Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Чеченистон (Россия) раҳбари Рамзан Қодировнинг Ўзбекистон амалдорларига (шу жумладан, собиқ амалдорга) таҳдидларини қоралаб, буни мамлакат ички ишларига аралашиш деб баҳолади.
Ўз Telegram каналида «Миллий тикланиш» партияси вакили Рамзан Қодировнинг каналидаги эълонларга жавобан шундай ёзди: «Бундай ҳаракатлар икки дўст давлат муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларга зарар етказиши мумкин».
«Мен Россия Федерацияси Бош прокуратурасидан Рамзан Қодировнинг ўзбек мулозимларига таҳдиди юзасидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришини сўрайман», — деди депутат.
Бундан ташқари, у Чеченистон Республикаси раҳбари ўз фикрлари учун Ўзбекистон халқидан очиқдан очиқ кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
«Агар у дўст бўлса, Ўзбекистон Бош прокуратурасига қидирувда бўлган Бислан Расаев ва Шамиль Темирхановни топишда амалий ёрдам бериши ва уни Ўзбекистонга топшириши лозим», — дея қўшимча қилди Одилжон Тожиев.
Шунингдек, экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ҳам ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган. У Ўзбекистондаги мансабдор шахсларга очиқча таҳдид қилишни терроризм дея баҳолаган. «Буни амалга оширмоқчи бўлган ёки гапириб чиққан шахслар ҳам жавоб бериши лозим», — деб ёзган мансабдор.
Рамзан Қодиров нима деганди?
Рамзан Қодиров 26 декабрдаги постида президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасд қилишда «чечен изи» (бу ҳақда ОАВ хабар берган эди) борлигини ва бу ишга алоқадорлигини иккинчи бор рад этганди. «Буни суиқасд деб аташ қийин», деб ёзди у ва такрорлади: «Агар буни мен тайёрлаганимда эди, ишни охирига етказган бўлардим… Мен ҳақимда бундай ёмон фикрда бўлманг». Чеченистон раҳбари бу иш бўйича биринчи постни 11 ноябрда ёзганди. Собиқ амалдорнинг автомобили 26 октябрга ўтар кечаси ўққа тутилган.
Эртаси куни, 27 декабрда Бош прокуратура Интерпол орқали икки нафар Россия фуқароси — Бислан Расаев ва Шамиль Темирхановнинг Ўзбекистонга ноқонуний кириб-чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ва ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласи бўйича айбланиб, қидирувга берилганлиги ҳақидаги ОАВ хабарини тасдиқлади.
ОАВ, шунингдек, Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лининг суиқасдига тайёргарлик кўрилган иккинчи шахс сифатида пайдо бўлгани ҳақида ҳам ёзган.
Рамзан Қодиров Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига «жабрланувчилар ролини ўйнамасликни» «тавсия қилди». «Нима ният қилганингиздан қатъи назар, ўз вақтида тўхтасангиз маъқул, акс ҳолда барча фитна, туҳмат ва уйдирмаларга жавоб беришга мажбур бўласиз. Мен ҳозир анъаналаримизга кўра жавоб бериш ҳақида гапиряпман», — дея таҳдид қилди у.
Чеченистон раҳбари, шунингдек, «ушбу воқеа билан шуғулланаётган терговчиларга нисбатан хизмат текшируви» зарурлигини айтди.
Рамзан Қодиров иккала постда ҳам ОАВ хабарларини иғвогарлик ва қандайдир сиёсий ўйиннинг бир қисми деб атади, шунингдек, Ўзбекистон ва Чеченистон халқлари ўртасидаги дўстликни таъкидлади.