Маданият вазирлиги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджини сақлаш мақсадида чет элга концерт беришга чиқмоқчи бўлаётган хонанда ва созандалар билан яқин ҳамкорлик қилмоқчи. Бу ҳақда 24 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида вазир Озодбек Назарбеков маълум қилди.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси санъаткорларга Ўзбекистондан ташқарида концертлар ўтказишдан аввал ташкилотни ёзма равишда хабардор қилиш шартлигини эслатиб, талабларни бузганларнинг лицензияси муддатидан аввал тўхтатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Тадбирда «Газета.uz» мухбири маданият вазири Озодбек Назарбековдан мазкур тартиб нима сабабдан йўлга қўйилганига изоҳ сўради.

маданият вазирлиги, озодбек назарбеков, санъаткорлар

«Ҳозир ижодкорларга ўтган даврга нисбатан деярли мутлоқ эркинлик берилган. Лекин биз қандайдир профилактик нормалар қабул қилаётган бўлсак, бу цензура ёки тақиқ дегани эмас. Биз фақат Ўзбекистоннинг халқаро майдонда шаклланиб бораётган имиджини сақлаш маъносида, чет элга [концерт беришга] чиқмоқчи бўлаётган хонанда ва созандалар билан ҳамкорлик қилмоқчимиз, холос. Эҳтимол, улар борадиган жойда Ўзбекистон манфаатига хизмат қиладиган таклифларимиз бордир. Аммо биз уларнинг қаерга бораётгани ва нима қилаётганини билмай қоляпмиз. Ваҳоланки, бугун ҳурматли президентимизнинг сиёсатлари соясида биз ҳам халқаро майдонда республика имиджига хизмат қилишимиз шарт. [Хорижга концерт беришга чиқаётганларни] қандайдир қатъий рўйхатга олиб, нимага четга чиқиб келдинг, нега бориб келяпсан, деб [иш тутмоқчи эмасмиз]. Буни олдинги [ўтмишдаги] шаклларга боғламасликларингизни илтимос қиламан», — деди вазир.

Озодбек Назарбековнинг сўзларига кўра, Маданият вазирлигининг халқаро майдонда ўз олдига қўйган мақсади, режаси ва стратегияси бор. «Хусусий шаклда хорижга чиқиб келаётганлар режаларимизга халал қилмаслиги ёки режаларимизга мутлақ тескари ишларни қилмаслиги керак. Биз шу маънода ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз», — дея қўшимча қилди у.

«Биз кўзимиз етган, ўзимиз ишонадиган санъаткорларнинг виза масалаларида доим ёнида турганмиз, бугун ҳам турибмиз ва бундан кейин ҳам ёрдам берамиз. Лекин бир-икки шундай ҳолатлар борки, ҳатто Маданият вазирлигига нота келишигача сабаб бўляпти. Мана шунақа масалалар ҳам бор. Яъни, бошқа давлатларга бориб, ҳар хил ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилиш ёки концерт қўйиб, ўша мамлакатга солиқ тўламай кетиш ҳолатлари [ҳам бўляпти]. Улар учун Маданият вазирлиги жавоб беришига тўғри келяпти. Чет элга хусусий шаклда чиқиб келаётган санъаткорлар биз билан ҳамоҳанг бўлишини истаймиз, холос. Имидж — бу республиканинг обрўси, дегани. Биз уни тиклашга ҳаракат қилаётганимизда, кимдир бориб уни синдиришига йўл қўймоқчи эмасмиз. Ҳамкорликда ишлайлик, фикримиз бир жойдан чиқсин, халқимизга манфаат бўлсин. Мақсадимиз шу», — деди вазир.

Аввалроқ, Озодбек Назарбеков маданият соҳасида давлат регулятор бўлмаслиги ҳақидаги фикрларга муносабат билдириб, соҳани қушга қиёслаган ва уни маҳкам ушлаш зарурлигини таъкидлаганди. «Эркинлик берилган жойда санъаткорлар ҳамма ерни расво қиляпти», — дея қўшимча қилганди у.