Ўзбекистонда 2022 йил декабрида 10 дан ортиқ болалар «Док-1 Макс» дорисидан заҳарланиб, вафот этгани маълум бўлган эди. Кейинчалик Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонга олиб кирилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситаларидан расман 70 га яқин бола ҳалок бўлгани маълум бўлди.

Албатта, бу дориларни истеъмол қилган болаларнинг ҳаммаси ҳам вафот этмаган. Аммо узоқ ва оғир давом этган даволаниш жараёнларидан сўнг омон қолган ўнлаб болаларнинг саломатлигига жиддий зиён етган, уларнинг баъзилари ногирон бўлиб қолган. Масалан, улар орасида кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиган, ўзи гапиролмайдиган бўлиб қолган болалар ҳам бор, ваҳоланки, уларнинг бари бу дориларни ичгунига қадар ўйнаб-кулиб, яйраб юрган болалар эди.

Уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳам озмунча ҳаракат қилинмаган: даволаниш харажатлари катта маблағ талаб қилгани учун баъзи ота-оналар уйларигача сотишга мажбур бўлган, кўпчилиги қарзга ботиб кетган. Айни вақтда, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларидан заҳарланиб, соғлиғини йўқотган ва ногирон бўлиб қолган болалар орасида даволанишни давом эттириши зарур бўлганлари ҳам бор, аммо улар маблағ етишмовчилиги сабаб навбатдаги муолажаларни ололмаяпти.

2024 йил февралида суд номлари зикр этилган дориларни ичиш оқибатида соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг ҳар бирига 1 млрд сўмдан, соғлиғи қониқарли бўлган боланинг 4 боланинг ҳар бирига 500 млн сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 боланинг ҳар бирига 200 млн сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Шунингдек, ноябрь ойида навбатдаги суд жараёни якунига кўра, ҳаёти учун хавфли тан жароҳатлари олган яна 5 нафар боланинг ҳар бирига 1 млрд сўмдан компенсация тўлаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Аммо бу компенсация пуллари ҳали тўлиқ тўлаб берилгани йўқ. Бир қатор болаларнинг ҳаёти эса айнан шу компенсация пулларининг тезроқ берилишига боғлиқ — қанчалик тез пулни олса, шунчалик тез зарур муолажаларни бошлайди. Бу муолажалар орқали кўрмай қолган болалар кўришни, эшитмай қолган болалар эшитишни, юролмай қолганлари эса юришни бошлаши мумкин. Энг асосийси, ота-оналардан бири таъкидлаганидек, «тирик қолган болаларни сақлаб қолиш керак».

Боз устига, бу болалар асосан давлат хизматчиларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари оқибатида жабр кўрган. Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси 55-моддасига мувофиқ, «ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга». Шундай экан, компенсация пулларининг имкон қадар тезроқ тўлаб берилиши учун имкониятлар топилиши мақсадга мувофиқдир.

«Газета.uz» нашри «Док-1 Макс» фожиаси бошланганига икки йил тўлиши муносабати билан унинг қурбонларини хотирлади. Ушбу материалда эса дори ичиш оқибатида саломатлиги издан чиққан, аммо омон қолган 23 нафар боланинг ҳикоялари келтирилади.

Саломатлиги зарар кўрган болалар

Рўйхат болаларнинг туғилган санаси бўйича тескари кетма-кетликда берилган.

Муҳаммадали Ойбеков

Муҳаммадали «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди ҳукмида кўрсатилган жабрланувчилар рўйхатида йўқ эди. 2024 йил 18 ноябрида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчилар иши бўйича ярим йил давом этган жараён бўйича ҳукм чиқарди. Унда жабрланувчилар орасида Муҳаммадали ҳам бор. Унинг касаллик тарихи айнан шу ҳукм тафсилотлари асосида баён қилинади.

Муҳаммадали Ойбеков 2022 йил 15 январда Хоразм вилоятида туғилган. У 8 ойлик бўлганида, 2022 йил декабрида шамоллаб қолади. Патронаж ҳамшираси ёзиб бергани бўйича унга «Цинепар» ва «Амбронол» дорилари ичирилади. Отасининг маълум қилишича, доридан (айнан қайси биридан экани айтилмаган — таҳр.) боланинг онаси ҳам ичган. Сут орқали дори онадан болага ўтган.

Аммо бола соғайиш ўрнига, иссиғи чиқиб, кўнгли айний бошлаган. Шундан сўнг бола тез ёрдам машинасида Шовот туманига олиб борилади, у ердаги шифокор эса Хивага олиб бориш кераклигини айтади. Хивадаги уч кунлик даволанишдан сўнг бола комага тушиб қолади.

Кейинчалик, боланинг аҳволи бироз яхшиланиб, жонлантириш бўлимига ўтказилади. Аммо самолётда Тошкентга олиб келинаётганида яна комага тушади. Муҳаммадали бир муддат пойтахтда нервология бўлимида (қайси шифохона экани айтилмаган — таҳр.) ётиб даволангач, Хоразмга қайтади.

Шундан бери Муҳаммадалининг кўзи кўрмайди, гапиролмайди, аммо ҳаракатланиши, овқатланиши жойида. Ўтган вақт ичида боланинг даволаниши учун 200−300 млн сўм атрофида пул сарфлаган.

Султон Саидмуродов

Султон Саидмуродов 2021 йил 12 январда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Султон 2022 йил декабрининг бошларида шамоллаб қолгани учун отаси Дилшод Турсунбоев унга «Амбронол» сиропини 3 ёки 4 кун 3 маҳалдан ичиради. Фарзанди оғирлашиб, пешоб ажратмай қўйгач, уни Дўстлик тумани шошилинч тиббий ёрдам шифохонасига олиб боришади. УТТда боланинг буйраги яхши ишламаётган маълум бўлгач, РШТЁИМ Жиззах вилояти филиалига олиб борилади. У ерда боланинг буйраги ишламаётганини айтган шифокорлар Султонни диализ қилади.

Жиззахда 3−4 марта диализ қилингач, 2023 йил 3 январь куни Султонни Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб боришади ва у ерда ҳам диализ қилинади. Шунингдек, Султон жарроҳлик амалиётини ҳам бошдан кечиради — отасининг сўзларига кўра, фарзандининг бошига «шунт» қўйилган.

Болакай орада кома ҳолатига ҳам тушиб чиққан. Муолажалардан кейин комадан чиққан болакай ҳозир иккинчи гуруҳ ногирони.

Мухторжон Раҳмонов

док-1 макс, док-1 макс иши, компенсация

Мухторжон Раҳмонов 2020 йил 28 декабрда Бухоро вилояти Пешку туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи отаси Фарҳоджон Раҳмоновнинг «Газета.uz»га берган интервьюси асосида баён қилинади.

Мухторжон 2022 йил 17 декабрда шамоллаб қолади. Патранаж ҳамшираси «Амброксол» сиропини ёзиб беради. Дорихоначи эса «Амброксол» йўқлигини айтиб, унинг ўрнига «Амбронол»ни тавсия қилади. Онаси «Амбронол»ни 3 кун давомида 2 маҳалдан ичиради. Шундан сўнг бола пешоб чиқмармай, еганини қайт қила бошлайди.

Вилоят шифохонасига олиб боришади. У ердаги шифокорлар болани Тошкентга юборади. Мухторжон 20 декабрь куни РШТЁИМга ётиқизилади. 2022 йил 29 декабрь куни эса комага тушади. 43 та гемодиализ олиб, уч ой деганда — 2024 йилнинг март ойида комадан чиқади. Аммо боланинг кўзлари кўрмай, қулоқлари эшитмайдиган бўлиб қолган. Икки йилдирки шундай, ҳамон бирор ўзгариш бўлмаган.

2024 йил январида Мухторжонни Ҳиндистонга олиб боришган, аммо у ердаги шифокорлар ҳам аниқ гап айта олмаган. Асаб тизимини даволаш учун деб берилган сироп жуда аччиқ бўлгани учун бола уни ичолмаган. Ўзбекистонга қайтгач, Яшнобод туманидаги хусусий шифохонада муолажа олишган. Шундан бери Мухторжон ҳар икки ойда бир марта 10 кун шу ерда даволанади. 2024 йил ёзида Мухторжонни яна бир бор Ҳиндистонга, кейин эса Туркияга ҳам олиб бориб, шифокорлар кўрсатишган.

Фарҳоджон аканинг айтишича, хорижда битта таҳлил натижаларини олишнинг ўзи 2700 доллар туради. Бошқа таҳлиллар, йўл, овқат, ётоқ харажатлари ҳам бор. Тошкентдаги ҳар даволанишга 15−20 млн сўм атрофида пул кетади. Оила Ҳиндистонга боришдан аввал 300 млн сўм кредит олган. Унгача Фарҳоджон аканинг қарз олмаган қариндошию таниши қолмаган. Машинасини ҳам сотган.

Суд Мухторжонга 1 млрд сўм компенсация тўланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган. 2024 йил август ойида компенсациянинг дастлабки 33 млн сўми тўлаб берилган. Қолганидан дарак йўқ. Компенсация тўлиқ ундирилса, Фарҳоджон ака пулнинг ярмини ўғлининг даволанишига сарфлаб, қолганини банкка қўймоқчи.

«Болам катта бўлса, қандай бўлади, соғлом одамлардек ишлаб, ўзи пул топа оладими-йўқми, бунисини ҳали Худо билади. Илоҳим яхши бўлиб кетсин — лекин, мабодо, ундай бўлмаса-чи? Ота-онани ҳам фарзандига боғлаб бермаган. Мен ҳам қачонгача суяб юра оламан, билмайман», — дейди ота.

Мухторжон оилада ёлғиз фарзанд. Ота-онаси энди бошқа фарзанд ҳам кўра олмаяпти. Мухторжон 2024 йил 28 декабрь куни 4 ёшга тўлади. Шифокорлар боланинг кўриш ва эшитиш қобилияти, агар 6 ёшгача тикланмаса, 6 ёшдан кейин тикланмаслигини айтган.

Айни дамда оила учун фақат отанинг маоши билан яшаш ҳам осон бўлмаяпти, она эса бола парвариши сабаб ишга чиқолмайди. Бунинг устига ҳар ой 6 млн сўм кредит тўлови ҳам бор.

Сарварбек Жиманазаров

Сарварбек «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди ҳукмида кўрсатилган жабрланувчилар рўйхатида йўқ эди. 2024 йил 18 ноябрида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчилар иши бўйича ярим йил давом этган жараён бўйича ҳукм чиқарди. Унда жабрланувчилар орасида Сарварбек ҳам бор. Унинг касаллик тарихи айнан шу ҳукм тафсилотлари асосида баён қилинади.

Сарварбек Жиманазаров 2020 йил 21 ноябрда Хоразм вилоятида туғилган. 2022 йил ноябрь ойи охирида унинг иситмаси кўтарилади. Онаси шифокорга олиб борганда, шифокор «Амбронол» сиропини ёзиб беради. Ноябрь охири — декабрь бошларида Сарварбек шу сиропдан ичади. Ҳар гал дорини ичганидан кейин аҳволи ёмонлашаверади.

Онаси буни шифокорга айтганида, шифокор дорини ичиравериш кераклигини айтади. Боланинг пешоби чиқмай қолиб, аҳволи янада оғирлашади. Урганчда ультратовуш текширувидан ўтказишганда, Сарварбекнинг буйраги ишламаётгани маълум бўлади ва у комага тушади.

Боланинг миясида суюқлик бор, деб ташхис қўйилгач, бутун оила Тошкентга учиб келади. Янги ТошМИдаги текширувларда Сарварбекнинг мияси ишламаётгани, кўзи кўрмай қолгани маълум бўлади.

Онаси судда берган кўрсатмасида фарзанди ҳозир ҳам «бир аҳволда», касал бўлиб ётганини маълум қилган.

Лобар Абдукаримова

Лобар Абдукаримова 2020 йил 24 октябрда Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Шамоллаб қолган Лобарга 2022 йил 29 ноябрь куни отаси дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини олиб келади. Дорини 3 кун ичган қизалоқ 2 декабрь тонгида пешоб ажратмайди, шунингдек, қайт қилиб, ҳолсизланади. Шундан кейин уни Ургут туман тиббиёт бирлашмасига олиб боришади. У ерда таҳлиллар олиниб, шамоллагани айтилади ва унга яна бир неча дори ёзиб берилади.

Бироқ Лобарнинг аҳволи оғирлашади — юз ва кўзлари шишиб кетади. Буни кўрган қишлоқ врачлик пунктидагилар уни шаҳарга олиб боришни тавсия қилади. Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли касалхонасининг реанимация бўлимига ётқизилган Лобар 3 марта диализ қилинади.

Онаси Хадича Мўминованинг маълум қилишича, ҳозирда қизнинг аҳволи яхши.

Шаҳрам Абатбаев

Шаҳрам «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди ҳукмида кўрсатилган жабрланувчилар рўйхатида йўқ эди. 2024 йил 18 ноябрида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчилар иши бўйича ярим йил давом этган жараён бўйича ҳукм чиқарди. Унда жабрланувчилар орасида Шаҳрам ҳам бор. Унинг касаллик тарихи айнан шу ҳукм тафсилотлари асосида баён қилинади.

Шаҳрам Абатбаев 2020 йил 14 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, унинг эгизаги ҳам бор. 2021 йили Шаҳрамнинг чуррасини олдиришган. 2022 йили бола шамоллаб қолади. Онаси дорихонага бориб, «Амбронол» сиропини сўрайди. Дорихона сотувчиси эса «Док-1 Макс»ни тавсия қилади.

Бола «Док-1 Макс»ни ичганида қайт қила бошлайди. Онаси шифокорга олиб борганида, шифокор бола «отравления» бўлганини айтади. Она-бола уйга қайтади. Шундан сўнг бола ҳолсизланиб, сиймай қўяди, иситмаси кўтарилиб кетади. Нукусдаги шифохонага олиб борилганида, иккала буйраги ҳам ишламай қолгани маълум бўлади. Шифокорлар «боланинг қонини тозалаймиз» деб, диализ муолажаси қилади.

Шаҳрам Абатбаевнинг онаси суддаги кўрсатмасида фарзанди 2022 йил 10 октябридан буён — касалхонага ётқизилганидан бери гапиролмаслиги, кўзлари кўрмаслиги, ётиб қолгани, ўзини англолмаслиги, даволанишига 500 млн сўм пул сарфлаганини маълум қилган.

Ойгул Жумаева

Ойгул Жумаева 2020 йил 29 августда Хоразм вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Жемал Кенесова қизи йўталгани учун Тўрткўл туманидаги дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади. Дорини 8 декабрдан бошлаб ича бошлаган Ойгул кўп ўтмай қайт қила бошлайди. Умумий аҳволи ёмонлашгач — пешоб ажралмай, тана ҳарорати кўтарилгач, уни Тупроққалъа туман тиббиёт бирлашмасига олиб боришади. Шифокорлар эса дарҳол Урганч шаҳрига олиб боришни тавсия қилади.

14 декабрь куни РШТЁИМ Хоразм филиалига олиб борилган Ойгулга ўткир буйрак шикастланиши ташхиси қўйилади. 12 кун давомида 8 маротаба гемодиализ қилинган қизалоқнинг уйга кетишига 24 декабрь куни рухсат берилади. Бугунги кунда Ойгулнинг соғлиғида асоратлар қолмаган ва аҳволи яхши.

Иброҳим Шокиров

Иброҳим Шокиров 2020 йил 26 августда Хоразм вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Иброҳим 2022 йилнинг 25 ноябрида шамоллаб қолади. Шу боис отаси фарзандига «Док-1 Макс» сиропидан 5 кун давомида ичиради. Иброҳим пешоб ажратмай қўяди. Шундан кейин уни шифохонага олиб боришади.

Шифокорлар боланинг иккала буйраги ҳам ишламаётганини аниқлагач, уни зудлик билан Тошкентга олиб бориш тавсия қилади. 2 декабрда РШТЁИМга олиб борилганидан 1 ҳафта ўтиб комага тушган Иброҳим бир неча бор диализ қилинади.

Отаси Аминбой Абдуллаевнинг маълум қилишича, Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига ўтказиб, муолажалар қилингач, ўғли ўзига келган. Ҳозирда юзининг чап тарафи ҳаракатсизроқлигини айтмаганда, Иброҳимнинг соғлигида жиддий асорат йўқ.

Усмон Муҳаммадиев

Усмон Муҳаммадиев 2020 йил 22 август куни Самарқанд шаҳрида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Усмон 2022 йил октябрь ойида шамоллаб қолгани учун отаси Сарвар Муҳаммадиев дорихонадан «Док-1 Макс» дори воситасини олиб келади. Болакай дорини 3 кун давомида икки-уч маҳалдан чой қошиқда ичгач, қайт қила бошлайди. Пешобининг ранги ўзгариб, ҳушсизлана бошлагач, отаси уни касалхонага олиб боради.

Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Усмоннинг буйраги ишламаётгани, ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, гемодиализ қилинади. Бугунги кунда Усмоннинг аҳволи яхши.

Суннатбек Тўймуродов

Суннатбек Тўймуродов 2020 йил 5 февралда Бухоро вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Отаси Жўраев Отабек фарзанди шамоллаб қолгани учун Газли шаҳарчасидаги дорихонадан сотувчининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропини олиб келади. Дорини 2 кун 2−3 маҳал ичгач, Суннатбекнинг пешоби камаяди. Шифокорларга кўрсатилганда боланинг буйраклари яхши ишламаётгани маълум бўлади.

Шундан кейин Суннатбекни Кўп тармоқли болалар марказига олиб боришади. Дўхтирлар боланинг яхши эканлигини айтиб, уни қайтариб юборади. Аммо уйга қайтгач болакайнинг аҳволи оғирлашади.

Касалхонада жой йўқлиги айтилиб, қабул қилинмагач, болани вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб боришади. Учинчи куни комага тушиб қолган Суннатбекда уч марта диализ қилинганидан кейингина пешоб ажрала бошлаган.

Ҳозир Суннатбекнинг аҳволи яхши.

Динора Ўринбаева

Динора Ўринбаева 2019 йил 29 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Динорада 2022 йил 21 декабрь куни йўтал бошланади. Шундан кейин онаси «Амбронол» сиропини сотиб олиб, 2 кун давомида — 2 маҳал 2 млдан ичиради. Аммо дорини ичгач, қизнинг аҳволи оғирлаша бошлайди.

Уни Элликқалъа тумани тиббиёт бирлашмасига олиб бориб кўрсатишганида, шифокорлар қиз гриппга чалинганини айтади. Онаси Ирода Манбетованинг айтишича, 2022 йил 30 декабрда Динора комага тушади, шифокорлар шундан сўнг қизчанинг буйраклари ишламаётганини аниқлаган.

Нукус шаҳар кўп тармоқли шифохонасига олиб борилиб, у ерда 3 кун давомида диализ қилингач, Динора Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб келинади ва у ерда ҳам яна диализ қилинади. Шундан кейингина унинг аҳволи яхшиланади. Организмидаги креатин миқдори меъёрига тушмаётганлигини айтмаса, ҳозир Диноранинг аҳволи яхши.

Айдана Жасликова

Айдана Жасликова 2019 йил 28 августда Нукус шаҳрида туғилган. Унинг касаллик тарихи онаси Турдигул Неғматуллаеванинг 2024 йил 13 май куни «Газета.uz»га берган интервьюси асосида баён қилинади (ўшанда Айдана Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказида даволанаётган эди).

Айдана 2022 йили 11 декабрида шамоллаб қолгач, онаси унга аввал ҳам ишлатиб, ижобий натижа олган «Док-1 Макс» сиропини ичира бошлаган. Уч марта 5 млдан бергач, қизнинг аҳволи оғирлашиб, қайт қила бошлаган.

Онаси 2022 йил 13 декабрь куни РШТЁИМ Нукус филиалига олиб борган, у ерда болага заҳарланиш ташхисини қўйиб, дорилар ёзиб беришган. Уйда икки кун даволанганига қарамай, қизалоқ тузалмаган. 2022 йил 15 декабрь куни яна РШТЁИМ Нукус филиалига олиб боришган. Шифокорлар қизча организмида креатин ва мочевина миқдори ошиб кетганини аниқлаб, уни реанимация бўлимига қабул қилган.

Нукусдаги шифокорларнинг ишидан кўнгли тўлмаган Турдигул опа қизини Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб келган. Бу ерда эса соат 18:00 дан кейин бемор қабул қилинмаслиги айтилгач, тез ёрдам машинасида РШТИЁМ («16-шаҳар касалхонаси»)га олиб боришган. Умида шу куннинг ўзида реанимация бўлимига ётқизилган. Тунги 01:00 ларда гемодиализ муолажаларини бошланган.

Қизча 19 декабрь куни Болалар миллий тиббиёт марказига ўтказилган. 22 декабрдан сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Томоқлари 2−3 кунда яра бўлиб кетгач, операция қилиниб, трахеостома улаб қўйилган. Қизча шу билан январь охирларида реанимациядан палатага чиқарилган, лекин энди у «худди янги туғилган чақалоқдек» бўлиб қолганди — ҳаракатланолмас, ўтиролмас, гапиролмасди. Овқатни ҳам зонд орқали тановул қиларди.

Айдана кейинчалик Нукус ва Тошкент орасида тинимсиз қатнаб, кўплаб муолажалар олиб, аҳволи нисбатан яхшиланган — ҳозир гапира олади, юради, эшитишни ҳам бошлаган. Аммо буйрагидаги ҳали ҳам шикаст таъсири бор, пешоб сақлолмайди, юзининг асаблари тортилиб қолган, жиззакилик, оддий гапни ҳам йиғламсираб гапириш, иштаҳасизлик, оёқ оғриғи безовта қилиб келади.

Кунлар совиши билан бу симптомлар янада кучайган. Куз бошидан бери тез-тез иссиғи кўтарилади. Кўп йиғлайди, қаери оғриётганини ҳам тушунтириб беролмайди. Оддийгина «овқат ейман», «сув ичаман» деган гапларини ҳам йиғламсираб гапиради. Баъзан қулоғи қаттиқ санчганидан сакраб-сакраб йиғлайди, қорни оғриётганидан шикоят қилаверади. Шифокорлар эса Айданада ич кетиш, қусиш, ҳарорат кўтарилиш, шамоллаш мумкин эмаслигини қаттиқ тайинлаган. Чунки булар танани қуритади, қуриш эса буйракка зиён.

Турдигул опа нукуслик врачлар қизининг касаллик тарихини тўлиқ билмаслиги, тушунтирса, шамоллаш деб, дори-дармон ёзиши, лекин бу дорилар қизига тўғри келиш-келмаслигини билмай, беришга ҳам иккиналишини айтади. Боз устига, уч-тўрт шифокорга борган бўлса, ҳаммаси ҳар хил дори ёзган.

Улар 2024 йил октябр ойида Тошкентга келиб даволаниш учун учун ордер кутаётган эди. Лекин маблағ топа олишмагани учун муолажалар қолиб кетган. Ўтган вақт давомида Айдананинг даволаниши учун оила жуда катта миқдорда қарз олган. Қизча касал бўлишидан аввал оила янги ҳовлига чиққан ва таъмир учун кредит ҳам олган бўлган. Суд Айданага 500 млн сўм компенсация ажратган, августда унинг 16 млн сўмлик қисми тўлаб берилган. Бу пул ҳам ҳам қарзларни тўлашга ишлатилган.

Айдананинг дадаси 2024 йилнинг февралида ишлаш учун Россияга кетишга мажбур бўлган. Қизи касал бўлишига қарамай, онаси ҳам ишга чиқишга мажбур. Чунки кредитларни тўлаш, қарзларни узиш керак.

Айдана ҳали кичкина бўлгани учун шифокорлар унинг зарарланган ҳужайралари тикланишини айтган. Турдигул опа компенсация пулини тўлиқ олиши билан қайси давлатда буйрак, бош мия касалликларини яхши даволовчи мутахассислар бўлса, уни ўша ерга олиб боришни режалаб турибди.

Нодирбек Алижонов

Нодирбек Алижонов 2019 йил 9 июнь куни Фарғона вилояти Қувасой туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи отаси Анвар Абдуллаевнинг 2024 йил 14 май куни «Газета.uz»га берган интервьюси асосида баён қилинади (ўшанда Нодирбек Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанаётган эди).

Кўп ширинлик егани учун тез-тез томоғи оғриб қоладиган Нодирбекка 2022 йилнинг июнь-июль ойларида шифокор тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропи ичирилган. Ижобий натижа бергани учун бола яна шамоллаганида бу сафар ҳам даво бўлар деб, онаси 2022 йилнинг 22 декабрь куни дорихонадан шу сиропни олиб келиб ичира бошлаган. Бола сиропдан 4 кун давомида 2 маҳалдан ичиб, бешинчи кундан қайт қила бошлаган.

Қайт қилиш тўхтамагач, ота-онаси оилавий поликлиникага олиб чиқишади. Шифокор муолажа учун рецепт ёзиб бергач, уйга қайтишади. Кейин боланинг иссиғи чиқа бошлайди. Бобоси Қувасой шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига олиб боради. У ерда осма укол қилиб, уйга жавоб бериб юборишади.

Аммо ўзгариш бўлмайди: ўша туни билан боланинг қорни оғриб, сув ҳам ичмай, ичганини қайт қилиб чиқади. Яна юқумли касалликлар шифохонасига боришганида шифокорлар «аппендицит» бўлган деб гумонлаб, шаҳар шифохонасига жўнатади. У ердаги қон таҳлилларида болада креатин, мочевина миқдори ошиб кетгани аниқланади.

Ўша куни, 28 декабрда болани тез ёрдам машинасида вилоят шифохонасига боришганда, «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхиси қўйилиб, жонлантириш бўлимига қабул қилинади. Диализ муолажалари бошланади. Нодирбек тўрт марта диализ олиб, 2 январь куни комага тушиб қолади.

Бола Фарғонадаги шифокорлар тавсияси билан 3 январь куни Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб келинади. Нодирбек реанимация бўлимига қабул қилиниб, икки ойча комада ётади. 40 мартадан ортиқ диализ олади, икки марта жарроҳлик операциясини ўтказади.

Қўллари тириша бошлайди. МРТ қилинганда бошида сув тўпланиб, оқариб қолгани маълум бўлади. Кейин нефрология бўлимига ўтади. Отаси вилоятдаги мутахассисларга ишонмагани, у ерда яхши шифокорларни кам деб билгани учун болакай жами 5−6 ой давомида Болалар миллий тиббиёт марказида ётиб даволанади.

Бугунги кунда боланинг кўзи кўрмайди, эшитмайди, юролмайди, овқатланиши ҳам зонд билан, ҳожатини ҳам ўзи чиқаролмайди — дорилар ёрдамида ичини юргизиб туришади.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг кўмаги билан Нодирбек 14 кун давомида Европада реабилитацияда бўлган. Дадасининг айтишича, реабилитация болага бироз бўлса ҳам ижобий таъсир қилган, бола жонланиб қолган.

Европадан қайтгач, ижара нархлари ва қишдаги совуқлар сабаб Фарғонага кетишга мажбур бўлишади. Шунда ҳам Тошкентдаги невропатологлар назоратида бўлиб, 1−2 ойда муолажа олишга келиб-кетиб юришади.

2024 йилнинг февраль ойларида дадаси Анвар ака суд жараёнларига келганда Тошкентда яшайдиган бошқа бир жабрланувчининг аҳволи анча яхшиланганини билиб, шу ерга қайтади, ишини ҳам биратўла пойтахтга кўчиради. «Тўғри, ҳамманинг организми ҳар хил, лекин болам тузалиши учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қилишим керак», — дейди у.

Дадасининг айтишича, Нодирбек бошқа тенгдошларидан ажралиб турган. Ҳамма нарсага қизиққан, айтганини қилдирадиган, дадаси ҳарбий бўлгани учун у ҳам ҳаммага раҳбар бўлишга интиладиган бола бўлган.

Бу воқеалар бутун бошли оилага моддий қийинчиликлардан ташқари яхшигина руҳий зарбалар ҳам берган. Нодирбекни ҳаммаёққа ўзи олиб бориб келадиган бобоси икки марта инсульт олган, бувисининг ҳам тоби йўқ, онасининг эса хотираси билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган: баъзан нима қилаётганини билмай қолади, уйқудан чўчиб уйғонади. Ота-онанинг ҳар иккови ҳам икки йилдан бери навбат алмашиб ухлайди — болага қараб турмаса бўлмайди.

Умида Тажимуратова

док-1 макс, док-1 макс иши, компенсация

Умида Тажимуратова 2018 йил 20 ноябрда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи онаси Назлимхон Маҳамбетованинг «Газета.uz»га берган интервьюси асосида баён қилинади.

Умида 2022 йил 23 декабрь куни шамоллаб қолган ва унга шифокор тавсияси билан «Амбронол» сиропи ичирилган. Даволанишнинг 6-куни онаси Telegramʼдан бу сироп таркибидан заҳарли модда чиққанини ўқиб, ичиришни тўхтатган. Эртасига Умидада қайт қилиш, сўнг пешоб чиқмаслик бошланган.

Туман шифокорлари қизнинг пешоби чиқмаётганини суюқлик ичмаётгани билан боғлаган. Касалхонада грипп тарқалгани учун Назлимхон опа қизини уйга олиб қайтган. Она қизчага сув ичиришга ҳаракат қилган, Умида эса шишиб кетган.

30 декабрь куни Нукус шаҳар тез ёрдам шифохонасига олиб боришганида қизчага ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйилиб, реанимацияга ётқизилган. Назлимхон опанинг қистови билан Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказидан нефролог, диализ бўйича мутахассис ва кардиолог чақиртирилган.

Тошкентдан келган шифокорлар заҳар қизнинг миясига ўтганини айтиб, уни пойтахтга олиб кетган. Қизалоқ 3 январь куни Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига ётқизилган ва кўп ўтмай 4-даражали комага тушган. Гемодиализлардан сўнг 11 кун деганда пешоб чиқаришни бошлаган, 45-куни комадан чиққан.

Аммо унинг кўзи кўрмай қолган, танаси фалаж, хотирасини йўқолган. «Мияси ишламас, ўз қўлини тишласа ҳам ҳеч нарсани сезмасди», — дейди онаси. Қорақалпоғистонга қайтишганидан сўнг қизча уйда овқат чайнаш, сув ичиш ва гапиришни қайтадан ўргана бошлаган. 2023 йилнинг 23 март куни Тошкентга келганида, унинг гапираётгани ва қўлларини қимирлатаётганини кўрган шифокорлар буни «мўъжиза» деб атаган. 10 кунлик реабилитациядан сўнг у аста-секин юришни ҳам бошлаган.

2024 йил май ойи охирида ордер тўғрилаб, яна Болалар миллий тиббиёт марказида 10 кун ётиб даволанишган. Шифокор Умиданинг буйрагидаги оқ доғлар ҳали ҳам кетмагани, ошқозонида ҳам муаммо борлигини айтган. Қизча ўша пайт ҳам овқат емай, еганини ҳам «қайт қилгим келяпти, ичим оғрияпти», деяверган.

Шифокорларнинг айтишича, Умиданинг соғайиб кетишига ҳали умид бор — кўзлари узоқ вақт юмиқ турганига маълум бир суюқликлар қуриб қолиб, вақтинча кўрмай қолган; хотираси ҳам, ҳаракатлари ҳам вақт ўтиши билан қайта тикланишини таъкидлашяпти.

Қизалоқ 2024 йил август ойида яна бир реабилитация курсидан ўтиши керак эди, аммо йил тугаётган бўлса ҳам маблағ йўқлиги боис оила даволаниш учун Тошкентга кела олмаяпти.

«Ордер қилдирсак ҳам фақат ётиши текин бўлади, 10 кун давомидаги дори-дармон, муолажалар, озиқ-овқатлар учун ҳам пул керак. Оёғи учун оладиган бир кунлик массажининг ўзига 100 доллар тўлаш керак», — дейди онаси Назлимхон опа.

Салқин тушиши билан қизалоқнинг пешоб тутолмаслик ҳолати кучайган.

Алибек Ўктамов

Алибек Ўктамов 2018 йил 11 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Алибек шамоллаб қолгани боис отаси 2022 йил 10 декабрда дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади. Бола дорини 4 кун 2 млдан қабул қилади. Сиропни ичиб соғлиги ёмонлашгач, уни Нукус юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришади. Шифокорлар боланинг иккала буйраги ишламаётгани ҳақида айтгандан сўнг у зудлик билан Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб келинади.

Отаси Ферузбек Нураддиновнинг маълум қилишича, 21 декабрда комага тушган ўғли муолажалардан кейингина комадан чиқади. Алибекка ногиронлик гувоҳномаси берилган. У бугунги кунда гапиролмайди ва юролмайди.

Мансурбек Кемамов

док-1 макс, док-1 макс иши, компенсация

Мансурбек Кемамов 2018 йил 30 сентябрда Сирдарё вилоятида туғилган. Мансурбек «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди ҳукмида кўрсатилган жабрланувчилар рўйхатида йўқ эди. 2024 йилнинг январь ойида Мансурбекнинг ота-онаси фарзанди жабрланувчилар рўйхатига қўшиломаётгани бўйича мурожаат билан чиққан ва унинг матни «Газета.uz»да эълон қилинганди. 2024 йил 18 ноябрида жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчилар иши бўйича ярим йил давом этган жараён бўйича ҳукм чиқарди. Унда жабрланувчилар орасида Мансурбек ҳам бор. Унинг касаллик тарихи айнан шу ҳукм тафсилотлари асосида баён қилинади.

Мансурбек 2022 йилнинг тахминан 20 ноябрларда енгилроқ шамоллаб қолади. У ёзда ҳам шамоллаб қолган, ўшанда Сардоба туман поликлиникаси шифокори «Травамакс» ва «Док-1 Макс» сиропларини тавсия қилган. «Травамакс» ичирилганидан кейин эса тузалганди. Шунинг учун отаси ўғли бу гал шамоллаганида ҳам дорихонадан яна шу доридан олиб келмоқчи бўлади. Дорихоначи эса «Травамакс» йўқлигини айтиб, унинг ўрнига «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилади. Отаси Мансурбек 2021 йилнинг қишидаги шамоллашдан «Док-1 Макс» ичиб тузалганини эслаб, доридан олаверади.

Дорини сиропнинг ўзидаги ўлчагичли қопқоғида бир кунда икки-уч маҳал, икки ярим миллиграммдан қабул қилган Мансурбек сал яхшилангандек бўладию, кейин аҳволи яна оғирлашади. Қаттиқ шамоллаганга ўхшаб, бўғилиб, йўталиб, иситмалайди.

31 ноябрдан бошлаб, еганини қусавериб, умуман ҳеч нарса емай, фақат иситмалайди, ҳолсизланади ва ётоқланиб қолади. 1 декабрнинг оқшомидан то эрталабгача умуман пешоб чиқармайди. Сиймаётганидан хавотирланган ота-онаси уни 2 декабрь куни Сардоба туман тиббиёт бирлашмасидаги болалар шифокорига олиб боради. У ерда УЗИ қилиниб, боланинг буйраклари яхши ишлаётганини айтилади. Бола аввал ҳам грипп бўлганку, лекин нега олдин ҳозиргидек пешоб тутилиши ҳолати кузатилмаган — шифокор бу ҳолатни «бола қусганида сувсизланиб, ҳолсизланиб, уч кунлаб ҳам сиймаслиги мумкин»лиги билан изоҳлайди. Шунингдек, шамоллагани, кўпроқ суюқлик ичириш кераклигини айтиб, иккита сироп ёзиб беради.

Уйга қайтгач Мансурбек онаси берган товуқ шўрвани яна қайт қилади, кечаси иситмаси кўтарилади. Шифокор ёзиб берган сиропларни ҳали олишга улгуришмагани учун онаси унга яна «Док-1 Макс»дан ичиради. Аҳволи ёмонлашавергач, тиббиёт бирлашмасига қайтиб боришади. Шифокор: «Бу кеча шу ерда ётсин, эрталаб сариққа анализ оламиз, хирургга ҳам олиб тушинглар, сиймаётганининг сабабини у билиши керак», дейди.

Эртаси куни хирург текшириб кўриб бу унинг касали эмаслигини айтади, болани «детский»га чиқаради. «Детский»дагилар осма укол улаб, сийдиришини таъкидлайди. Аммо шунда ҳам боланинг пешоби келмайди. Аҳволида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганидан кейин йўлланма билан Гулистон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига олиб борилади. УЗИ қилиб, бошқа «анализ»ларни олган дўхтирлар боланинг аҳволи ўта оғирлиги, иккала буйраги ҳам ишламаётганини айтиб, уни реанимацияга олади.

Бир кун аввал Сардоба туман тиббиёт бирлашмасидагилардан боласининг иккала буйраги ҳам яхши деган гапни эшитган ота-онага бу сафар «Ёздан бери шунақа касаллар келяпти. Болаларда ковиднинг қандайдир оғир тури ўтяпти, ўзимиз ҳам тушунмаяпмиз. Очиғини айтаман, шунақа симптом билан келганларнинг тўрттачаси ўлди, соғ қолган иккитаси ҳам неврологик касал билан чиқиб кетди. Ҳамма нарсага тайёр туринглар», дея тушунтиради шифокорлар.

Пешингача ҳамма текширувлар қилинади. Вақт йўқотмаслик учун эртаси куни қилиниши бўлган диализни эртароқ бошлаш учун диализ қилувчи дўхтир ўша кечасиёқ илтимос қилиб чақирилади. Мансурбекнинг отаси Сафарали Мансуров касалхонада йўқ диализ аппаратини (ИМҲО балки катетер ҳақида гап кетаётгандир шу ерда) Гулистондаги дорихонадан бир амаллаб топиб келади.

«Афсуски, ўғлим „Док-1 Макс“ ёки „Амбронол“ сиропини ичгач, аҳволи оғирлашиб, Гулистондаги шифохонага борган ёлғиз бола эмасди. Биздан олдин бир жиззахлик бола келган экан, кейин боёвутлик бола келди. Умумий ҳисобда тўрт-беш бола ётдида. Ҳаммаси бирин-кетин жон берди. Фақат менинг фарзандимгина омон қолганди», — деб эслайди Мансурбекнинг онаси Феруза Мансурова.

Гулистондаги реанимацияда 45 кун ётиб, 20 дан ортиқ диализ олган Мансурбекнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашади. Саккиз кун деганда 30−50 миллиграммдан пешоби ажрала бошлайди. Пешоб келишни бошлаган пайти сийдириб туриш учун пастига катетерга ўхшаш мослама тиқилади. Уни ҳар куни алмаштириш керак бўлади. Феруза Мансурованинг эслашича, икки кунча алмаштириб турилганч, нимадир бўладию қон тиқилиб, пешоб чиқмай қолади. Кейин операция қилиб, қовуғини тешиб, шилангни қовуқдан ўрнатиб қўйишади. Уч-тўрт кун қон кетиб, бола яна оғирлашаверади. Қон нимадан кетаётганини билмаган шифокорлар ҳар куни қон тўхтатадиган укол-дориларни қилишда давом этаверади.

Бола умуман гапирмайди, кетма-кет олинган диализлар эса уни ҳолсиз ва карахт қилиб қўяди. Қон кетиши тўхтайди, аммо аҳволи янаям оғирлашиб, нафас олиши қийинлашаверади. Томоғи тешилиб, сунъий нафас олдирувчи аппаратлар уланади. Ўша куннинг оқшомида бир қон кетадию баттар оғирлашиб қолади. Бир ҳафта ўтса ҳамки ўнгланишидан дарак бўлмайди.

Ўша кунлари «Амбронол», «Док-1 Макс» ичиб, енгилроқ даража билан касалхонага келганларни Тошкентга жўнатаверишади. Икки-уч кун ўтиб, аҳволи бироз яхшиланганида уйидагилари уни ҳам Тошкентга олиб кетмоқчи бўлади. Шифокорлари «Болангиз йўлга ярамайди. Йўл учун ўзингиз жавоб берсангиз, олиб кетинг», деса ҳамки ота-онаси ўғлини даволай олишларига кўзи етмай, «кетамиз» деб туриб олади.

Ўшанда дадаси бош врач билан жанжаллашиб ҳам қолади. «Тошкентга ордерсиз борсангиз, бир кунга фалон пул тўлайсиз, ордер учун ариза қолдиринг», дейишади. Ордерни кутиш давомида эса боланинг томоғидаги сунъий нафас олдириш аппаратларини бир соатдан ечиб қўйилаётгани, ўзи мустақил нафас олаётгани айтилади.

Ордер аризадан бир ҳафта ўтиб, 13 январь куни тайёр бўлади — ўшанда ҳам Болалар миллий тиббиёт марказига эмас, САМПИга чиқади. Икки врач ва бир ҳамшира ҳамроҳлигида печкасиз реанимацион машинада Тошкентга йўл олинади.

САМПИдагилар томоғи, елкаси, оёқларига аппарат улаб ташланган, совуқда шунча йўл босиб келган болакайни кириш йўлагида қолдиради. Феруза Мансурованинг таъбири билан айтганда ўшанда уларни «онангга бор, отангга бор» қилишади. УЗИ қилиб, ҳали ҳам нефрит давом этаётгани, дори ичганларни қабул қилмасликларини айтишади.

«Ўзи бизга неврологик дўхтир кераклиги учун ҳам [гулистондагилар] САМПИга жўнатган экан. Улар эса қабул қилмай, Болалар миллий тиббиёт марказига олиб кетишимизни айтди. Сирдарёдан эрталаб чиқиб кетган бўлсак, 15:00 лар бўлибди ҳамки, ҳамон кўчада юрардик, болам эса ўша ҳолича САМПИ йўлагида ётарди», — дейди Мансурбекнинг онаси.

Шундан кейин улар миллий тиббиёт марказига боришади. У ерда боланинг аҳволи кўрган шифокорлар САМПИдаги «Реанимацияга ётқизиш керак» деган дўхтирлардан фарқли равишда «Бу реанимациядан чиққан бемор, неврологияга ётқизамиз, аммо пуллик», дейди. Ота-онаси бўлса пуллик бўлса ҳам қабул қилишларини илтимос қилиб, болани ўша ерда қолдиради.

Ўшанда ҳамма врачлар йиғилиб, Мансурбекнинг онасини чиқариб юборадида, отасига у ерда ордер билан ётишга 1,5 минг бола навбатда тургани, 10 млн сўм ташласа ўғлини қабул қилишини айтади. Ота соғлом фарзанди сироп ичгач шу ҳолга тушгани, у ордерни кутадиган аҳволда эмаслиги ва ёнида 3−4 млн сўмдан бошқа пули йўқлиги, борини 45 кун Гулистонда шприц, дори-дармонга сочганини тушунтиради.

«„Бўлмаса, қабул қилмаймиз“, дейишди. „Агар қабул қилмасаларинг, боламнинг аҳволи оғирлашса, мана шу касалхонани портлатаман! Ҳаммангнинг боланг бор, оқ либос кийиб юрибсан — шу аҳволда қандай қилиб чиқариб юборасанлар? Одаммисанлар, инсонмисанлар?“, деб ҳаммасига гапирдим. Шундан кейин улар ўзи ўзаро гаплашиб қолиб, мени ташқарига чиқариб юборди», — дейди Мансурбекнинг отаси Сафарали Мансуров.

Шундан кейин Сафарали Мансуров вазирликда ишлаган курсдошига қўнғироқ қилиб ҳолатни тушунтиргач, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бир рақам олади. Ўша одамга қўнғироқ қилиб «Боламни қабул қилмаяпти, ўзим камбағалман. Камбағал ўлиб кетаверадими, пули бор болнитсада ётаверадими, ака?» деб йиғлаганидан кейин «Ҳозир шошмай тур, болангни қабул қилади, қани ётқизмасинчи», деган жавобни олади. Вазирликдаги шахс билан телефонда гаплашганидан 5 дақиқа ўтар-ўтмай масала ҳал бўлади — ҳамма нарса тахт қилиниб, бола каравотга ётқизилади.

«„Болангизни ётқизмоқчи эдикку, сиз кимга телефон қилдингиз, ҳеч жойга телефон қилманг“, деб Болалар миллий тиббиёт марказининг каттаси менга ялиняпти. „Сизлар зўр келгандан кейин қараркансизларда. Боя одамни менсимаётгандиларинг, нега энди бирдан ўзгариб қолдиларинг?“, дедим. Вазирликдаги ўша инсон телефон қилгандан кейин ҳаммаси эътибор қилиб, қараб қолди. Ҳатто кимлигини ҳам билмайман, ким бўлса ҳам отасига минг раҳмат, барака топсин!», -дейди Сафарали Мансуров.

Ўша куни совуқда келганлари, қолаверса САМПИ коридорида соатлаб қолиб кетганлари ҳисобига Мансурбекнинг томоғида балғам қотиб қолади. Кечқурун ҳар хил томчи дориларни улаб ташлашади. Палатада ёлғиз онаси қолиб, кечаси врачлар ҳам кетишга тараддудланаётган пайтда Мансурбек нафас ололмай, кўкариб кетади.

Икки врач югуриб келиб, уни замбилда, реанимацияга олиб кетади. «Ўша пайт „болам кетди!“ деб ўйладим (йиғлаб юборади — таҳр.). Энди аҳволимни тасаввур қилаверинг. Ўша манзара кўз олдимдан ҳеч кетмайди. Зўрға дадасига телефон қилдим, қайтиб кирди. Ўзим ҳам тамом бўлгандим. Бирпасдан кейин ҳамшира қўлимга қонга ботган иштончани чиқариб берди (янада кучлироқ йиғлаб юборди — таҳр.). Борган сари ўғлимнинг аҳволи оғирлашганини билиб юрганим учунми, иштончасини кўриб, „ҳаммаси тамом!“, деб ўйладим. Ҳамшира: „Қўрқманг, қўрқманг, ҳеч нарса қилгани йўқ“, дедида чиқиб кетди», — эслайди онаси.

Бир ҳафтадан кейин томоғидаги трубкани амаллаб олишгач боланинг ўзи мустақил нафас олишни бошлайди. Миясидаги заҳарларни чиқариб юбориш учун ёшига қараб, млн-млн сўмлик дорилар қилинади. Дўхтир: «Худди телефоннинг хотираси ўчиб қайта тикланганидек, бу дорилар ҳам мияни ўчириб, хотирани қайта тиклайди», деб тушунтиргани сингари Мансурбек ўзига келганида кейин ҳеч нарсани эслолмайди. Гапирмайди, кўрмайди ва юрмайди ҳам.

Реанимациядан чиққач, Тошкентда яна 10 кун ётади. Аҳволи у даражада енгил бўлмасада, «кунларингиз тугади», деб чиқариб юборишади. 2 февралдан бир-икки гапира бошлайди. Пешоби ҳам 90−95 фоиз келади. Кўп ётавергач нафас йўлларида қўшимча касалликлар, қолаверса неврологик ҳасталиклар ҳам ҳам пайдо бўлади.

МРТ натижасига кўра, мияда сув кўп чиққани боис нейрохирург аниқ ташхис учун умуртқадан пункция олиши керак бўлади. Шифокор бу жараёнда баъзиларга ҳеч нарса қилмаса, бошқалар ногирон бўлиб қолиши ёки ўлиши мумкинлигини тушунтиради. Мансурбекнинг ота-онаси шунча қийналган боласи яна азоб чекмаслиги учун бу муолажани қилдирмасликка қарор қилиб, буёғига Худога таваккал қилади. Вақт ўтиши билан боланинг аҳволи аста-секин тикланади.

Шифохонадан чиқаётганларида дўхтирлар болага инфекция юқмаслиги кераклиги, уни алоҳида хонада парвариш қилишни тайинлангани учун ота-онаси Сирдарёга қайтиши билан Мансурбекни Гулистон шаҳар кўп тармоқли болалар шифохонасининг неврология бўлимига олиб боради. Аммо эски касалхонанинг палаталари икки-тўрт кишига мўлжаллангани учун илтимосга қарамай, уларга алоҳида хона берилмайди. Ёмон шароитда бола уёқ-буёқдан инфекция, грипп юқтириб олаверади.

Бир ҳафтада оғирлашиб, нафаси қисиб қолади. Томоғидаги трубкани олиб ташлашганида чандиқ бўлиб битган жойи сал шамоллашга шишиб, нафаси қисади. Кейин неврологиядан реанимация бўлимига ўтказилиб, у ерда бир ҳафта-ўн кун ётади — ўша пайтлар унинг кўзи ҳам кўрмасди.

Ҳаливери бу ердан кетишолмаслиги, уйда қолган тўрт қизининг ичикканини ўйлаб, ота-она шифохонанинг ёнидаги уйни ижарага олади. Фарзандлари, хусусан, Мансурбек билан 27 февраль куни ўша ерга кўчиб ўтишади. 10−15 кундан кейин эса яна Мансурбекнинг мазаси қочади.

Ҳадеб дори олаверганидан ичи «аптека» бўлиб кетган, аллергияси қўзиб, тошмалар чиққан, массаж олиб, оёғини энди сал-сал босаётган аммо ҳали кўзи кўрмайдиган бир пайтда Болалар миллий тиббиёт маркази учун ариза берилган ордер чиқади.

Боланинг организми уколдан чарчаганини таъкидлаган Болалар миллий тиббиёт марказидагилар укол қилмасликлари, бош мия учун ёзиб берилган сироплар, витаминларни ичишда давом этишини, ҳаракатнинг тикланиши учун эса кўпроқ массаж кераклигини тайинлайди.

Шифохонада бир ҳафта ётишганидан кейин МРТ натижасига кўра, Мансурбекнинг бошида ҳалиям сув, емирилиш борлиги аниқланади. Ҳаракати яхшиланиб кетса, ҳеч нарса қилмаслиги, лекин бир талваса бериб қолса, ўлиши ҳам ҳеч гапмаслиги айтилади. Уйда ҳам парваришни тўхтатмаслик, иммунитетни кўтариш, еб-ичишини яхшилаш ва грипп бўлишдан сақланиш тавсия қилиниб 4 апрелда уйга жавоб берилади.

«Шу пайтлар энди-энди 5−10 метрлик масофаларни кўра бошлаганди. Гапириб кетган, „Бу нима, бу нима?“, деб кўп сўрар, қўлидан ушласак, юришни бошлаганди. Худди янги туғилган чақалоқни катта қилгандек ҳамма нарсани қайтадан ўргата бошладик. Худога шукур, болам қайта туғилди!», — дейди Феруза Мансурова.

Уйга қайтишганида Мансурбек бошқа фарзандлардан грипп юқтириб олиб, яна Гулистондаги реанимацияда беш кунча даволанади. Май ва июнь ойларида пульмонология, кардиологияда — йўталиб, бўғилиб, нафаси қисгани учун ёз бўйи деярли ҳар ой, баъзан бир ойда икки марталаб турли бўлимларда даволанади. Августда яна шамоллаб қолади. Реанимациядаги дўхтирнинг ёзиб берган дориларини олгани дорихонага кирганида, уларни яхши таниб қолган сотувчи қиз Тошкентдан бир уролог келишини айтиб, унга ҳам кўрсатвоқишни тавсия қилади. Боланинг буйракларини текширган шифокор яллиғланиш, циститга ўхшаш нарса борлигини айтади. Безовта қилаётган йўталга қарши эса 1,5 млн сўмлик дори ёзиб беради. Аммо бир йилдан буён дори-дармон, дўхтирма-дўхтир даволаниб юрган оила учун 1,5 млн сўм арзимаган пул эмасди.

Мансурбекнинг ота-онаси «Док-1 Макс» иши ҳақида 2022 йилнинг 21 декабрида хабар топади. Сардоба туман прокуратурасига сиропнинг қолган қисмини топшириб, кўрсатма берганидан кейин Мансуровлар боласининг иши шу доридан ногирон бўлиб қолган болалар рўйхатига қўшилиши учун прокуратура, ДХХ ва судга қатнаб тоза сарсон бўлади. Ахийри,2024 йилнинг 18 ноябрида жиноят ишлари Учтепа туман судида кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчиларнинг «Док-1 Макс» иши бўйича ярим йил давом этган суд ҳукми эълон қилинади. Ҳукмдаги жабрланувчилар орасидан Мансурбек ҳам ўрин олган.

«Шу давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимига минг лаънат бўлсин. Доридан заҳар чиқишга чиқибди, бўладиган иш бўлибди, лекин шу соғлиқни сақлашдагилар одамларнинг пулига қарамай вақтида, керакли ёрдамни қилса бўлардику. Бойи бор, камбағали бор. Бойи бир амаллаб қаратгандир, камбағали ўлиб кетган. Кўзимнинг олдида нечтаси ҳалок бўлди. Ўша қишнинг чилласида қаердан пул топасиз?», — деган Сафарали Мансуров «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида.

Ҳозир бола юради, гапиради ва кўради ҳам. Лекин жуда ҳам асабий, аввалги воқеалар эсидан чиқиб кетган. Уни доимий равишда шифокорга кўрсатиб туриш, даволатиш ва парваришига алоҳида эътибор бериш керак. Аммо Феруза Мансурованинг айтишича, буёғига текширтириш, даволатиш ва муолажа қилдириш учун уларнинг шароити ҳам иложи ҳам — умуман ҳеч нарсаси қолмаган. Улар фарзандини даволатиш учун укасидан 8 минг доллар, танишларидан эса 150 миллион сўм қарз олган, 8 та моли, 20 та қўйи ва ҳаатто товуқларини ҳам сотишга мажбур бўлган.

«Аёллар дафтари»га турганим учун уч йил олдин паррандачилик бўйича кредит олгандим. Болам оғир бўлиб ётган кунлари: „Ҳозир бир сўм пулим йўқ, болам шу аҳволда, кредитимни тўхтатиб туринглар“, деб банкдагиларга ялиниб бордим. „Қандай аҳволда бўлса ҳам барибир кредит тўланиши керак, биз бунга аралашолмаймиз“, дейишди. Ўша ердаги бир қиз: „Майли, янга, мен бир ойга тўлаб тураман“, деб ёрдам қилди. Шу кредит ҳалигача тугагани йўқ. Ўша товуқларнинг ҳаммасини боламни даволатиш учун сотганмиз. Айтяпманку, ҳаттоки еяётган буғдойларимизгача сотдик», — дейди Феруза Мансурова.

Элнур Рўзиев

док-1 макс, док-1 макс иши, компенсация

Элнур Рўзиев 2018 йил 16 апрелда Сурхондарё вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Элнур 2022 йил декабри бошида шамоллаб қолади. Шунинг учун отаси 16 декабрда «Док-1 Макс» сиропини олиб келади. Дорини уч кун уч маҳалдан қабул қилган болакай тўртинчи кунга келиб пешоб чиқармай қўяди. Шундан кейин уни Музработ туманидаги касалхонага олиб боришади. У ерда аҳволи яхшиланмагач, 20 декабрда Термиздаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боришади. Текширувдан кейин дўхтирлар ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўяди.

Онаси Дилором Саидованинг айтишича, ўғли 21 декабрда Тошкентдаги РШТЁИМга олиб келинган. Касалхонага ўша вақтдаги соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов келганида, ундан ўғлини Болалар миллий тиббиёт марказига ўтказишни илтимос қилган. Элнур 1 январдан даволанишни Болалар миллий тиббиёт марказида давом эттирган.

Ҳозир Элнурнинг аҳволи яхши, лекин оғзида қийшайишлари бор.

Азизбек Якубов

Азизбек Якубов 2018 йил 1 январда Навоий вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Азизбек шамоллаб қолгани боис отаси уни Карманадаги 1-оилавий поликлиникага олиб боради. Шифокор текшириб, «Амброксол» (ёки «Амбронол») дорисини тавсия қилади. Дорини ичгач, Азизбек қайт қилиб, пешоб ажратмай қўяди. Кармана туман касалхонасига олиб борилганида, боланинг буйраги ишламаётгани маълум бўлади.

Унга Навоий вилоят тез ёрдам касалхонасига йўлланма берилади. Реанимацияда ётганининг бешинчи куни Азизбек шишиб кетади. Шундан сўнг уни Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб келишади. Бу икки марта диализ қилингач, яна пешоб кела бошлайди.

Отаси Зойир Ҳикматовнинг сўзларига кўра, ушбу ҳодиса оқибатида Азизбек буйрак хасталгини орттириб олган.

Шерзод Маҳмуджонов

док-1 макс, док-1 макс иши, компенсация

Шерзод Маҳмуджонов 2017 йил 11 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи суд ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Шерзод 2022 йилнинг 15 декабрида боғчадан касал бўлиб келади. Шундан кейин онаси Соҳиба Бобожонова дорихонадан ҳеч кимнинг тавсиясисиз «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади. Дорини ичгач, 17 декабрь кечаси Шерзоднинг мазаси бўлмай, қайт қила бошлайди. Онаси хавотирга тушиб, 23 декабргача ўғлига осма укол қуйдиради.

Боланинг буйраги ишламаётгани УТТдан кейин маълум бўлгач, уни РШТЁИМ Нукус филиалига боришади. Бу вақтга келиб бу ерда Шерзод каби доридан заҳарланиб, оғир аҳволга ётган болалар кўп эди. Шерзодга ҳам катетер уланади. Аммо у 27 декабрда комага тушиб қолади.

Шерзод 2023 йил 3 январь куни Болалар миллий тиббиёт марказига олиб борилган. Тегишли муолажалардан кейин бола ўзига келган. Аммо у ҳозир барибир оёқларини яхши боса олмайди, узоқни яхши кўролмайди.

Ҳаётхон Исмоилова

Ҳаётхон Исмоилова 2017 йил 16 январда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Фотима Ҳайитбоева қизи Ҳаётхон шамоллаб қолгани боис унга «Док-1 Макс» сиропини 3 маҳалдан ичиради. ОАВда «Док-1 Макс» дорисидан заҳарланишга доир хабарлар пайдо бўлгач, шифохонага мурожаат қилади.

Онасининг маълум қилишича, Ҳаётхон ҳозир ўзи юради ва кўриш қобилияти ҳам яхши.

Муслима Зиёбоева

Муслима Зиёбоева 2016 йил 22 августда Жиззах вилоятида туғилган. У «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди ҳукмида кўрсатилган жабрланувчилар рўйхатида йўқ эди. 2024 йил 18 ноябрда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман суди доридан заҳарланиш билан кейинроқ мурожаат қилган жабрланувчилар иши бўйича ярим йил давом этган суд ҳукмини эълон қилди. Ҳукмдаги жабрланувчилар орасида Муслима ҳам бор. Унинг касаллик тарихи ҳукмдаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил декабрь ойида Муслиманинг томоғи оғриб қолади. Отаси уни шифокорга олиб боради, шифокор ёзиб берган кўрсатма асосида онаси унга «Док-1 Макс» сиропини 1 кунда 3 маҳал бир қошиқдан (дорининг қошиғида) ичиради.

Шундан кейин қизчанинг буйраги ишламай қолади. Эрталаб пешоб чиқармай қўйгач, Муслимани яна шифохонага олиб боришади. Дўхтирлар уни текшириб, Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига юборади. Муслима Жиззахдан Тошкентга тез тиббий ёрдам машинасида олиб кетилаётган пайти, йўлда комага тушади ва 7 кун деганда комадан чиқади.

У бир муддат Болалар миллий тиббиёт марказида даволанади. Ҳозир 8 ёшли Муслима биринчи гуруҳ ногирони — ўрнидан туролмайди, юролмайди, гапиролмайди. Унинг даволанишига ҳар ой 10 млн сўмдан кўпроқ пул сарфланади, 2024 йил ноябригача умумий даволаниш харажатлари 1 млрд сўмга етган.

Миромон Тангиров

док-1 макс, док-1 макс иши, компенсация

Миромон Тангиров 2020 йил 20 январда Сирдарё вилояти Сардоба туманида туғилган. Унинг касаллик тарихи онаси Саодат Маткаримованинг 2024 йил 9 майда «Газета.uz»га берган интервьюси асосида баён қилинади.

Миромон 2022 йил 17−18 декабрларида боғчадан иситмалаб келади. Онаси боланинг касаллиги кучайиб кетмаслиги учун уйи ёнидаги қишлоқ врачлик пункти (ҚВП)га олиб чиқади. Шифокор «Док-1 Макс» сиропини ёзиб бериб, беш кун ичиришини буюради.

Дори ичишнинг 4-кунига келиб ҳам боланинг аҳволи яхшиланиш ўрнига орқага кетаверади. Миромон қўлини қимирлатмай, тепага қараб ётар, аясини чақиришга ҳам ҳолсиз, фақат банан еб, қатиқ ичиб, бошқа еган нарсаларини қайт қилиб ташлайверган. Кечқурунлари ҳожатга чиқишини айтиб онасини уйғотадиган одатини тарк этганидан кейингина Саодат опа ўғлининг сиймаётгани пайқаб қолган.

Кейинги кун яна ҚВП шифокорига бориб, аҳволи яхшиланмаётганини айтишади. Шифокор беш кунлик муолажага цефтриаксон ёзиб беради. Ўғли уколнинг учинчи кунлигини олгандан кейин, тахмиман, 22 ёки 23 декабрда Саодат опа Telegramʼдан «Док-1 Макс» сиропидан болалар заҳарланаётгани ҳақидаги хабарларни ўқиб қолади. Дарров поликлиникага олиб чиқади, аммо врач у ерда бўлмайди, ҳамширалар эса бирор тавсия учун ваколати йўқлигини айтади. Уйга қайтиб кетишгач, Саодат опа доридан бир нечта болалар ўлгани ҳақида ўқиб, дарров қайнонасига телефон қилади. Болани Гулистондаги касалхонага олиб кетишади.

Унга «Док-1 Макс» ичиргани, икки кундан бери сиймаётгани, ҳеч нарса емай, ҳоли йўқлигини айтгач, врачлар шифохонада ётиши кераклигини айтади. Миромоннинг дадаси хоҳламагани учун Сардоба туман марказининг болалар бўлимига йўлланма олиб, 26 декабрь куни шу ерга боришади. УТТда буйракларининг икки томони қоп-қора бўлиб чиқади. Эртаси куни тонгда қон, сийдик анализлари топширишади. 10:30 да таҳлил жавоблари чиққач, шифокорлар боланинг аҳволи ёмонлигини айтиб, тез ёрдам машинасида Гулистон шаҳрига юборади. Миромон Гулистонда қайта таҳлиллардан ўтказилиб, тезда реанимацияга олинади. Худди шу вақтда диализ қилиш ҳам бошланади.

«Биз келишимиздан олдин қўшни совхоздан бир бола келган экан. Аппаратда ётганди. Ҳеч ким хабар олгани йўқ, на ҳокимият, на республикадан биров келмади. Заҳарланишми деб сўрасам, реанимациядаги врач ҳали сабабини билмаслигини айтди. Бу ёқда 10 дан ортиқ бола ўлим билан олишиб ётган экан. 22 декабрь куни шу дори тақиқланди ҳам. Телефонларга хабар ҳам келди. Сирдарёнинг бош шифокори шу дорини ичган 10 боладан фақат биттаси тирик кетганини ҳам айтди. Октябрь, ноябрда ҳам ичган болалар бор экан. Врачлар тўғрисини айтиш учун кимдан қўрққан? Ишидан айрилишданми ёки дорининг орқасида каттароқ мафия бўлганми, тушунмайман-да. Агар вақтида айтишганида, дори сотилиши эртароқ тўхталиб, шунча боланинг қурбон бўлиши олди олинарди «, — дейди боланинг онаси.

Фарзандининг аҳволидан хавотир олган Саодат опа YouTube’даги «Dalil.uz» канали рақамини топиб, телефон қилиб, ёрдам сўрайди. Канал вакили опадан ўз мурожаатини видеога олиб, ташлаб беришни сўрайди.

«Ишонсангиз, мегабайтим ҳам йўқ эди. Ўзи ойлигим 560 минг сўмгина, бу йил 600 минг сўм бўлди. Мегабайтим йўқлигини, шундоқлигича ёрдам беришини сўрадим. Шу канал вакили айтганми ёки тепадан буйруқ бўлганми, билмадим, Тошкентдан бирдан беш врач келди. Ҳокимликдан 1 млн сўм ташлаб беришди», — дейди Саодат опа.

Бола Гулистонда бир неча кун ётгач, онаси Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига олиб боришни сўрайди. Шифокорлар йўлда бирор кор-ҳол бўлса, жавобгарликни ўз зиммаларига олмасликларини айтгач, яна ўша ерда қолишга мажбур бўлишади. 8-куни Тошкентга боришга рухсат берилади.

«Вазирликдан буйруқ келдими ёки ўзлари боламнинг аҳволидан қўрқдими, рухсат бериб, бораверишимизни, ордерни орқамиздан жўнатиб юборишларини айтишди», — деб эслайди она. Миллий марказда бир кун ётишади, аммо уларнинг орқасидан юборилиши керак бўлган ордердан дарак бўлмайди. Бир кунлик ётиш харажатларини аввалроқ ҳокимиятдан ташлаб берилган 1 миллион сўм билан тўлашади. Таҳлилларда креатин миқдори нисбатан яхши чиққани учун болани яна Сирдарёга қайтариб юборишади.

Гулистондаги тез ёрдам шифохонасига икки кун ётгач, дўхтирлар қўшимча вируслар юқиб қолмаслиги учун болани уйига жавоб беради. Уйда Миромоннинг иситмаси 37−38 даражадан тушмайди. Аввал ўзларининг туманидаги тез ёрдамга чиқишади, у ердан Гулистондаги болалар касалхонасига боришади.

Гулистондаги касалхонада умуман жой бўлмагани учун Миромонни реанимацияга ётқизишади. Икки кун ҳар хил касаллар билан бир палатада ётиб, сўнг юқумли касалликларга чалинганлар ундан ҳам кўп бўлган пульмонология бўлимига ўтишади. У ерда ҳам икки кун ётгач, шифокорлар Саодат опага: «Болангиз яхши томонга ўзгаряпти, бу ерда яна ёндош касалликларни ҳам юқтириб олмасин, фақат еб-ичишини яхши қилинглар», деб уйга жавоб бериб юборди.

Турмуш ўртоғининг ҳам доимий иши бўлмагани боис, боланинг озиқланишидан хавотирга тушган Саодат опа бола пули расмийлаштиришга ҳаракат қилади. Ҳужжатларни аранг тўғрилаганида, эрининг номида 50 сотих ер борлиги учун бола пули ҳам бекор бўлади. 2024 йилнинг май ойида ногиронлик нафақаси учун ариза топшириб, Миромонга нафақа чиқаришган.

2024 йилнинг май ойидан бошлаб Миромон юришни, аста-секин югуришни ҳам бошлаган. Саодат опа ҳозир боласининг аҳволи нисбатан яхшиланганини, аммо иммунитети паст, қони кам эканини маълум қилди.

«Ҳозир яхши кўрингани билан заҳар қаерига қандай таъсир қилганини ҳеч ким билмайди. Ўғил бола бўлса, эртага уйланса, фарзандли бўлиб кетармикан, деб ўйланаман. Буйрагини текширтиришим керак. Икки йил бўлди, биров келиб, қайта текширувга олиб бориш учун ёрдам ҳам қилмади. Маошимдан орттириб, ўтган йили май ойида креатинини текширтиргандим — 74 чиқди, яхши дейишди. Фақат қони кам, иммунитети паст деб сироплар ёзиб берди. Унинг ҳам биттасини олдим, иккинчисини олишга қурбим етмади», — дейди Саодат опа.

Саодат опа 36 ёшида турмушга чиқиб, ўғли Миромонни 38 ёшида, кесарча кесиш йўли билан дунёга келтирган. Шунинг учун у боласининг ҳаётини сақлаб қолиш учун имкони борича ҳаракат қилган. Бу йўлда соғлиғини йўқотган, асабий, юрак ўйноқи бўлиб қолган. Тошкентга бориб текширтирса-да, даволанса ҳам тузалмаётганини айтади. «Бир куни якшанбада ишга борибман. Ҳам кулгим келди, ҳам хўрлигим… Худога шукр, ҳалиям шунчалик боламни қайтариб берди. Қанча бола операция бўлди, қанчаси ногирон бўлиб қолди ахир», — дейди Саодат опа.

Миромоннинг онаси интервью сўнгида давлатдан «Док-1 Макс» туфайли саломатлигига жиддий зиён етган, ногирон бўлиб қолган болалар учун бепул текширувлар ва даво муолажалари йўлга қўйилишини сўради.

Ушбу материал устида Зиёда Рамазонова, Гулираъно Мусаева, Миролим Исажонов, Маъмуржон Обраҳматов, Муҳрим Аъзамхўжаев, Шаҳзод Ҳабибуллаев ишлади. «Газета.uz»нинг «Док-1 Макс» ишига доир материаллари устида, шунингдек, Шоҳрух Ҳайдаров, Элшод Салимов, Мадина Аъзам ҳам меҳнат қилган.