Instagram`да таниқли боксчи Шаҳрам Ғиёсовнинг Buka Gym спорт залида оғзи бекитилган айиқ билан жанг қилаётгани акс этган видео тарқалди.

Мусиқа билан эълон қилинган роликда араб тилида «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан!» сўзлари билан овоз берилган бўлиб, спортчи жониворни бир неча бор чалқанчасига йиқитади. Бу пайтда айиқни бошқа бир киши жиловида ушлаб турган.

Ижтимоий тармоқларда жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндорининг ҳаракатлари қораланди. Фойдаланувчилар видеони жойлаштирган каналдаги пост остида «даҳшатли», «жирканч», «ҳайвонлар устидан кулиш» каби шарҳларни қолдиришган. Кейинчалик видео ўчирилди, аммо бошқа кўплаб каналлар уни нусхалашга улгурди.

Видеодан кадр.Видеодан кадр.

«Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти видеони кўриб ҳайратга тушган фуқаролардан хабарлар олганини маълум қилди. Шу билан бирга, видеода бошқа спортчилар ҳам борлиги айтилади. Айиқнинг тирноғи йўқ, дея аниқлик киритишди жамоатчилик вакиллари.

Ташкилот Ички ишлар вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ариза тайёрлади.

Спортчи ҳам, тасвирга олиш ишлари олиб борилган спорт зали ҳам ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган.