Тўлдириш: «Газетa.uz» мақолани эълон қилгач, бар рекламани Instagram`даги саҳифасидан олиб ташлади. У тўрт кун давомида профилда турган. Видео нусхаси сақлаб олинган.
Escada lounge bar 25 декабрь куни ўзининг Instagram саҳифасида янги йил шоуси рекламаси акс этган видеони эълон қилди. Видеодаги йигит орқаси билан турган етти нафар қизнинг кети ва оёқларига уриб, ҳар бир зарбада санани айтади: «25, 26, 27, 28, 29, 30, 31 декабрь — ҳар куни».
«Катта янги йил шоуси», «кириш бепул», «келиб, бемалол дам олишингиз мумкин», — дейди йигит қизларга ишора қилиб.
Кадр ортидан овоз: «Нега қизларни қарсиллатдинг (урдинг)?» деб сўрайди. «Сен қилмаганингдан кейин мен қиламан-да!» — деб жавоб беради йигит.
Постга #uzbekistan, #tashkentcity, #navoi, #bukhara, #kunuz, #zortv ва бошқа ҳештеглар, шунингдек, «Jonkalani olovi» шарҳи илова қилинган.
ИИОга ариза
Видеога «Газетa.uz»нинг эътиборини қаратган тошкентлик Евгения М. Чилонзор тумани ИИБга «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар бузилгани юзасидан рекламани текширишни сўраб, ариза ёзганини маълум қилди.
У аризада Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенциясига аъзо сифатида бундай чиқишларни қоралашини ва барча мақбул воситалар билан хотин-қизларни камситишга барҳам бериш сиёсатини амалга ошириш мажбуриятини олганини эслатади.
Аёлнинг сўзларига кўра, бар рекламаси «аёлларга нисбатан ҳурматсизлик акс этган истеъмолчилик муносабатини тарғиб қилади». «Мен аёл сифатида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бу рекламадан сўнг ўзимни ҳақоратланган деб ҳисоблайман», — деди Евгения.
У аёлларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни таъминлаш ва камситишни бартараф этиш чораларини кўришни сўради.
«Газетa.uz»га маълум бўлишича, ички ишлар бўлими бар раҳбарига нисбатан материаллар тўплаган, январь ойи бошида суд бўлиши керак. Ҳозирча бардан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
«Қонунлар шунчаки мавжуд бўлмаслиги керак — улар ишлаши керак»
«Газетa.uz»га берган изоҳида Евгения фаол фуқаролик позицияси ва жамоатчилик назоратига ишониши сабабли ариза беришга қарор қилганини айтди.
«Гарчи аризалар кўпинча кутилган натижани бермаса ҳам, ҳеч бўлмаганда ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак — ҳар сафар бирор ташкилот, жамғарма ёки лойиҳа муаммо билан шуғулланишини кутмаслик керак», — деди у.
«Мен аёлларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видеоларни суратга олиш ва тарқатиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бизнинг жамиятимизда хотин-қизлар иккинчи даражали одамлар ҳисобланади. Бар материаллари том маънода аёлларни жинсий эксплуатация қилишни тарғиб қилади. Уларда тирик қизлар объект сифатида — гўшт бўлаклари ёки ўйинчоқлар сифатида кўрсатилган», — деди Евгения.
«Афсуски, бизнинг жамиятимиз ҳали ҳам чуқур патриархал тизимда. Биз ҳали ҳам аёл эркак билан бир хил даражада инсон эканини, уни камситиш, ҳақоратлаш ва эксплуатация қилиш мумкин эмаслигини чинакамига англаб етмадик. Сўнгги йилларда ҳукумат эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда: хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди, аёл нафақат оилада, балки шахсий ҳаётда ҳам ўзини намоён этиши кераклиги ҳақида кўп гапирилади», — дея давом этди у.
«Аммо қонунлар шунчаки мавжуд бўлмаслиги керак — улар ишлаши керак. Бунинг учун ҳуқуқни қўллаш амалиёти керак, шунингдек, бефарқ бўлмаган фуқароларнинг аризалари керак, масалан, аёлларга жинсий қўғирчоқ каби муносабатда бўлишларига аҳамият қаратиш лозим», — деди Евгения.