Eriell компанияси ходимлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга иш ҳақи кечикиши бўйича мурожаат қилди. Улар видеони турли оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва интернет каналларга юборишган.

Компания ходимларининг айтишича, улар 28 декабрь ҳолатига кўра август, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун маош олмаган.

Уларнинг қайд этишича, Меҳнат кодексига кўра, иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш муддати бузилган тақдирда, иш берувчи уларни кечиктирилган ҳар бир кун учун Марказий банк курсидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пул компенсацияси) билан тўлаши шарт. Пул компенсацияси миқдори Марказий банк ставкасининг 10 фоизини ташкил қилади.

«Бизга иш ҳақимиз ўз вақтида берилишини ва кечиктирилган маошни компенсациялари билан бирга олишда амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз», — дейилади мурожаатда.

«Она ватанимизда ишлаб туриб, иш ҳақимизни ўз вақтида ололмаслигимиз ҳеч қайси рисолага тўғри келмайди. Бу адолат мезонларини бузяпти. Конституциямизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади, деб белгиланган», — дейди Eriell ходимлари.

«Биз сизнинг фуқароларингиз сифатида сиздан адолатни қарор топтиришингизни илтимос қиламиз. Сизга ва давлатимиз адолатига ишонамиз. Ҳурматли президент, сизга мурожаат қилишдан бошқа иложимиз қолмади. Ягона умидимиз сиздан», — деб таъкидлайди улар.