АҚШ Молия вазирлиги 27 декабрь куни «Грузин орзуси» асосчиси Бидзина Иванишвилига нисбатан санкциялар жорий этганини эълон қилди. У SDN рўйхати («қора рўйхат»)га киритилди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, Иванишвилига қарши санкциялар «Россия Федерацияси манфаатлари йўлида Грузиянинг демократик ва евроатлантик келажагига путур етказгани учун» киритилган.
«Иванишвили ва „Грузин орзуси“ ҳаракатлари демократик институтларга путур етказди, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келди ва Грузияда асосий эркинликларни амалга оширишни чеклади. Бундан ташқари, улар Грузиянинг евроатлантик келажагини барбод қилди… Натижада Грузия Россияга нисбатан заиф ҳолатга тушиб қолди, чунки Россия ҳали ҳам Грузия ҳудудининг 20 фоиздан ортиғини эгаллаб турибди», — дейилади баёнотда.
«Биз „Грузин орзуси“ ташкилотининг Иванишвили бошчилигидаги хатти-ҳаракатларини, шу жумладан, Грузия фуқаролари, намойишчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат вакилларига нисбатан давом этаётган шафқатсиз қатағонларини кескин қоралаймиз. Қўшма Штатлар Грузияда демократия ва инсон ҳуқуқларига путур етказганлар учун жавобгарликни тарғиб қилишга содиқдир», — дея қўшимча қилди Давлат департаменти.
Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе АҚШ қарорини изоҳлар экан, санкциялар Иванишвили Грузиянинг миллий манфаатларини ҳимоя қилгани учун киритилганини айтди.
Грузияда мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан интеграциясини тўхтатишга қарши норозилик намойишлари бошланганидан кейин Болтиқбўйи давлатлари декабрь ойи бошида Иванишвилининг Латвия, Литва ва Эстонияга киришини тақиқлаган эди. Декабрь ойида Украина ҳукумати ҳам Иванишвилига қарши санкциялар киритган.