Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишмоқда, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Янги шаҳар пойдеворининг рамзий тамал тоши 2023 йил 18 мартда қўйилганди. Маросимда давлат раҳбари Янги Тошкент «яшил шаҳар»га айланишини — ҳаво ва сув тозалиги, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва кўп миқдорда ўсимликлар экишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Шу ернинг ўзида «яшил белбоғ» лойиҳасини амалга ошириш бошланади: 420 гектар майдонда марказий боғ ташкил этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.

Президент ташриф буюрган 50 гектар майдонда ҳозирнинг ўзидаёқ кўчатхона фаолият кўрсатмоқда, дея таъкидлади матбуот хизмати. Давлат раҳбари кўчатларни кўздан кечирди, ландшафт дизайни режалари, шунингдек, суғориш ва парваришлаш тизими билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Бугунги кунга қадар кўчатзорда 27 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилган. Шунингдек, иссиқхона, қозонхона, кўчатларни сақлаш ва суғориш тизимлари барпо этилган.

Янги шаҳарда тегишли вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун вақтинчалик маъмурий бинолар қурилмоқда. Президент улардаги шароитлар билан ҳам танишди.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Ҳозирда енгил конструкциялардан 4 та бино ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилган. Бунда тўлиқ маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Офислар open space услубида бўлиб, ҳар бирида 250 нафаргача ходим фаолият юритиши мумкин.

Бу вазирлик ва идоралар ишини босқичма-босқич шу ерда ташкиллаштириш имконини бериб, Тошкентдаги тирбандликни камайтиришга ҳам хизмат қилади, дейилади хабарда.