28 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ташкилотларни террорчилар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади, деб ёзмоқда Meduza Ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинган ҳужжатга таяниб.
Унга кўра, Россияда террорчи деб эълон қилинган ташкилот фаолиятига қўйилган тақиқни бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг даъвоси асосида суд қарори билан бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Бу мазмундаги қарорни қабул қилиш учун «бундай ташкилот кўрсатиб ўтилган рўйхатга киритилганидан кейин терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятни амалга оширишни тўхтатгани тўғрисидаги фактик маълумотлар» бўлиши керак.
Қонун лойиҳаси ноябрь ойи охирида Давлат думасига киритилганди. У 10 декабрда биринчи ўқишда, 17 декабрда эса бирданига иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди. Тахминларга кўра, қонун 2021 йилда Афғонистонда ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракатини террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш мақсадида қабул қилинган.
Россия ҳукумати сўнгги йилларда «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш режалари ҳақида бир неча бор гапирган. Хусусан, 2021 йил октябрь ойида — АҚШ Афғонистондан чиқиб кетганидан ва мамлакатда ҳокимият толиблар томонидан эгаллаб олинганидан сўнг — Россия президенти Владимир Путин Россия «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш бўйича қарор қабул қилишга яқинлашаётганини, аммо буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қилиши кераклигини айтган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.
«Толибон» ҳаракати 2003 йил 14 февралда Россия Олий суди томонидан мамлакат ҳудудида фаолияти тақиқланган террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган.
Аввалроқ Қирғизистон ва Қозоғистон «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарганди.