Тошкентдаги Форумлар саройида 23 декабрь куни анъанавий «Президент арчаси» бўлиб ўтди. Унга асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғисиз қолган ва ногиронлиги бўлган болажонлар таклиф этилди.
Байрам дастурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, унинг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ҳамда таниқли спортчилар ҳам қатнашди.
Тадбир аввалида болаларга Ўзбекистон президентининг табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг, иштирокчиларга театр томошалари, циркчиларнинг чиқишлари намойиш қилинди ҳамда эстрада хонандалари томонидан қўшиқлар ижро этилди.
Дастур охирида болаларга президент совғалари тарқатилди.
Маълумот учун: «Президент арчаси» дастури доирасида республика бўйлаб жами 10 282 нафар Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, «СОС — болалар маҳаллалари», Гўдаклар ҳамда Оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, меҳнат фаолияти давомида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат президент совғалари тарқатилади.