмагани ҳақида ёзишган.