25 декабрь куни «Саломатлик» поездида Афғонистоннинг Балх вилоятига борган ўзбекистонлик шифокорлар уч кун ичида 1300 дан ортиқ аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди, деб хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига қарашли «Темир йўл ижтимоий хизматлари» муассасаси.
15 турдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланган тиббий-санитария поездида 28 нафар шифокор етиб борган. Улар кўрикни 30 декабрга қадар давом эттиради.
Уч кун давомида текширилганларнинг 576 нафари эркаклар, 464 нафари аёллар ва 273 нафари болалардир.
Шу билан бирга, вилоят аҳолисига 1,6 млрд сўмлик 50 турдаги дори-дармон ва гигиена воситалари тарқатилди.
«Газета.uz» президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан қўшни давлатга инсонпарварлик ёрдами ва шифокорлар жўнатилгани ҳақида ёзганди.