«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 31 декабрь куни Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ҳамда баланд тоғларида ёғингарчилик кузатилиши мумкин. 30−31 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг катта қисми минтақага кириб келадиган Каспий денгизи жанубидаги нам ҳаво оқими таъсирида бўлиб, ушбу ҳаво оқими жойларга, кўп бўлмаса-да, ёғингарчилик, асосан ёмғир улашади.

31 декабрда ёғингарчиликлар шимолий, Тошкент вилояти ҳамда тоғларда 31 декабрга ўтар кечаси ҳамда тонгги муддатларда кузатилиши мумкин. Ҳозирги кутилмаларга кўра, нам ҳавонинг «қуввати» 31 декабрь кундуз кунига бориб тўлиқ тугайди.

Бошқача айтганда, Янги йил арафасида об-ҳавони айнан Каспий денгизи жанубидан кириб келадиган нам ҳаво оқими белгилайди — унинг тезлиги ортиши ва камайиш фонида жойларда ёғингарчилик бизнинг кутилмаларимиздан аввал ёки кейин юз бериши ҳам мумкин.

31 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси айрим ҳудудлари ва Тошкент вилояти аҳолиси тонгда ёғингарчилик кузатилишига гувоҳи бўлиши мумкин. Ёғингарчилик ҳаво ҳароратининг ноль даражадан юқори бўлиши фонида кириб келаётгани учун жойларда ёмғир ёғиши кутилади. Фақат айрим тоғли ҳудудларда тонгги муддатлардагина қор ёғиши мумкин. «Ўзгидромет»нинг ҳозирги бирламчи прогнозига кўра, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

31 декабрь кундуз куни ҳаво ҳарорати шимолда +0…+5 даража, бошқа ҳудудларда +5…+10 даража, жанубий вилоятларда +7…+12 даражагача илиқ бўлиши прогноз қилинган. «Ўзгидромет» томонидан 1 январга ўтар кечаси шимолда -8 даражагача совуқ, бошқа ҳудудларда эса -3 даражагача совуқ бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистонликлар 1 январга ўтар оқшомни ёғингарчиликларсиз кутиб олади. Ҳаво ҳарорати ҳам соат миллари 2025 йилнинг дастлабки сонияларига бонг урган вақтда кўплаб ҳудудларда ноль даража атрофидаги илиқликни тақдим этади.

Ўзбекистонда ўзи қачондир Янги йил қор билан кутиб олинганми?

Авваллари кўп ҳолларда Янги йил кутиб олинадиган 31 декабрь санасида кундузи ёғингарчиликлар бўлган. Аммо Янги йил оқшомигача улар «тўхтаб қолаверган». Боз устига, сўнгги йилларда Янги йил арафасидаги ёғингарчиликлар асосан ёмғир кўринишида кузатиляпти. Ваҳоланки, бундан бир асрча муқаддам ўзбекистонликлар аксарият ҳолларда 1 январни «лайлак-қор»лар билан кутиб оларди.

Метеорологик кузатувлар бошланганидан кейинги йилларда Ўзбекистонда Янги йил байрами куни об-ҳаво муҳити қандай бўлганини Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч каби йирик шаҳарларимиз мисолида «Ўзгидромет»нинг тарихий маълумотлари асосида кўриб чиқиш мумкин.


об-ҳаво, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов, янги йил байрами, янги йилда об-ҳаво

Тошкентда Янги йил байрамидаги ёғингарчиликлар

Тошкентда сўнгги 140 йилдаги 31 декабрларнинг 33 тасида ёғингарчилик кузатилган бўлса-да, уларнинг фақат ярмига яқини қор кўринишида бўлган, холос. Бевосита Янги йил оқшомида қор ёғиши эса ундан-да камроқ рўй берган. 5 та ҳолатда аввалига ёмғир, кейин қор ёғган. 31 декабрларнинг фақат 12 тасида ростмана қор ёғиб берган.

Ҳақиқий қор бўрони юз берган охирги 31 декабрь 1956 йили кузатилган. Ундан кейинги йиллардаги 31 декабрларда кузатилган қорлар, аввалига ёмғир ёғгани сабаб, тез эриб кетган ва ерга яхши ўрнашмаган.

Тошкент, 1909−1910 йиллар. Фото: Tashkent RetrospectiveТошкент, 1909−1910 йиллар. Фото: Tashkent Retrospective

1983, 1991 ва 2022 йилнинг 31 декабрь кунларида ҳам Тошкентда сутканинг айрим вақтларида ёғиб турган ёмғирнинг қорга айланиши кузатилган. Масалан, 2022 йилнинг 31 декабрида пойтахт аҳли ёғаётган ёмғирнинг куннинг ўртасида қорга айланишига гувоҳи бўлган эди.

Бундан ташқари, Тошкентда метеорологик кузатувлар бошланган биринчи йил — 1881 йилда, кейинчалик 1889 ва 1890 йилларда, шунингдек, 1941, 1944 ва 1948 йилларда ҳам 31 декабрь куни қор ёғган.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда Янги йил оқшоми одатда қаҳратон қиш шароитида ўтмайди. Айниқса, сўнгги йилларда Янги йил худди баҳордагидек илиқлик муҳитида кутиб олиняпти.

Тошкент, 1988 йил. Фото: Yep.uzТошкент, 1988 йил. Фото: Yep.uz

Масалан, Тошкентда фақат 5 та — 1888, 1914, 1917, 1929 ва 1990 йилларнинг 31 декабрида ҳаво ҳарорати -15 даражадан паст бўлган. Айниқса, 1929 йил 31 декабрида ҳаво ҳарорати -20,8 даражагача пасайиб кетган.

Янги йил кутиб олинганидан кейинги, яъни, 1 январь санасидаги энг паст ҳарорат эса XIX асрда кузатилган — 1889 йилнинг илк кунида Тошкентда ҳаво ҳарорати -28 даражагача совиган. Шунингдек, 1991 йилнинг 1 январь санасида ҳам ҳаво ҳарорати -13 даражагача совуқ бўлган.

Байрам куни қор ёғмаса-да, Янги йил байрами аввалроқ ёғган ва эришга улгурмаган қор билан кутиб олинган йиллар ҳам бўлган. Ёки аксинча — айрим йилларда 1 январь куни гупиллаб қор ёғиб берган. Масалан, 2006 йил 30 декабрь куни қор ёғган, 31 декабрь эса ёғингарчиликсиз ўтган, аммо 2007 йилнинг 1 январь куни яна «лайлак-қор» кузатилган.

Тошкент, 2012 йил. Фото: Tashkent RetrospectiveТошкент, 2012 йил. Фото: Tashkent Retrospective

Умуман олганда, Тошкент аҳли Янги йил оқшомида қор ё ёмғир ёғишига бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ гувоҳи бўлади. Шунингдек, бундай ҳолат ҳар 4−5 йилда бир такрорланиш хусусиятига ҳам эга. «Ўзгидромет» синоптикларининг сўнгги 50 йиллик кузатувларга асосланиб маълум қилишича, Тошкентда ўртача ҳар 4−5 йилда бир марта 31 декабрь куни, ҳар 2−3 йилда бир марта 1 январь куни ёғингарчилик кузатилади.

Фарғонада Янги йил байрамидаги ёғингарчиликлар

Фарғоналиклар Янги йилни жуда ҳам камдан-кам ҳолатда ёғингарчилик билан кутиб олган. Шаҳарда метеорологик кузатувлар Тошкент билан бир вақтда — 1881 йилда бошланган бўлса, шу ўтган 140 йилдан ортиқ давр мобайнида фақат 13 марта 31 декабрь куни ёғингарчилик қайд этилган. Унинг ҳам асосий қисми ёмғир.

Фарғона шаҳрида 31 декабрь куни қор ёғиши ҳодисаси бор-йўғи 4 марта кузатилган бўлиб, унинг иккитаси ҳам 140 йилнинг нари-берисида — 1881 ва 1897 йилларда кузатилган. Лекин ўшанда қор жуда кучли ёғгани, ер қалин қор қоплами билан қопланганини қайд этиб ўтиш жоиз.

Кейинги қорли 31 декабрларда жуда кам қор ёғган. Хусусан, 1981 йилнинг сўнгги кунида Фарғонада қор ёғган, ундан олдин кузатилган ёмғир фарғоналикларга Янги йилда ҳақиқий қорли қиш манзарасини тақдим этмаган. 1993 ва 2019 йилларнинг 31 декабрларида кундузи ёмғир ёғиб ўтган.

Умуман, Фарғонада сўнгги 140 йиллик давр учун ўртача ҳисобда ҳар 10−11 йилда бир ёғингарчилик кузатилиши хос.

Фарғонада 31 декабрда ҳаво ҳароратининг -15 даражадан пасайиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар 5 марта юз берган бўлиб, улар ҳам XIX аср охири — ХХ аср бошида кузатилган. Хусусан, 1891 йилнинг 31 декабрида Фарғона шаҳрида ҳаво ҳарорати -22,4 даражагача пасайиб кетган.

Самарқандда Янги йил байрамидаги ёғингарчиликлар

Статистикага кўра, 31 декабрь Самарқандда ҳам худди Тошкентдаги каби — ўрта ҳисобда ҳар 4−5 йилда бир ёғингарчилик билан ўтади. Шаҳар тарихидаги байрам ёғингарчиликларининг асосийлари ўтган ХХ асрда кузатилган.

Самарқанд, 1959 йил. Фото: Pastvu.comСамарқанд, 1959 йил. Фото: Pastvu.com

Сўнгги 30 йилда эса самарқандликлар фақат икки марта — 2001 ва 2003 йилларда Янги йил кириб келиши арафасида ёғингарчиликка гувоҳи бўлган. Шунда ҳам қор эмас, ёмғир ёғган. Лекин, таъкидлаш жоизки, 2003 йили ёғаётган ёмғирнинг қорга айланиши қайд этилган.

Самарқандда метеорологик кузатувлар 88 йил аввал — 1936 йилдан бошланган бўлса, шундан бери 31 декабрларнинг 21 тасида ёғингарчилик кузатилган. Фақат 1937, 1948, 1956 ва 1973 йилларнинг 31 декабрларида кун давомида қор ёғган.

Самарқанд, 1959 йил. Фото: Pastvu.comСамарқанд, 1959 йил. Фото: Pastvu.com

31 декабрь куни ҳаво ҳароратнинг -15 даражадан паст кузатилиши ҳолати Самарқандда икки марта кузатилган. Хусусан, 1990 йилнинг 31 декабрида кўҳна шаҳарда ҳаво ҳарорати -18 даражагача совиб кетган эди.

Урганчда Янги йил байрамидаги ёғингарчиликлар

Урганчда 1948 йилдан бери метеорологик кузатувлар олиб борилади. Унга кўра, сўнгги 75 йилдаги 31 декабрларнинг фақат 10 тасида Хоразм маъмурий марказида ёғингарчилик қайд этилган.

Ушбу ҳолатларнинг 4 тасида кун давомида тўлиқ қор ёғиши кузатилган бўлса, яна шунча ҳолатда ёмғир кўринишида ёғингарчилик рўй берган. Ёғинлар миқдори жуда оз бўлган — бирор йили унинг миқдори 2 миллиметрга ҳам етмаган. Яъни, урганчликлар 1948 йилдан то ҳозирги давргача 31 декабрь куни қалин қор ёғиши ҳолатига гувоҳи бўлмаган.

Метеорологик кузатувлар бошланганидан бери Урганчда 4 марта Янги йил байрами куни ҳаво ҳароратининг -15 даражадан пасайиб кетиши қайд этилган. Хусусан, 1956 йилнинг 31 декабрь куни ҳаво ҳарорати -17,6 даражагача, 1990 йилнинг охирги кунида эса -17 даражагача пасайиб кетган.